Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хоразмда маст ҳолда машина бошқарган ИИБ ходими одам уриб юбориб, ҳодиса жойидан кетиб қолди
ЙТҲ Шовот туманида содир бўлган: Хоразм вилояти ИИБ ходими маст ҳолда Tracker машинасини бошқариб бораётиб, йўл четида турмуш ўртоғи билан кетаётган 29 ёшли аёлни уриб юборган. Сўнгра жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан, кетиб қолган. Бошқа йўловчи машинада шифохонага олиб борилган аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этган.
Хоразмда маст ҳолда машина бошқариб, бир аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган ИИБ ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Тундаги ЙТҲ
Суд ҳукмида келтирилишича, 1984 йилда туғилган У.А. Хоразм вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори вазифасида ишлаган. У 2025 йил 27 сентябр куни соат 22:14 ларда Tracker машинасини маст ҳолатда Шовот тумани ҳудудида бошқариб бораётиб, йўл четида кетаётган пиёда – 29 ёшли Э.Р.ни уриб юборган.
У.А. одам уриб юборганини билиб, ҳодиса жойидан нарироқда тўхтаган. Аммо жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан, кетиб қолган. ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳати олган аёл шифохонада вафот этган.
“Курсдошим билан ичгандим”
У.А. судда айбига қисман иқрорлик билдирган. У ҳодиса жойидан кетиб қолмаганини, ўша ерда тўхтаган Gentra машинасидаги йигитларга аёлни шифохонага олиб боришни тайинлаб, ўзи уйидан пул олиш учун кетганини айтган.
“Курсдошим билан чойхонада ўтириб, спиртли ичимлик истеъмол қилдик. Урганч шаҳри томонга ҳаракатланиб бораётганимда йўлнинг ёритиш чироқлари тугаган жойида машинанинг ўнг ён томонидан қарсиллаган товуш чиқди. Йўл четига ўтиб тўхтадим. Одам уриб юборганимни билдим. Ортимдан Gentra машинасида келаётган йигитлар одам уриб юборганимни билиб, югуриб келишди. Улар билан ўзим уриб юборган одам ёнига бордим. Аёл ариқ ичида ётган экан. Турмуш ўртоғи ёнида турганди.
Аёлни ариқдан чиқаришда ёрдамлашдим. Шу ерда ўзимнинг ҳам мазам бўлмади. Спиртли ичимлик ичган бўлсам ҳам ҳушёр ҳолатда эдим, бўлган барча воқеани англаб тургандим.
Gentra машинасидаги йигитларга ИИБ ходими эканимни, аёлни касалхонага олиб боришларини, ўзим эса уларнинг ортидан пул олиб боришимни айтдим. Сўнгра пул олиб келиш учун Урганч шаҳрига, уйга кетдим. Аёлни оғир аҳволда ташлаб кетмадим. Аксинча, уйимдан пул олиб келиб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқчи бўлдим”, деган У.А. ўз кўрсатмасида.
Шунингдек, ўзининг айтиши бўйича “уйидан пул олиб келиш учун шошиб кетаётган” У.А. йўлда иккинчи бор ЙТҲ содир этган: светофорнинг қизил чироғида тўхтаган Cobalt ортидан бориб урилган.
“Меҳмонни кузатгани чиққандик”
Марҳуманинг турмуш ўртоғи ЙТҲ содир бўлган вақтда уйига келган меҳмонни кузатиш учун йўлга чиқишганини маълум қилган. У аёлини уриб кетган ҳайдовчи ёрдам бермаганини таъкидлаган.
“Йўлдан ўтиб кетаётган Gentra’дан икки йигит тушиб, турмуш ўртоғимни машинага миндирди ва касалхонага олиб борди. Судланувчи бу вақтда ўша ерда эди, нима бўлганини кўрди”, деган марҳуманинг эри.
Шунингдек, судда гувоҳ сифатида сўралган Gentra ҳайдовчиси ҳам аёлни шифохонага олиб бориш учун кўтаришганида у ерда Tracker ҳайдовчисини кўрмаганини, У.А. уларга “ушбу аёлга ёрдамлашиб юборинглар”, деганини эшитмаганини айтган.
Суд ИИБ ходимининг “аёлни ташлаб кетмагани, уйдан пул олиб келиш учун шошилинч кетгани” ҳақидаги кўрсатмаларини жазодан қутулиш учун қилинаётган ҳаракат деб баҳолаган.
Жазо
ЖИБ Шовот туман судининг 2026 йил 23 февралдаги ҳукми билан У.А. Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилди. Унга 3 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.
Мавзуга оид
12:20
ЙПХдан қочган BMW'лар иши: прокуратура суд қарорига протест киритди
10:44
Хоразмда ёш истеъдод эгаси президент совғаси билан тақдирланди
10:35
ЙПХ ходими уриб кетилган BMW'да ўнлаб қоидабузарликлар содир этилган — ИИББ
08:26