Ўзбекистон | 19:46 / 29.11.2022
15692
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Андижон сув омбори бўйича келишувни ратификация қилди

Андижон сув омбори сув ресурслари Қирғизистон ва Ўзбекистон қўшма комиссияси томонидан бошқарилади.

Андижон сув омбори / Фото: Kun.uz

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2022 йил 3 ноябрда Бишкекда имзоланган Кампиробод (Андижон) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжатда 3 ноябр куни Бишкекда имзоланган Кампиробод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги икки давлат ўртасидаги келишувни ратификация қилиш таклиф этилган.

«Шартнома Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимга мувофиқ тайёрланган. Унинг мақсади қўшма комиссия томонидан сув омбори сув ресурсларини бошқаришдир», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бу қонун билан сув омбори жойлашган ҳудуд Ўзбекистонга тегишли экани ҳақидаги баҳсларга барҳам берилади, омбор икки давлат томонидан ҳамкорликда бошқарилади.

Жапаров шу куни ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг 302,29 км узунликдаги участкаларига доир шартномани ратификация қилиш бўйича қонунни ҳам имзолади.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов чегара битими тафсилотларини маълум қилган эди.

Мавзуга оид