Ўзбекистон | 15:13 / 16.09.2021
12530
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга етиб борди

Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келди.

Давлат раҳбарини Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

17 сентябрь куни бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири. 2001 йилда тузилган мазкур ташкилотга бугунги кунда саккизта мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Ўтган 20 йилда ташкилот халқаро доирада нуфузли тузилмага айланди. Бугун ШҲТ макони дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, бой табиий ресурслар, илғор технологиялар ва улкан истеъмол бозорига эга.

Ўзбекистон ШҲТга савдо-иқтисодиёт, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавф-хатарлар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг муҳим воситаси сифатида қарайди.  

Мамлакат ташкилот доирасидаги ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуслари ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва натижадорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Президент бугуннинг ўзида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Покистон бош вазири Имрон Хон билан учрашувлар ўтказади.

Мавзуга оид