Ўзбекистон | 18:31 / 30.05.2020
21363
5 дақиқада ўқилади

«Президент ўқитувчилик фаолиятимиздаги тўсиқлар ҳақида сўради» – Сергелидаги янги мактаб ўқитувчиси билан суҳбат

Кеча, 29 май куни президент Мирзиёев Тошкент шаҳри Сергели тумани 5А мавзесига қилган сафарида яқинда фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди.

Kun.uz мухбири ушбу мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Соҳиба Шамсиева билан суҳбат ташкил қилди. Суҳбатда янги мактабга ўқитувчиларни саралаб олиш, мактабда яратилган шароитлар ва президент билан бўлган қисқа суҳбат ҳақида сўз борди.

Янги мактабга ўқитувчиларни саралаб олиш жараёни ҳақида

«Фаолиятимдаги икки йиллик танаффусдан сўнг ишга кириш учун ариза беришда жуда ҳаяжонландим. Янги очилаётган мактабда ишлашга талабгорлар жуда кўпайиб кетди», – дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, мактабдаги 25та ўрин учун 2000дан ортиқ талабгор бўлган. «Ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинди. Саралашнинг биринчи босқичида Абдулла Авлоний номидаги кадрлар малакасини ошириш институтида компьютерда тест топширдик. Ҳар бир мутахассиснинг ўз фани, педагогик технологиялар, сиёсий-ҳуқуқий саводхонлик бўйича тестлар ўтказилди. Қониқарли балл олганлар саралашнинг иккинчи босқичига ўтди. Суҳбатга чақиришди. Бунда ҳам битта ўринга 4-5 нафар ўқитувчи даъвогар эди», – деди у.

Шамсиева ўқитувчиларни саралаш жараёни қанчалик шаффоф ўтгани тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб берди:

«Саралаб олиш жараёни мени қониқтирди, шаффоф ўтди».

Фото: Соҳиба Шамсиева

«Қани шундай шароитлар қишлоқ жойларида ҳам бўлса ...»

Соҳиба Шамсиева аввалроқ Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти қошидаги лицейда ҳам ишлаган. Унинг айтишича, лицейда дарсликлар етишмаган, кимё ускуналари бўлмаган.

«Ҳатто компьютерда дарс ўтиб бера олсак ҳам хурсанд бўлардик. Бу мактабда эса ҳаммаси бошқача.

Кимё хонаси жуда зўр жиҳозланган. Айниқса, электрон досканинг мавжудлиги хавфли, зарарли моддалар билан тажриба ўтказиб кўрсатиш жараёнида жуда ҳам қўл келади. Виртуал лабораторияни ишга солишимиз, унда халқаро миқёсда ўтказилган кимёвий тажрибаларни қўйиб беришимиз мумкин. Нафақат тажрибалар, балки ҳар хил кимёвий формулаларни 3D форматда анимацион тарзда кўрсатиш мумкин.

Мактаб март ойининг аввалида ишга тушган бўлса, ўқувчилар карантин бошлангунга қадар 2 ҳафта ўқишди. Икки ҳафталик иш жараёнида ўқувчиларда кимё фанига қизиқиш анча ошганини кўрдим.

Фанлардан тўгараклар бўлсин деган таклифлар бўлди. Бу бизга қўшимча даромад бўлади. Илгаригидек тўгарак ўтказасан деб мажбурлаш йўқ, уларни пуллик асосда ўтказишимиз мумкин, бу ҳам молиявий жиҳатдан катта ёрдам бўлади.

Мактабга Сергели тумани ҳудудидаги янги уйларга кўчиб келган оилаларнинг болалари келишади. Бошқа туманлардан ҳам келиб ўқиса бўладими, деган мурожаатлар ҳам жуда кўп бўлди. Ҳозирча яна ўқувчиларга жой бор. 1-синфга янги қабул қилсак, шундан жой қолса, бошқа ҳудудлардан ҳам ўқувчи қабул қилиниши мумкин», – деди фан Соҳиба Шамсиева.

У бу каби шароитлар қишлоқ мактабларида ҳам бўлишни орзу қилиши ҳақида гапирди.

«Қани шундай шароитлар қишлоқ жойларида ҳам бўлса... Ўқувчилар роса орзу қилади», – деди Шамсиева.

«Президент ўқитувчилик фаолиятимиздаги тўсиқлар ҳақида сўради»

Соҳиба Шамсиевадан президент ташриф давомида ўқитувчилар билан қайси мавзуларда гаплашгани ҳақида сўрадик.

«Президент биздан «ўқитувчиликда сизларга нималар тўсиқ бўлмоқда?», – деб сўради, биз эса янги мактабда ишлаш учун яхши имкониятлар қилиб берилгани ҳақида айтдик. Шунингдек, Ўзбекистонда охирги йилларда ўқитувчилар ортиқча ҳужжатбозликлардан ҳам озод қилинмоқда. Масалан, ўқитувчилар энди ҳар кунлик дарс учун кундалик иш режа ёзишмайди (компьютерда тайёрлаш мумкин), йиллик тақвимий мавзулар режаси қилинмайди. Ҳозир бизда фақат журнал тўлдириш қоляпти ва у ҳам кейинги йилда электрон шаклга ўтказилади», – деди ўқитувчи.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид