Жамият | 11:14 / 09.08.2020
12153
9 дақиқада ўқилади

Танловдан олинган ер: Оқдарёда тадбиркор 4 йилдан буён кутмоқда, низом бузилган, ҳокимлик ўз даъвосини ўзгартирган

Самарқанд шаҳридан Улуғбек Мансуров тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ер олиш учун бундан тўрт йил муқаддам танловда қатнашгани ва ўша танлов қолдирилгани юзасидан мурожаат қилди. У ҳануз танлов ўтказилишини кутяпти ва Оқдарё туманида ўз лойиҳасини амалга оширмоқчи.

Очиғи, Улуғбек Мансуров тақдим этган ҳужжатлар, ёзишмалар китоб бўлади. Ушбу мавзу соҳага тегишли деярли барча ташкилотларда кўтарилган, муҳокама қилинган.

У.Мансуров тадбиркорлик қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрига яқин ҳудуддан бўш турган ер олиб, аҳолига хизмат кўрсатишни режалаштиради. Шу мақсадда «BIZNES DAILY» газетасининг 2016 йил 23 апрель сонида эълон қилинган танловда қатнашмоқчи бўлади. Газетанинг ўша сонида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори ва Самарқанд вилоят ҳокимининг 2016 йил 11 апрелдаги 03/2-2-506-сонли хатига асосан Оқдарё тумани «Бошдархон» маҳалласида ҳар бири 64 квадрат метр бўлган 5та бўш майдон қўйилган эди. Танлов шартларига кўра, бу майдонларда дорихона, компьютер хизмати, хўжалик моллари, озиқ-овқат савдо дўконлари ҳамда гўзаллик салони қурилиши керак эди.

Тадбиркор ўз лойиҳаси ва ҳужжатларини танловда қатнашиш учун «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖ Самарқанд вилояти филиалига тақдим қилади ва шартнома тузилади. Очиқ танлов 2016 йилнинг 9 июнь куни Ёшлар маркази биносида ўтказилиши белгиланади. Танлов бошланиб, айнан У.Мансуров қатнашаётган ер майдонларига навбат етганда, ўзини «BAHS» газетаси мухбири деб таништирган Садриддин Қосимов келиб, танлов комиссиясига ариза ёзади, натижада, Оқдарё тумани «Бошдархон» маҳалласидаги ер участкаси савдодан олинади.

Мана, орадан тўрт йил ўтса-да, ушбу жой баҳсли. Улуғбек Мансуров ер қонуний танлов асосида тадбиркорга берилишини талаб қилиб келяпти. Шу мақсадда Сенат, Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, суд ва қатор вазирликларга мурожаат қилган. Ўз навбатида, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, танловнинг ўтказилишини тўхтата олган Садриддин Қосимов ҳам ўша ерга даъво қилиб келади. Боз устига, ўтган фурсатлар ичида С.Қосимов ўша ерда аллақачон қурилиш бошлаб юборган.

С.Қосимов қайси ҳужжатларга асосан ерга эгаликни даъво қилаётгани ва қурилиш бошлагани билан қизиқдик.

Садриддин Қосимов ҳам ўнлаб ташкилотларга хат ёзган ва жавоб олган. Унинг қўлидаги ҳужжатлар ичида энг муҳим деб билингани — Оқдарё туман ҳокимининг 2017 йил 5 декабрдаги қарори. Қарорда С.Қосимовга Қирқдархон қишлоғида жойлашган собиқ хотира майдонини реконструкция қилиш ҳамда тарихий музей ва кутубхона бинолари қуришга рухсат берилгани баён этилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Оқдарё туман ҳокимлигининг бу қарори ғалати: нега ўша ер бир йил аввал тендерга қўйилган ва айнан ҳокимликнинг ўзи С.Қосимовга ноқонуний қурилишни бузишини сўраб, судга мурожаат қилган? Бу фурсат ичида нима ўзгарди?

Ва яна ажабланарлиси, Оқдарё туман ҳокимлиги ушбу қарордан яна беш ой ўтиб С.Қосимовга юклатилган вазифаларнинг бирортаси бажарилмаяпти, деб огоҳлантириш хати юборган. Қурилишни тўхтатишни сўраган.

Икки томоннинг ўнлаб ёзишмалари, суд ва ҳокимликларнинг қарор-хулосалари шу қадар кўпки, уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиш имконсиз. Аммо, мазкур иш юзасидан тақдим қилинган сўнгги ҳужжатлардан бири — 2020 йилнинг 18 январида Самарқанд вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳининг хулосасидан фойдаланишни жоиз топдик.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи берган хулосада ҳақиқатан ҳам 2016 йилнинг 9 июнида Оқдарё тумани «Бошдархон» МФЙдаги ўша жой танловга қўйилгани маълум қилинган. Унда У.Мансуров ва яна бошқа бир номзод З.Худоёров қатнашган. Аммо С.Қосимовнинг шикояти сабабли мазкур танлов савдоси кейинга қолдирилган.

С.Қосимовнинг шикоятида ўн йилдан ортиқ вақт давомида ўша жойни ободонлаштириб келгани ёзилган. Шунингдек, Оқдарё тумани ҳокимининг 2004 йил 10 июндаги фармойишига асосан тузилган комиссия томонидан ер майдонида уруш қатнашчилари хотирасини абадийлаштириш учун боғ яратишга ажратилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида далолатнома тузилгани, бироқ туман ҳокими қарори қабул қилинмагани айтилади.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси бошлиғининг 2017 йил 10 февралдаги хати орқали монументал ёдгорлик жойлашган хотира майдони қисқартирилиб, қайтадан таъмирлаш ишлари олиб борилиши тўғрисида Оқдарё туман ҳокимлигига таклиф киритиши сўралган.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси хотира майдонининг 0,11 га майдонини сақлаб қолиб, қолган 0,22 га майдони танловга қўйилиши мумкинлиги тўғрисида ижобий хулоса берган. Аммо, танлов савдолари такрор ўтказилмаган.

С.Қосимов эса 2017 йилнинг март ойида хотира майдонининг 0,12 га ер қисмини қолдириб, қолган қисмида туман ҳокимининг қарорисиз қурилиш ишларини бошлаб юборган. Ҳокимлик 2017 йилнинг 22 мартида С.Қосимовга ноқонуний қурилишни тўхтатиш ва ихтиёрий бузиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборган.

Оқдарё тумани ҳокимлиги даъвоси билан фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди жавобгар С.Қосимов ҳисобидан ноқонуний қўйилган фундаментни буздириш тўғрисида 2017 йилнинг 8 июнида ҳал қилув қарори қабул қилган. Вилоят судида ҳам ушбу қарор ўзгаришсиз қолдирилган ва ижро қилиш учун МИБ Оқдарё туман бўлимига юборилган.

Шундан сўнг С.Қосимов ишни назорат тартибида кўриб чиқиш учун Олий судга мурожаат қилган. Натижада фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг 2017 йил 18 сентябрдаги хати билан ижро ҳаракатлари вақтинчалик тўхтатилган.

Мазкур низо судда кўрилаётган бир пайтда Оқдарё туман ҳокими (2017 йил 5 декабрида) ушбу ҳудудда собиқ хотира майдонини реконструкция қилиш ҳамда тарихий музей ва кутубхона бинолари қуришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи хулосасида туман ҳокимининг ўша қарори 3-бандида хотира майдонини реконструкция қилиш кўрсатилган бўлсада, вилоят маданий мерос бошқармаси билан келишилмаган.

Туман ҳокимининг қарори Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган «Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид тарзда қабул қилинган. Мазкур низомга кўра, аҳоли пунктларидаги майдони 1 гектаргача ва 1 гектар бўлган ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш фақат танлов асосида амалга оширилиши белгиланган.

Айтиш мумкинки, фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди 2018 йил 19 апрелдаги ажрими билан 2017 йил 8 июнда чиқарилган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича, яъни Оқдарё туман ҳокимининг собиқ хотира майдонини реконструкция қилиш ҳамда тарихий музей ва кутубхона бинолари қуришга рухсат бериш тўғрисидаги қарори қабул қилингани муносабати билан бекор қилган.

Вилоят ҳокимлиги берган хулосага кўра, Оқдарё туман ҳокимининг 2017 йил 5 декабрдаги 2016-Қ-сонли қарорини бекор қилишдан аввал фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг 2018 йилнинг 19 апрелидаги ажрими устидан назорат тартибида Олий судга шикоят қилиш лозим, дейилган.

Фараз қилинг, энди Олий судга ким мурожаат қилади? Яна тадбиркорлик қилиш мақсадида юрган Улуғбек Мансуровми? Чунки, С.Қосимов мурожаат қилмайди. Сабаби, Оқдарё тумани ҳокимининг 2017 йил декабрдаги қарори унинг зарарига хизмат қилмайди, ҳар ҳолда.

Савол туғилади. Шундоқ ҳам низоли бўлган, қолаверса, Олий судда муҳокама қилинаётган ҳудуд юзасидан туман ҳокими қарор қабул қилиши қанчалик тўғри? Ҳокимлик нега бир йил аввалги даъвосидан воз кечган? Нега низом талабларига зид эканлиги вилоятга ҳам маълум бўлиб турган ер қайта танловга қўйилмаган?

Шуниси аниқки, бу саволларга Улуғбек Мансуров жавоб бермаслиги керак. Кимдир тадбиркорлик қилмоқчи бўлса, танловда ҳалол қатнашмоқчи бўлса, бунчалик сарсон қилинмаслиги, йиллаб асаб ва вақтини кетказмаслиги лозим эди.

Дарвоқе, мақола ёзилиш жараёнида тадбиркор Улуғбек Мансуров билан яна боғландик. У вилоят ҳокимлигининг хулоса-тавсиясига асосан Оқдарё ҳокимининг қарорини бекор қилишни сўраб, Олий судга мурожаат қилибди. Ўз навбатида Олий суд ҳам аризани яна фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига йўналтирибди. Демак, ҳозирча арқоннинг учи кўринмаяпти.

Умид қиламизки, бу ечимсиз муаммо эмас. Тегишли мутасаддилардан муносабат кутамиз.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид