Жамият | 12:36 / 15.12.2022
19277
2 дақиқада ўқилади

ССВ огоҳлантиради: Пақилдоқлар болаларда бир умрлик оғир асоратлар қолдириши мумкин

Пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш туфайли руҳий бузилиш, сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари ва қандли диабет келиб чиқиши мумкин. Ҳомилага зиён етиши эҳтимоли юқори.

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йил байрами арафасида пақилдоқлар мавсуми бошланиб кетганига эътибор қаратиб, унинг оқибатларидан огоҳлантирди.

«Қонуний тақиқларга қарамай, бундай маҳсулотларни сотишга уринаётганларнинг ягона дарди — пул ишлаш.

Ўйинқароқ болалар-у ўсмирлар эса пиротехниканинг ўзи ва ён-атрофдагиларга зиёнидан етарлича хабардор эмас», дейилади хабарда.

Тиббиёт ходимларининг огоҳлантиришича, бундай воситаларнинг бехосдан қаттиқ пақиллаши кишиларни чўчитиб, юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолат фожиали ўлим билан ҳам якун топиши мумкин. 

  • Юз, кўз, қўл соҳаларида оғир куйиш жароҳатлари;
  • кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши;
  • жароҳат асорати билан боғлиқ пластик операцияларга муҳтожлик, куйган соҳаларда дағал чандиқлар; 
  • қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши «пақилдоқ» ва салютларнинг салбий оқибатларидир.

Пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш туфайли:

  • руҳий бузилиш;
  • сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари;
  • қандли диабет; 
  • ҳомилага зиён етиши эҳтимоли юқори.

«Яқин масофада пиротехника пақиллашидан инсон баротравма ва акустик жароҳатлар олиб, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига йўлиқиши мумкин.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналар ва жондан азиз фарзандларимизни яна бир бор эҳтиёткорликка чақиради», дейилади вазирлик хабарида. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид