Иқтисодиёт | 16:20 / 30.03.2021
24656
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Ўзбекистон сўнгги 10 йилда 687 тонна олтин сотган

Сўнгги 10 йиллик давомида энг кам олтин 2012 йилда сотилган — 10 тонна, энг кўпи эса 2019 йилда — 110 тонна.

Фото: Bloomberg

Марказий банк сўнгги 10 йил давомида сотилган номонетар олтин миқдори ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилда 100 тонна олтин хорижга сотилган. Сўнгги 10 йиллик давомида энг кам олтин 2012 йилда сотилган — 10 тонна, энг кўпи эса 2019 йилда — 110 тонна.

Шунингдек, 2010 йилда 60 тонна, 2011 йилда 70 тонна, 2013 йилда 37 тонна, 2014 йилда 30 тонна, 2015 йилда 50 тонна, 2016 йилда 70 тонна, 2017 йилда 80 тонна, 2018 йилда эса 70 тонна номонетар олтин хорижга экспорт қилинган.

Ўтган давр ичида нархлар ҳам сезиларли даражада ўзгарган. 2010 йилда бир унция олтин нархи жаҳон бозорида 1226,7 доллар турган бўлса, 2015 йилда 1159,8 долларни ташкил қилган. Бу сўнгги 10 йилликдаги қимматбаҳо металлнинг энг паст қиймати ҳисобланади. Ўз навбатида, 2020 йилда олтин нархи кескин ошган ва бир унцияси 1771 долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2019 йилда 1393,7 долларга тенг бўлган.

2020 йил июл ҳамда август ойларида Ўзбекистонда олтин экспортининг ошгани қайд этилган.

2020 йил август ойи бошида олтин нархи тарихда илк марта унцияси учун 2000 доллардан ошиб, рекорд даражада – 2067 долларга кўтарилганди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ўшанда Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдириб, бу МБнинг нормал функционал вазифаларидан бири эканини таъкидлаган.

«Биз олтин-валюта захирамиз таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгамиз ва буни мустақил равишда ажратамиз. Агар олтин нархи жаҳон бозорида тушиб кетадиган бўлса ва биз келгусида олтин нархи ошишини кутаётган бўлсак, олтинни сотмаслигимиз ҳам мумкин», –деганди Нурмуратов.

Ўзбекистон 2020 йил август ойида рекорд даражада олтин сотгач, ушбу қимматбаҳо металлни сентябр ойида деярли экспорт қилмаган.

Жорий йил 1 март ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 33,2 млрд доллар бўлиб, шундан қуйма шаклдаги монетар олтин қиймати 19,73 млрд долларни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, сотилаётган олтиннинг миқдори бўйича маълумотлар сўнгги 10 йил ичида биринчи маротаба эълон қилинмоқда. Бунга қадар Давлат статистика қўмитаси олтин сотувига оид маълумотларни пул кўринишида тақдим қилмоқда эди. 2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини (5 миллиард 804 миллион доллар) олтин ташкил қилган. 2019 йилда олтин экспорти 4 миллиард 918 миллион доллар бўлгани қайд қилинган.

Мавзуга оид