16 млрд сўмга тушаётган «чумчуқ кўприк». Прокуратура ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади деб ўйлаганми?
Қумқўрғон туманидаги кўприкнинг капитал таъмирланганига бир ярим йил ўтмасдан яроқсиз ҳолга келиб қолгани ижтимоий тармоқларнинг муҳокама марказида бўлиб турибди. Ушбу ҳолат бўйича Сурхондарё вилоят прокуратурасининг расмий муносабати эса ҳаммасидан ошиб тушди.
Сурхондарёнинг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4P-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 76-километрида жойлашган, узунлиги 66 погонаметр бўлган «Полвонтош» селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Ҳозирда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган. Энг ачинарлиси, 6,5 млрд сўмга капитал таъмирланган бу кўприкнинг фойдаланишга топширилганига эндигина 1 йил-у 7 ой тўлган эди.
6,5 млрд сўмга капитал таъмирланган кўприк ҳеч қанча вақт ўтмай 9,6 миллиард сўмга яна капитал таъмирланиши режалаштирилмоқда.
«Арпа уни»га айланган карантин
Сурхондарё вилоят прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан расмий баёнот берди.
Унда мазкур ҳолат юзасидан «Сурхон қурилиш назорат ўлчов» МЧЖ ва вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассислари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмагани, лойиҳа смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар хажми 34 млн 491 минг 265 сўмни ташкил қилиши ва шартнома шартлари пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмагани айтилади.
Баёнотнинг бу қисми тушунарли, прокуратура айтмоқчики, пуллар тўғри сарфланган, ҳеч ким еб-ичиб кетмаган. Лекин баёнотнинг бошқа бир қизиқ қисми борки, киши эътиборини ўзига тортмай қўймайди.
«... омма ўртасида коронавирус касаллиги тарқалиб кетишини олдини олиш учун карантин эълон қилиниб, шахслар билан мулоқот қилиш вақтинчалик тўхтатилгани сабабли ҳар қандай тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмаган.
Шу сабабли, 18.06.2020 йилда Термиз транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган».
Жиноят иши қўзғатишни рад этишга асос ва сабаб бўлган ҳолатга эътибор қаратамиз: карантин эълон қилингани!
Энди шу ўринда амалдаги қонун ҳужжатларига юзлансак. Жиноят процессуал кодексининг 333-моддаси қоидасига кўра, терговга қадар текширув якунида жиноят аломатлари аниқланмаса, қуйидаги асослардан бири (ёки бир нечтаси) бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилинади:
- иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
- унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;
- шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;
- эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноят ёки шахсга дахлдор бўлса;
- айбланувчи, судланувчи вафот этган бўлса;
- шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлса;
- шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори бўлса;
- иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса, ушбу Кодекснинг 325-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса;
- Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли ёхуд белгиланган муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва (ёки) жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган бўлса.
Кўриб турганингиздек, саналганлар орасида карантин эълон қилингани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қоида йўқ – карантин жиноят иши қўзғатишни рад этишга сабаб ва асос бўла олмайди.
Боз устига, бош прокурорнинг шу йил 25 мартда қабул қилган «Ходимлар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 325-сонли буйруғида ҳам суриштирувни карантин сабаб тугатиб юбориш мумкинлиги назарда тутилмаган.
Унда буни қандай тушунамиз? Прокуратура ҳолатга кўз юмган деган хулосага келамизми ёки вақт ўтиши билан унутилиб кетишидан умидвор бўлган деб ўйлаймизми? Қайсиниси?
Карантин чекловлари жорий йилнинг 10 май санасидан юмшатилган, 10 июлдан 15 августгача амалда бўлган чекловлар инобатга олинса, қолган вақтда прокуратура ушбу ишни текширишни келган жойидан давом эттиришига бирор тўсиқ бўлмаган.
18 июнда «босди-босди» қилиб юборилган кўприк иши фақатгина 29 сентябрга келиб, ижтимоий тармоқлар кўприк тақдири ҳақида бонг ура бошлагандан сўнг эсга олинди (баёнотда айтилишича, транспорт прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш учун юборган).
Селги устига қурилган кўприк селга чидамаса...
Тоғ ва тоғолди ҳудудларда одамларнинг узоғини яқин қилиш учун, сўқмоқлар оралатиб пиёдалар юрадиган осма кўприклардан фойдаланилади. Айрим жойларда маҳаллий аҳоли буни «чумчуқкўприк» деб атайди. Қумқўрғондаги яроқсиз ҳолга келган кўприк одамларнинг ўз қўллари билан ҳар йили таъмирлаб туриладиган «чумчуқ кўприк»ларни ёдга соляпти.
Талафот сабаблари ўрганилар экан, ҳар доимгидек сарф-харажатларнинг қонунийлигига эътибор қаратилади. Маблағларни тўғри ва мақсадли ишлатилгани ўз йўлига. Бу ҳам текширишнинг асосий қисми бўлиши мумкин. Аммо, суриштирув-тергов айбдорларни бошқа томондан изласа тўғрироқ бўларди.
Расмий маълумотларга кўра, бузилган кўприк селги устига қурилган ва табиийки, унинг бардошлилиги ҳам шунга яраша бўлиши керак.
Биринчидан, шу кўприк сел йўли устига қурилаётгани аниқ бўлган. Яъни, бу ерга тасодифий ёки кутилмаган сел келиб қолмаган. Демак, кўприк пойдевори лойиҳаси ҳам юз бериши мумкин бўлган сел ва тошқинларнинг 100 фоизлик эҳтимолидан келиб чиқилиши керак эди.
Иккинчидан, кўприкни реконструкция қилган фирма авваллари кўприк қурганми, фирма танлаш бўйича ўтган тендер холис бўлганми, деган саволлар кўндаланг бўлади.
Эътибор беринг, кўприклар стратегик объектлар ҳисобланади ва уларни дуч келган қурувчига топшириб бўлмайди!
Учинчидан, кўприк фойдаланишга топширилиб, унга шикаст етгунга қадар вақт оралиғида айнан шу ерда қандай табиий ҳодисалар (сел, тошқин, кўчки ва ҳ.к.) юз бергани текширилиши керак эди. Бу ҳақидаги барча маълумотларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари ва ЎзГидрометдан сўраб олиш суриштирув органи учун қийин иш эмас.
Энди эса камида 2та мактаб ва 2та боғча биносини қуришга етадиган маблағ бир уюм бетон бўлакларига айланди...
Шу ўринда, Япониядаги энг узун Акаси-Кайкё кўпригини ёдга олсак. Бу улкан кўприкнинг бунёд этилганига 33 йил бўляпти. Бу вақт орасида у бошидан кечирган табиий офатларнинг саноғи бўлмаса керак. Лекин кўприк ҳамон виқор тўкиб турибди.
Япония ва Ўзбекистоннинг табиати ва шу икки кўприк тақдири ўртасидаги фарқлар тегишли хулоса чиқариб олишга етарли бўлса керак.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз шуки, Қумқўрғондаги кўприкнинг қулаши табиий ҳодиса билан боғлиқ эмас – бу ерда инсонлар томонидан йўл қўйилган хато бор ва у тергов органи томонидан фош этилиб, айбдорлар албатта жазоланиши шарт. Зеро, бюджетдан ажратилаётган ва шу йўллар билан ҳавога совурилаётган пуллар солиқ тўловчиларнинг ҳақидир. Унга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Дилшод Абдуқодиров
Мавзуга оид
12:49 / 16.12.2024
Kun.uz танқидидан сўнг: Янгийўл судясининг шубҳали ҳукмига прокуратура протест киритди
10:40 / 13.12.2024
Сариосиёда кўчада йўлбарс юргани рад қилинди
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
15:14 / 02.12.2024