Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Жаримаси катта бўлади” – солиқ раиси ЯТТ шаклида чек бераётган кафеларни огоҳлантирди
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов умумий овқатланиш соҳасида айрим тадбиркорлар ҚҚС тўламаслик учун мижозларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида чек бераётганини айтди. “Буни кўриб-билиб турибмиз. Эртага текшириш борса, хафа бўласизлар. Илтимос, қонуний ишланглар”, деди у.
Фаррух Пўлатов (чапда) Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳрида 419 та умумий овқатланиш шохобчаси солиқдан қочиш мақсадида ўз номидан (юридик шахс номидан) эмас, якка тартибдаги тадбиркор номидан мижозларга чек бериб келмоқда. Бу ҳақда 21 апрел кунги очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов маълум қилди.
“Ҳозирнинг ўзида Тошкент шаҳрида 419 та умумий овқатланиш жойлари – якка тартибдаги тадбиркорлар. Улар ўзига ёки ходимига ЯТТ очиб, касса чекларини ўша ЯТТдан беряпти. Биз буларни кўриб, билиб турибмиз ҳаммасини. Ўз корхонасидан кирим-чиқим қилмаяпти-да, чекини ЯТТдан беряпти. ҚҚС тўламаслик учун бизнесини бўляпти”, – деди у.
Бош солиқчи тадбиркорлардан бундай амалиётга чек қўйишни сўради.
“Шунинг учун сизлардан илтимос, бунақа нарса қилманглар. Буни кўриб, билиб турибмиз ҳамма жойда. Эртага текшириш борса, хафа бўласизлар. Илтимос, қонуний ишланглар. Ҳозир олдингидек эмас – ҳеч кимда нақд пул муаммоси йўқ. Касса чекини бермаса, тушумни яшириш учун бизнесни бўляпти. Шу билан бирга, ЯТТ очиб олиб унинг номидан чек бериб ўтирибди”, – деди Пўлатов.
Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатлар аниқланган субъектларга нисбатан дастлаб огоҳлантириш берилади, аммо қонунбузарлик давом этса, жиддий жарималар қўлланади:
“Биринчи огоҳлантириш берилади, кейин агар эшитмаса, жаримаси катта бўлади”, – деди у.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бундай амалиётни қўллаётган тадбиркорлар билан алоҳида ишлашга тайёрлигини билдирди.
“419 танинг рўйхатини бизга берсангиз, ўзимиз бу ерга чақириб, бундай қилмаслик кераклигини тушунтирамиз. Масалан, Деҳқонободда рўйхатдан ўтган тадбиркор Чорсуда ўтириб савдо қилаётган ҳолатлар ҳам бор”, – деди у.
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев ҳам айрим тадбиркорлар ўз даромадларини яширишга уринаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар шу залда ўтирган, очиқ мулоқотда савол бераётган тадбиркорлар орасида ҳам бор.
“Ҳозир мана шу жойда ҳам, кимлигини айтиб ўтирмайман, савол берган тадбиркорларимизнинг ўзи ҳам 1,3 млн сўм ойлик ҳисоблаб, бир кишини кўрсатиб юрганлар бор-да ичимизда. Ҳозир шуни очиб, кўрсатмоқчи ҳам бўлишди, лекин кейин бундай қилмаслик тўғри бўлади, деган қарорга келишди. Хуллас, биз сизга (ССПга – таҳр.) ўша тадбиркорларнинг рўйхатини тақдим этамиз”, – деди Абдиев.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра 90 дан ортиқ фаолият тури билан ЯТТ сифатида шуғулланиш мумкин, лекин улар орасида умумий овқатланиш соҳаси (кафе, ошхона, ресторан бизнеси) кўрсатилмаган.
Мавзуга оид
19:59 / 23.04.2026
“ҚҚСни осон қайтариб олиш таъминланмаса, ставкани 6 фоизга туширишни таклиф қиламиз” – Даврон Ваҳобов
11:33 / 23.04.2026
Нақдсиз савдо бўйича янги талаблар юмшатилиши мумкин
21:54 / 21.04.2026
“Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак” - маданият вазири
11:47 / 09.04.2026