Жамият | 13:45 / 01.07.2021
64173
6 дақиқада ўқилади

Хоразмча рейдерлик: ИИБ ходимлари ҳокимнинг топшириғига кўра фуқаронинг 30 тонна буғдойини тортиб олгани айтилмоқда

19 июнь куни Урганч тумани ҳокимлиги вакиллари ва туман ИИБ ходимлари туманнинг Юқорибоғ қишлоғида яшовчи Ислом Ражабов хонадонида сақланаётган 30 тонна буғдойни рейдерлик йўли билан тортиб олиб кетишган.

Ислом Ражабов давлат мулозимлари буғдойни тортиб олишга келишган вақтда у уйида бўлмагани, вазиятдан хабар топган заҳоти хонадонига етиб борганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, воқеа жойида ҳозир бўлган ИИБ ходимлари, мансабдорлар ўзларини таништиришмаган, шахсларини тасдиқловчи бирор бир ҳужжат кўрсатишмаган.

Ражабов фақат Урганч тумани агроинспекция бошлиғи Рустам Очиловни таниганини айтади.

Жараён акс этган видеотасвирларда кўринган шахслар орасида Урганч тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Камоладдин Полвонов, туман ҳокимлиги вакиллари ва бошқалар борлиги айтилмоқда.

Расмийлар буғдойни олиб кетиш учун асос бўлувчи бирор бир ҳужжат, масалан суд қарорини кўрсата олишмаган.

Ўзларини таништирмаган мутасаддилар Ражабов 55 гектар ерга буғдойни ноқонуний экиб, ноқонуний ҳосил олганликда гумонланаётгани, омборда сақланаётган буғдой давлатнинг буғдойи экани, шу боис уни олиб кетишларини, агар текширувлардан сўнг гумон тасдиғини топмаса, ҳамма буғдой қайтариб берилишини айтишган.

«Фермер бўлмасам, давлат билан ўртамизда ҳеч қандай шартнома бўлмаса, қандай қилиб мен етиштирган буғдой давлатнинг буғдойи бўлиши мумкин? Ерни «Kiva Sesame» қўшма корхонасидан бир йилга ижарага олганман, ўртамизда пудрат шартномаси бор, ҳеч қандай ноқонуний иш қилганим йўқ», – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Kiva Sesame» МЧЖраҳбари Руслан Қаландаров ҳам Ислом Ражабовнинг сўзларини тасдиқлади.

Руслан Қаландаров

«Корхонамиз кунжут ёғи ва ундан олинадиган бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. 2019 йилда кунжут экиш учун бизга 300 гектар ер ажратилди. Ушбу ерларнинг унумдорлиги паст, бонитет балли 30 га тенг эди. Унинг «Оқ-олтин» контуридаги қисмига туташ ҳудудда шоли экилди. Бу қанчалик қонуний, ким бунга рухсат берган? Аслида бу ҳеч қандай агротехника қоидаларига тўғри келмайди. Чунки шоли экилган ҳудудга туташ ерларнинг захи чиқиб кетади. Айнан шу сабабли кунжут экилган даламиз ботқоққа айланди ва яроқсиз ҳолга келди. Ҳосилнинг 100 фоизидан ажралдик.

2020 йилда ҳам шунга ўхшаш вазият такрорланди. Вегетация даврида 200 гектар еримизга сув етказиб берилмади, оқибатда кунжутнинг 80 фоиз ҳосилидан ажралдик.

Шундан сўнг ернинг ҳосилдорлигини тиклаш учун алмашлаб экишга мажбур бўлдик. Алмашлаб экиш – агротехника тадбирларининг ажралмас қисми. Кунжутни бир далага кетма-кет, узлуксиз экиб бўлмайди. Даланинг бир қисмига буғдой экдик. Аммо бу қонунбузарлик ва жиноят сифатида талқин қилинмоқда. Буғдой экиш ва етиштириш харажатлари тўлиқ ташкилотимиз томонидан қопланди. Бу буғдой давлат режасига киритилмаган, фонд ва ресурс ажратилмаган ва буюртма шартнома қилинмаган.

Ислом Ражабов билан пудрат шартномамиз бор. Буғдой унинг омборхонасида сақланади. 19 июнь куни буғдойни ҳокимият ва ИИБ вакиллари куч ишлатиб олиб кетишган», – дейди у.

Видеотасвирларда кўринишича, мулкини ҳимоя қилиб, буғдойни олиб кетмоқчи бўлаётганларга қаршилик кўрсатган Ислом Ражабов ва унинг яқинларига нисбатан куч ишлатилган, гарчи ходимларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳаракат қилмаётган бўлса-да, бир неча формали эркаклар хонадон эгасининг укаси – Собир Ражабовнинг қўлларини қайиришган, натижада у ерга йиқилган.

Ислом Ражабовга кўра, у расмий шахсларга ҳар қанча босиқлик билан ҳаракатлари қонунга зид эканини тушунтирмасин, улар зўрлик билан 30 тонна буғдой сақланаётган омборхонага киришган. Фаол қаршилик кўрсатгани учун ўзи ва укасининг қўлини кишанлаб, ИИБ таянч пунктига олиб кетишган. У ерда бир неча соат мажбуран ушлаб туришгандан сўнг қўйиб юборишган.

«Қайтиб келганимда омбор бўшаб қолганини, пешона терим билан етиштирган буғдойимни олиб кетишганини билдим», – дейди у.

Ислом Ражабов буғдойни олиб кетган шахслар машинага ортишдан олдин ҳосилни тарозида тортиб ҳам кўришмагани, буғдойни олиб кетишаётгани ҳақида далолатнома ёки бошқа бир ҳужжат тузишмаганини таъкидлайди.

Ислом Ражабов

Ислом Ражабов рўй берган ҳолат юзасидан бир қанча идораларга мурожаат қилган. У туман ИИБ ходимлари ҳар куни уйига келиб, аризаларини қайтариб олишни талаб қилишаётгани, йўқса бу яхши оқибатга олиб келмаслигини айтиб қўрқитишаётганини айтмоқда.

Умуман, Ислом Ражабов ва унинг укасига куч ишлатган ходимларнинг ҳатти-ҳаракатлари амалдаги қонунларга қанчалик мос экани юзасидан хизмат текшируви тайинланиши, прокуратура органлари эса суд қарорисиз ўзганинг мулкига тажовуз қилган ички ишлар ходимларининг қилмишига ҳуқуқий баҳо бериши зарур.

Масаланинг ачинарли жиҳати шундаки, қонунга эмас, ҳокимларнинг оғзаки топшириқ ва кўрсатмаларига амал қилувчи ички ишлар идораларининг оддий халқ устидан бу тарзда ўтказаётган зуғуми жазосиз қолиб кетаваериши сўнгги вақтларда одат тусига кириб қолмоқда.

Сўнгги воқеалардан келиб чиқилса, бу воқеа ҳам нари борса ҳайфсан билан якун топишини афсус билан тахмин қилиш мумкин.

Урганч тумани ҳокимлиги Kun.uz мухбирининг сўровига жавобан ҳолат юзасидан ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган. Хоразм вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан айни пайтда “Kiva Sesame” МЧЖ раҳбари, ғалла ҳосилини йиғиштириб олишга масъул туман ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Урганч тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, вилоят ИИБ томонидан видеотасвирдаги ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилган.

Вазиятга Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан изоҳ кутган ҳолда воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Мавзуга оид