Ўзбекистон | 17:57 / 27.01.2021
11528
3 дақиқада ўқилади

Давлат солиқ қўмитаси «Солиқ нархи» механизмини жорий этади

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Солиқ базасини аниқлашда товарларнинг (хизматларнинг) нархини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш чоралари тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, синов тариқасида бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ДСҚнинг «Солиқ нархи» механизми жорий қилинади.

Солиқ кодексида агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақлилиги кўрсатилган.

 Лекин, товарларнинг (хизматларнинг) нархини бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаш механизми яратилмаганлиги сабабли, солиқ органлари томонидан солиқ базасига тузатиш киритиш ишлари амалга оширилмасдан қолмоқда.

ДСҚ ахборотига кўра, ушбу лойиҳа юқорида келтирилган муаммоларни ечиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Таъкидланишича, бозор қийматидан келиб чиқиб нархи белгиланадиган товар ва хизматлар рўйхатига янги кўп квартирали уйлардаги турар жой объектлари, ун маҳсулотлари, шакар, алкоголли маҳсулотлар, тамаки маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, газланган ва газланмаган салқин ичимлик ва цемент киритилади.

Солиқ базасини аниқлашда товарларнинг (хизматларнинг) нархини бозор конюктурасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни (хизматларни) улгуржи ва чакана реализация қилиш ва Солиқ кодексига мувофиқ, товарларни бепул бериш каби ҳолатларда товар ва хизматларнинг нархлари бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати тушунчасининг маъноси шуки, товарларнинг (хизматларнинг) эҳтимолга энг яқин ва адолатли қиймати, шу жумладан, ваколатли органлар, баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланган, товарлар (хизматлар) бозорида реализация қилиниши (кўрсатилиши) мумкин бўлган қиймат ҳисобланади.

Қарор лойиҳасига кўра, товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати қуйидагиларни қўллаган ҳолда аниқланиши мумкин:

  • Ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудида фаолият юритаётган чакана савдо объектларида сотилаётган нархи танланма асосида (ҳудуд маркази ва олис ҳудудлар кесимида) масъул солиқ инспекторлари томонидан ўрганиб чиқиш орқали. Бунда, сотилаётган товарлар (хизматлар) ўхшаш товарлар бўлса, лекин сифати ҳар хил бўлганлиги ҳисобига нархлар кескин фарқ қилса, солиқ базасини аниқлашда Солиқ кодексининг 45-моддасига мувофиқ нарх шакллантирилади;
  • товар-хомашё биржаларида шаклланган нархлар орқали;
  • онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида қайд этилган товарлар (хизматлар) кодлари асосида (ҳудуд маркази ва олис ҳудудлар кесимида) шакллантирилган нархлар орқали;
  • ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган идентификация кодлари ҳамда сотилган маҳсулотларнинг штрих-кодлари асосида шакллантирилган нархлар орқали шакллантирилади.

«Солиқ-нархи» механизми бўйича   2021 йил 1 ноябрига қадар якуний хулосалар олинади ва уни кенг жорий этиш бўйича ДСҚ томонидан таклифлар киритилиши мумкин.

Мавзуга оид