Жамият | 01:51 / 30.05.2020
43126
3 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги сув омборидан йирик балиқлар оқиб чиқди, овчиларга қарши рейд ўтказилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Ёзёвон туманида аҳоли каналларда оқиб келаётган йирик балиқларни овлаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Kun.uz мухбири воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум бўлишича, 26 май куни Ёзёвон туманида қурилаётган «Марказий Фарғона» сув омборида балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорнинг балиқ сақлаш кўлида, сувнинг ташқарига чиқиш қисмидаги ҳимоя тўри техноген омиллар таъсирида очилиб кетган.

Сим тўрлар эскиргани сабабли узилиб, натижада балиқларнинг бир қисми «Марказий Фарғона» сув омбори атрофидаги сой ва каналларга оқиб чиққан.

«Ҳолат бўйича вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг экоинспекцияси ва Ёзёвон туман инспекторлари томонидан тезкор рейдлар ташкил қилиниб, тун-у кун назорат қилинмоқда.

27-28 май кунлари Ёзёвон сув омборидан чиққан балиқларни фуқаролар томонидан ноқонуний равишда ов қилаётган 9 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 12 миллион 320 минг сўм миқдорида жарима ва 10 миллион 813 минг сўм ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисобланган», – дейилади қўмита ахборотида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бундан ташқари, 300 метрдан ортиқ тўрлар олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинган. Рейд тадбирлари давом этмоқда.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланган (юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача). Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври.

«Сув омборининг техноген ҳолати меъёрида»

Фото: Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Kun.uz Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олган маълумотга кўра, воқеа рўй бергач, 26 май куни «Марказий Фарғона» сув омборининг техник ҳолати ўрганилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи – вилоят ФВБ, МГҚБ, «Саноатгеоконтехназорат» ташкилоти, «Ўздавсувхўжалик» инспекцияси масъул ходимлари томонидан ўтказилган тафтишда сув омборининг техник ҳолати меъёрида экани тасдиқланган.

Фото: Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Таъкидланишича, сув омбори ҳавзасида садок усулида балиқ етиштирувчи учта – «DALINA LIANA», «PROD FISH PRAYDE», «UCHKO‘PRIK ARAB QO‘RG‘ONCHA» балиқчилик фермер хўжаликлари ташкил этилган.

«Аҳоли томондан овланган балиқлар сув омборининг сув тарқатиш каналидан чиқиб кетган. Фермер хўжаликлари томонидан боқилаётган балиқлар садоклар орасидан сув оқими бўйлаб чиқиб кетган бўлиши мумкин. Сув омборда лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда», –дейилади вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати маълумотида.

Қайд этилишича, сув омборининг Уч уй қишлоғи томонидан чиқувчи канали орқали Наманган вилоятининг учта туманига сув юборилади.

«Марказий Фарғона» сув омборининг умумий сув сиғими 350 млн метр кубни ташкил этади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид