Иқтисодиёт | 19:59
1005
4 дақиқада ўқилади

“ҚҚСни осон қайтариб олиш таъминланмаса, ставкани 6 фоизга туширишни таклиф қиламиз” – Даврон Ваҳобов

Савдо-саноат палатаси ҚҚСга ўтиш чегарасини оширишни қўллаб-қувватламайди, лекин уни осон ва тез қайтариб олиш таъминланиши керак, деб ҳисоблайди. “Президентимиз ўтказган катта йиғилишларда ҚҚСни осон қайтариш масаласи кўтарилган эди, аммо амалиётда ҳали тўлиқ ишламаяпти. Шу сабабли яна таклиф киритамиз: ё ҚҚСни қайтаришни тубдан соддалаштириш, ёки ҚҚС ставкасини пасайтириш керак”, деди ССП раиси.

Фото: Савдо-саноат палатаси

21 апрел куни умумий овқатланиш ва гастрономия соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Навоий вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири нархлар ошиб бораётгани фонида қўшилган қиймат солиғига ўтиш мезонини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Унинг айтишича, сўнгги пайтларда нархлар ошгани сабабли корхоналарнинг айланмаси ҳам юқорилаб боряпти. Бу эса кўплаб кичик бизнес субъектларини ҚҚС тўловчисига айланиш чегарасига олиб келиб қўйяпти

“Нархлар ошяпти, айланма ҳам шунга яраша ошиб кетяпти. Шу сабабли ҚҚСга ўтиш критериясини ошириш керак”, – деди тадбиркор.

Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси белгиланган чегарадан (ҳозирда 1 млрд сўм) ошган тадбиркорлар мажбурий тарзда ҚҚС тўловчисига айланади (унгача айланмадан олинадиган солиқ амал қилади). ҚҚС – бу маҳсулот ёки хизмат қийматига қўшиладиган билвосита солиқ бўлиб, ҳозирги ставкаси 12 фоизни ташкил этади. Тадбиркорлар бу солиқни истеъмолчидан ундиришади, бироқ айрим ҳолатларда олдиндан тўланган ҚҚСни қайтариб олиш (зачет) механизми мавжуд.

Саволга жавобан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҚҚС мезонини ошириш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу чора муаммони енгиллаштириш ўрнига янада мураккаблаштириши мумкин.

“Критерияни ошириш масаласи аслида вазиятни янада қийинлаштириши мумкин. Шу сабабли тадбиркорлар томонидан бошқа муқобил таклиф илгари сурилган эди, яъни айланмадан 6 фоизлик солиқ жорий этиш ва ҚҚС мезонига тегмаслик. Яъни корхона 10 млрд ёки 100 млрд сўм айланма қиладими – фарқи йўқ, оддий тартибда айланмадан 6 фоиз тўлаб ишлайверади деган ёндашув таклиф қилинган”, – деди у.

Ваҳобовнинг айтишича, бу таклиф ҳукумат даражасида муҳокама қилинган, бироқ якунда бошқа механизм илгари сурилган.

“Биз бу таклифни ҳукуматга олиб чиққанимизда 6 фоизлик моделни жорий қилиш ўрнига мавжуд 12 фоизлик ҚҚСдан маълум қисмини қайтариш механизмини такомиллаштириш вариантини таклиф қилдик. Яъни ҚҚСнинг 40–50 фоизини осон ва тез қайтариб бериш тизимини яратиш масаласи кўтарилди”, – деди ССП раиси.

Унинг таъкидлашича, агар ҚҚСни қайтариб олиш механизми ҳақиқатан ҳам содда ва тез ишлайдиган бўлса, тадбиркорлар учун анча қулайлик яратилади.

Шу билан бирга, у ҳозирги амалиётда ҚҚСни қайтариш жараёни кутилган даражада самарали ишламаётганини ҳам эътироф этди.

“Президентимиз томонидан ўтказилган катта йиғилишларда ҚҚСни осон қайтариш масаласи кўтарилган эди. Аммо амалиётда бу механизм ҳали тўлиқ ишламаяпти. Шу сабабли биз яна таклиф киритамиз: ёки ҚҚСни қайтариш тизимини тубдан соддалаштириш керак, ёки муқобил равишда ҚҚС ставкасини пасайтириш, масалан, 6 фоизлик моделни жорий этиш масаласини кўриб чиқиш зарур”, – деди Ваҳобов.

Унинг қўшимча қилишича, ҚҚС мезонини ошириш ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас, чунки иқтисодиётда ҚҚС занжири кенг қамровли бўлиб, у кўплаб соҳаларни қамраб олади, жумладан, умумий овқатланиш секторини ҳам.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид