Тошкентда биноси бузилган тадбиркор адолат изламоқда. Компенсация масаласи 4 йилдан бери ҳал қилинмаган
Бир неча йил олдин Тошкентда халқ тилида «текстил чорраҳаси» деб ном олган Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилган эди. Шу боис чорраҳада жойлашган бир қатор тадбиркорларнинг бино ва иншоотлари Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Р.Усмоновнинг 2016 йил 11 апрелдаги қарорига мувофиқ бузилган.
Шулар қаторида таҳририятимизга мурожаат қилган тадбиркор Мирёқуб Мирзааҳмедовга тегишли бўлган, Шота Руставели кўчаси 65а-уйда жойлашган умумий овқатланиш маскани ҳам бор эди.
Тадбиркор бу мулкка 1994 йилдан бери эгалик қилиб келаётган эди. Кафе бузилгунига қадар хўрандалар билан гавжум бўлган. Тадбиркор «Мир Мадина» номли хусусий корхона сифатида фаолият юритиб келган.
«Бузилмасидан олдин 15-20 нафар ходим ишларди. Корхонамиз бузилганидан кейин ҳамма ишсиз бўлиб қолди. Мен ҳам шу кунгача ишсиз юрибман. Иш фаолиятимни тиклай олганим йўқ.
Бизнинг биномиз 415 квадрат метрли жой бўлган. Бузилганидан кейин шаҳар ҳокимияти Бинолардан фойдаланиш департаменти томонидан шаҳарнинг чекка-чекка туманларидан инфратузилмаси етарли даражада бўлмаган 3-4та эски биноларни таклиф қилишди. Масалан, бинонинг ярми бизга таклиф қилинган бўлса, қолган ярми бошқа корхонага таклиф қилинган. Уни бузиб, қайта тиклаб бўлмасди. Бир-бирига халақит берадиган жойлар эди. Таклиф қилинган биноларни бориб кўрганимда қаноатланмаганим учун таклифларни рад этганман.
Мен кўп давлат идораларига мурожаат қилдим. Тошкент шаҳар адлия бошқармасига йўллаган мурожаатим бўйича бошқарма томонидан судга даъво ариза киритилди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2017 йилдаги қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Бинолардан фойдаланиш департаменти зиммасига тенг қийматдаги бино ажратиш мажбурияти юклатилди. Аммо суд қарори шу пайтгача ижро этилмади.
Суд қарори чиққанидан кейин қўлимизга ижро варақаси берилган. Мажбурий ижро бюросидан менга ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Телефон ҳам бўлмади, хат ҳам жўнатишмади, ҳеч қанақа натижа бўлмади», – дейди Мирёқуб Мирзааҳмедов.
Вазият бўйича расмийлардан изоҳ олиш мақсадида Бинолардан фойдаланиш департаментининг ҳуқуқий вориси ҳисобланувчи Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш марказида бўлдик.
Аммо учрашув ҳақида аввалдан келишиб олинган бўлса-да, турли баҳоналар сабаб бирор бир масъул билан учрашишга муваффақ бўла олмадик. Узоқ кутишлардан сўнг, бир ходим олдимизга келиб, ёзма мурожаат қолдириб кетишимизни ёки интервью учун бир кундан сўнг келишимиз лозимлигини айтди.
Сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати вакилларидан ёрдам сўрадик. Шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати орқали олинган маълумотда эса «Мир Мадина» хусусий корхонаси масаласида томонлар деярли келишиб олишгани билдирилди.
Бир неча кундан сўнг Мирёқуб Мирзааҳмедов таҳририят билан қайта боғланиб, унга Мирзо Улуғбек туманидаги аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйнинг ертўласидан кичикроқ жойни таклиф қилишганини маълум қилди. Бироқ тадбиркор у ерда овқатланиш шохобчасини очиш ва юритиш имконсизлиги, очган тақдирида ҳам ўша ерда яшайдиган аҳоли норозилигига учраши мумкинлиги, бундан ташқари бу жой аввалги бинодан қиймат бўйича анча паст баҳоланишини инобатга олиб бу таклифни рад этган.
«Ҳаттоки, бир сафар менга 415 квадрат метр ўрнига 20 квадрат метрли бино ҳам таклиф қилишган. Бу устимдан кулиш эмасми? Наҳотки, бутун бошли пойтахт ҳудудида менинг аввалги биномга сал бўлса-да яқин келадиган қийматдаги бино топилмаса?» – дейди тадбиркор.
Хуллас, бир замонлар тадбиркордан тортиб олинган хусусий мулк ўрнини унга тенг келадигани билан қоплаб бериш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва унинг тизимидаги масъул идораларга малол келмоқда.
Пойтахтимизда янги йўллар ва кўприклар қурилиши, инсонларга қулайлик яратилиши яхши, албатта. Лекин у кимнингдир ҳуқуқларини топташ, мол-мулкини тортиб олиш ва қийин аҳволда қолдириш эвазига бўлмаслиги керак.
Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчилар:
Абдувоҳид Умаров
Арслон Оллаберганов
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024