“Хизмат вақтида уяли алоқа воситасини олиб юриш тақиқланади!” – ЙПХ ходимлари раҳбариятнинг янги талабидан норози
Қайд этилишича, текширув чоғида ёнидан телефон топилган ходимлар ишдан бўшатилади.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги Департаменти бошлиғи полковник Бекмурод Абдуллаев томонидан ўтказилган йиғилишда республикадаги барча йўл-патрул хизмати ходимларининг хизмат фаолияти даврида шахсий телефонидан (уяли алоқа воситаси) фойдаланишини тақиқлаш ҳақида кўрсатма берилган.
Унга кўра, ЙПХ ходимлари ҳар куни эрталабки йўриқнома чоғида шахсий қўл телефонларини топшириб, хизматга телефонсиз чиқишлари ҳамда хизмат вақтида телефондан фойдаланмасликлари талаб этилмоқда.
Бундан ташқари, ходимларнинг ҳаракат иштирокчилари телефонига жавоб беришлари ҳам тақиқланган (аслида бу талаб азалдан мавжуд). Қуйи тизим раҳбарларидан ходимларга ушбу кўрсатмага риоя қилишларини қатъий назоратга олиш сўралмоқда.
Йиғилишда таъкидланишича, вазир ўринбосарининг янги топшириғи ижросини вазирликнинг махсус текширув гуруҳи мунтазам ўрганиб боради. Ходимлар текширув чоғида кимнинг ёнидан телефон топилса у лавозимдан озод этилишидан огоҳлантирилган.
Жойларда аллақачон ушбу кўрсатмага мувофиқ хизматолди йўриқнома (развод) пайтида йўл-патруль хизмати ходимларидан телефонлар йиғиб олинган.
Бироқ раҳбариятнинг янги талаби кўпчилик ходимларда норозилик уйғотган.
“Ходимларнинг ҳам оиласи бор. Ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Кимнингдир уйида кекса ота-онаси бор. Кимнингдир аёли ҳомиладор, кимнингдир боласи касал бўлиши мумкин. Уйдагиларига қандайдир ёрдам зарур бўлиб қолса, у билан қандай боғланишади? Наҳотки раҳбарлар бирор нарсани талаб қилишдан олдин оқибатини ўйлашмайди. Нима, шахсий ҳаётимиз бўлиши мумкин эмасми?” дейди Kun.uz билан боғланган, исми сир қолишини сўраган ходимлардан бири.
“Нимага бошқа давлат хизматчиларига шахсий телефондан фойдаланиш мумкин-у ЙПХ ходимларига мумкинмас? Талаб ҳаммага бир хил бўлиши керак эмасми? Ўша Бекмуродов ҳам, вазирликдагилар ҳам, ҳукуматдагилар ҳам телефонсиз ишлашармикин? Ёзда жазирамада, қишда қаҳратонда хизмат қиламиз. Ғинг демаймиз, чунки бу касбни ўзимиз танлаганмиз. Бунчаликмас-да энди. Телефон коррупцион ҳаракатларга асос бўлаётган деб ҳисоблашса, бодикамераларимиз бор, назоратини таъминлашсин, ҳар куни синчиклаб кўриб чиқишсин. Қайсидир каттаконнинг машинасини қоида бузгани учун тўхтатиб қўйсак, телефонга жавоб бермасак ҳам у юқори турувчиларимизга чиқади ва бизга рациядан “Қўйиб юбор!” деган топшириқ келади ва бўйсунишга мажбур бўламиз. Агар тизимни тозалашмоқчи бўлса шу каби ҳолатларга чек қўйишсин, абсурд қарорлар қабул қилишнинг ўрнига”, дейди бошқа бир ходим.
Kun.uz ҳолат юзасидан ИИББ ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Азиз Муродовдан изоҳ олишга уринди. Бироқ у қўнғироқларга жавоб бермади.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг ишонтиришича, ходимлардан шахсий телефонларини йиғиб олиш ҳақида кўрсатма бўлмаган.
“Ходимларнинг шахсий телефонларини йиғиб олиш бўйича кўрсатма бўлмаган, фақат бегона одамлар ёки хайдовчиларнинг телефонига жавоб беришга барҳам бериш қатъий назоратга олингани уқтирилган. Йўриқнома чоғида ходимлардан телефонлар йиғиб олинганига келсак, бу "салла деса калла олиб келадиган" айрим раҳбарларнинг шахсий ташаббуси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар ўрганилади”, дейди Шоҳрух Ғиёсов.
Мулозимнинг қўшимча қилишича, журналистларга хозиржавоб бўлиши тўғридан-тўғри вазифаси ҳисобланган ЙХҲХ матбуот котибининг ҳаракатини ҳам ўрганилади, агар қўнғироққа жавоб бермаганига объектив сабаб келтира олмаса, унга интизомий жазо берилади.
Мавзуга оид
20:46 / 14.09.2024
Англиядаги мактабларда телефондан фойдаланиш тақиқланмоқда
12:08 / 12.09.2024
Сурхондарёда инспекторни ҳақоратлаб, погонини юлган майорга танбеҳ берилди
11:20 / 10.09.2024
«Мана қизил чироқда ўтган иплос шўпир, шуни қарғанглар» — Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи
08:50 / 27.08.2024