Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қумқўрғондан хушхабар: Ногиронлиги бор шахсларга «совға» деб кредитга ўтказилган уйларнинг қарздорлигини ҳомий ташкилот тўлиқ ёпди
Kun.uz Сурхондарё вилоятида ногиронлиги бор шахсларга «совға» деб, аслида кредитга берилган уйлар қарздорлиги сўндирилмагани учун банк ихтиёрига тортиб олинаётгани ҳақида материал эълон қилганди. UNICON-SOFT раҳбарияти бу 8 нафар фуқаронинг муаммосига бефарқ қарамади – уларнинг кредитдан қарздорлиги (жами 1 млрд 344 млн) тўлиқ сўндирилиб, уй-жойлар кадастр ҳужжатлари ўз эгаларига қайтариб берилди.
4 ноябр куни Kun.uz нашрида «Қайтиб оларкан, нега берди?». Сурхондарёда ногиронлиги бор шахсларга “совға” деб берилган уйлар тортиб олиниш арафасида» сарлавҳали материал эълон қилинганди. Унда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани Боғаро массивида яшовчи имконияти чекланган бир гуруҳ фуқароларга 2018 йилда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида уйлар берилгани, аммо кейинроқ уй-жойлар совға эмас, кредитга расмийлаштирилгани ойдинлашгани, банк қарз ҳисобига уй-жойларни тортиб олиш арафасида экани, ногиронликлари сабабли ишлашга қодир эмасликлари, давлат томонидан бериладиган ногиронлик нафақасининг 50 фоизи кредит тўлови учун ушлаб қолинаётгани, уйларининг кадастр ҳужжатлари банк томонидан гаров сифатида олиб қўйилгани, кредит тўловлари тўланмаётгани важи билан уйларидан чиқариб юборилишларидан хавотирда эканликлари ҳақида сўз боради.
UNICON-SOFT масъулияти чекланган жамияти эса ногиронлиги бор мазкур фуқароларнинг муаммоларига бефарқ бўлмасдан уларни қийнаётган масалаларни ўрганди ва уларнинг Ижтимоий ҳимоя Ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилгани, жисмоний имкониятлари чеклангани сабабли ишлай олмасликлари, оилалари эса Камбағал оилалар реестрида камбағал оилалар сифатида рўйхатга олинганини аниқлади.
Шунингдек, уларга 2018 йилда имтиёзли кредит сифатида ажратилган уйларнинг бошланғич тўловлари ўша вақтда ҳомийлар томонидан тўлаб берилгани, бироқ ўтган вақт давомида тўловлар банк томонидан тақдим этилган график-жадвалга мувофиқ тўланмагани оқибатида катта миқдорда қарздорлик юзага келгани, уларга пеня ва жарималар қўллангани туфайли қарздорлик ой сайин ўсиб бораётгани маълум бўлди.
UNICON-SOFT МЧЖ томонидан Kun.uz таҳририятига ёрдам сўраб мурожаат қилган 8 нафар ногиронлиги бор фуқаронинг кредит ва бошқа турдаги қарздорликлари (жами 1 млрд 344 млн сўм) беғараз ҳомийлик ёрдами сифатида тўлиқ сўндириб берилди.
Банклар томонидан ушбу юртдошларимизга уйларининг кадастр ҳужжатлари қайтариб берилди.
Маълумот учун, нафақат Қумқўрғон туманининг Боғаро массивида, балки республиканинг бошқа кўплаб ҳудуддларида кредит тўловларини вақтида тўлай олмаётган яна кўплаб шу каби инсонлар бор. UNICON-SOFT компаниясининг бу хайрли ташаббуси республикадаги йирик корхона ва ташкилотлар учун ўрнак бўлишига умид қиламиз.
Мавзуга оид
11:34 / 25.10.2025
Ер атрофидаги келишувлар: икки ҳудудда ноқонуний ҳаракатлар тўхтатилди
11:09 / 20.10.2025
Сурхондарёда Cobalt ва Nexia тўқнашди
13:45 / 17.10.2025
Ҳиндистон Сурхондарёда мис қазиб олишга 650 млн доллар сармоя киритади
14:55 / 16.10.2025