Спорт | 11:30 / 06.12.2017
23502
8 дақиқада ўқилади

Олимпиадада Россия мадҳияси янграмайди. Тўлиқ тафсилотлар

Фото: Zuma/ТАСС

Россиялик спортчилар 2018 йили Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига бориши мумкин, аммо Россия эмас. Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) ижро қўмитаси 5 декабрь куни Россия терма жамоасини олимпиададан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жанубий Кореяда Россия байроқлари кўтарилмайди, Россия мадҳияси янграмайди, спортчиларга Olympic Athlete from Russia (OAR) байроғи остида ҳаракат қилишга рухсат берилди. 

Жамоани байроқ ва мадҳиядан маҳрум этиш катта норозилик келтириб чиқарди. Бундай қарор чиқарилиши аввалдан кутилганди, шунчаки 5 декабрда ижроий қўмитанинг 14 вакили буни тасдиқлади.

Шу тариқа, Россия ўйинларнинг 120 йилдан ортиқ тарихи давомида илк марта допинг қоидалари бузилиши туфайли четлатилган терма жамоага айланди.

ХОҚ қарори

Фото: Сочи-2014 / Reuters 

5 декабрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

Россия 2018 йили Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиададан четлатилади, қўмита махсус комиссияси турнирга нейтрал томон вакили сифатида бориши мумкин бўлган россиялик спортчиларни белгилаб беради. Бу комиссияни Франциянинг собиқ спорт вазири Валери Фурнейрон бошқаради. Комиссия таркибига ХОҚ ва WAFA вакиллари киришади. 

Сочи-2014 ўйинларида иштирок этган мулозим, мураббий ва шифокорларнинг бирортаси қишки олимпиада ўйинларига киритилмайди. 

Россия спорт вазири Виталий Мутко ва унинг собиқ ўринбосари Юрий Нагорних умрбод дисквалификация қилинди ва ҳеч қачон Олимпия ўйинларига киритилмаслиги белгиланди. Шунингдек, РФ вазирлиги вакилларининг биронтасига Олимпиада учун аккредитация берилмайди. Сочи-2014 ташкилий қўмитаси раҳбари Дмитрий Чернишенко Пекин-2022 мувофиқлаштирувчи комиссияси таркибидан чиқарилди.

Россия Олимпия қўмитаси Мустақил антидопинг комиссия (ITA) тегишли текширувлар ўтказиш учун сарфлаган 15 миллион долларни тўлаб бериши керак бўлади.

Россия хоккей терма жамоаси ва кёрлинг терма жамоаси Олимпиадада иштирок этишига расман рухсат берилган.

Фото: AFP

Халқаро олимпия қўмитаси пресс-релизидан: ХОҚ Россия Олимпия Қўмитасини четлатди ва Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига спортчилар алоҳида бориши учун шароит яратиб берди. 

ХОҚнинг қарори нимага асосланган

Фото: Томас Бах / ХОҚ 

Халқаро Олимпия қўмитасининг допинг можаросини текшириш бўйича комиссияси раҳбари Самуэль Шмид маълум қилдики, Россия терма жамоаси четлатилишига фақатгина Россия антидопинг маркази раҳбари Григорий Родченковнинг кўрсатмаларигагина асосланмаган.

«Қайд этишни истардимки, бизнинг текширувларимиз фақат жаноб Родченковнинг кўрсатмаларига эмас, бошқа далиллар ва гувоҳларга ҳам асосланган», - деди сешанба кунги матбуот анжуманида Шмид.

Унинг сўзларига кўра, бундай далиллар қаторида ўзаро ёзишмаларни ҳам киритиш мумкин.

«Биз ўз қароримизни бошқа исботловчи кўрсатмалар билан ҳам мустаҳкам асосладик», - дея қўшимча қилган Шмид.

Муносабат

Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Александр Жуков

Фото: Александр Жуков / ТВ Центр

«Дарҳол айтаман, бу қарорда тушунарсиз жойлар кўп. Иккита ижобий жиҳат бор. ХОҚ россиялик барча «тоза» спортчиларга рухсат берди. Шунингдек, россиялик спортчилар «олимпия спортчилари» деб аталишади. Улар бизни Россияда бу тизимга айланганини (Макларен ҳисоботидаги допинг бўйича айбловлар) тан олишга мажбур қилмоқчи бўлишди. Биз буни ҳамиша инкор этамиз.

Қарорнинг ёмон томони - спортчиларимиз байроқсиз ва мадҳиясиз иштирок этиши керак. Ҳа, бу чеклов Олимпиаданинг охирги кунига қадар. Қишки Олимпиададан кейин бу чеклов олиб ташланади ва россиялик спортчилар якунловчи маросимга ўз байроқлари остида чиқиши мумкин». 

Россия ТИВ вакили Мария Захарова

Россия ТИВ расмийси Мария Захарова фейсбукдаги саҳифасида ХОҚнинг қарорига муносабат билдирди.

«Ҳамкорларимиз»нинг бу қароридан нималар кутиш мумкин? Лекин бизни издан чиқара олишмайди. На жаҳон урушлари билан, на Совет Иттифоқини қулатиш билан, на санкциялар билан... Яшашда давом этамиз <...> Оғриқлими? Жуда. Қалбим ва юрагим  спортчиларимиз билан. Омон қоламизми? Ҳа.» — дея ёзган Захарова.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров

Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилдики, ҳеч бир чечен спортчиси Олимпиадада нейтрал байроқ билан чиқиш қилмайди.

«Ғарб ҳали яна бир марта ўз юзини кўрсатди, бу иккиюзламачилик ва қўрқоқликдир. Россиянинг Олимпиададан четлатилиши — амалдорлар айби учун спортчиларни жазолашдир. Спорт халқларни бирлаштириши керак, дунёни бузиши эмас. Спортдан сиёсий манфаатлар йўлида фойдланиш — кучсизлик ва қўрқоқлик белгиси.

Россияликлар учун ўз байроғи билан ҳаракат қилиш муҳимдир. Бизда Ватан бор, бизда ватанпарварлик бор! Ҳеч бир чечен спортчиси нейтрал байроқда қатнашмайди. Олимпиадага бориши керак бўлган барча чечен спортчиларини биз ғолиблар, деб биламиз!

ХОҚ Россиянинг уч ранги Олимпиадада кўп кўтарилишидан қўрқади. Ғарбда байроғимиз шундай қўрқув уйғотади. Лекин сиёсатчилар сиёсатчилар билан, спортчилар спортчилар билан баҳслашиши керак. Бу оддий мантиқ.

Аммо ҳозир асосийси, тушкунликка тушмасликдир. Бу бизни янада кучлироқ қилиши керак. Россия қудратли давлат ва биз буни бир неча бор исботлаганмиз», — дея Қодировнинг сўзларини келтирган RT.

Валуев россиялик спортчиларни Олимпиадага бошқа байроқ остида бўлса ҳам боришга чақирди

Фото: ТАСС

Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуев россиялик спортчиларга мурожаат қилди.

«Болалар, спорт — сизнинг ҳаётингиз ва тақдирингиз! Ва бу ҳаёт узоқ давом этмайди. Шундай экан, боринг ва барча рақибларингизга кўрсатиб қўйинг. Сиз ғалаба қозонар экансиз, биз сизнинг ғалабаларингизни хурсандчилик билан нишонлаймиз! Ҳаммангизга раҳмат! Спортга алоқадор бўлмаган одамлар буни тушуна олмайди. Худо уларга тўзим берсин», — дея Валуевнинг сўзларини келтирган RT.

Икки карра олимпиада чемпиони Евгения Медведева

Фото: ТАСС

Медведева Олимпиадага Россия байроғисиз боришини тасаввур қила олмаяпти.

«Мен Олимпия ўйинларига Россия байроғисиз бориш вариантини қабул қила олмайман. Мен ўз мамлакатим билан фахрланаман, мен Олимпиадада ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишим керак эмасми? Бу туйғу мени чиқишларим вақтида илҳомлантирар ва куч берарди.

Бундан ташқари, мен Олимпиадада шахсий чиқишлардан кўра, жамоавий чиқишларни муҳим биламан. Агар мен миллий байроқсиз чиқсам, жамоавий бўлиб қатнаша олмайман. Бошқа рақибларимда эса бундай имконият бўлади. Олимпия хартиясига кўра, барча спортчилар тенг имкониятларга эга бўлиши керак. Бу ҳолатда эса тенглик кўрмаяпман», — деган Медведева.

Энди нима бўлади?

Фото: Константин Чалабов / РИА Новости

ХОҚ ўз қарорини эълон қилди. Энди сўз Россия томонига. «Спорт жамоатчилиги 12 декабрь куни олимпия йиғилиши ўтказади ва бу масала муҳокама қилинади. Унда барча спортчилар ва мураббийлар қатнашиб, Олимпиадада қатнашиш шартлари бўйича ўз қарорларини маълум қилишади», - дея қайд этган Жуков.

ХОҚ раҳбари Томас Бах қабул қилинган қарорни ўқиб берди. У якунда допингга алоқадор бўлмаган, лекин бу қарордан азият чекадиган россиялик спортчиларга ачинишини қўшимча қилди.

«Олимпия бойкоти натижаларга таъсир қилмайди. Россиялик спортчилар бойкот қилиши учун сабаб кўрмаяпман. Россияда «тоза» спортчилар ҳам борлигини кўрсатишимиз муҳим. Мен ўзим ҳам спортчи бўлганман, мен допингга аралашмаган барча россиялик спортчилар бу қарордан жабрланаётгани учун қаттиқ афсусдаман. Бундай «тоза» спортчилар келажакдаги «тоза» спорт учун кўприк ўрнатишлари мумкин», деган Бах.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид