Жаҳон | 17:41 / 25.05.2024
17982
2 дақиқада ўқилади

АҚШда полиция қийноққа солган шахсга 900 минг доллар тўланадиган бўлди

У 17 соатлик сўроқ вақтида полиция томонидан руҳий босимга учраган ва аслида қилмаган жинояти учун айбига иқрор қилинган.

Фото: Томас Перес сўроқ вақтида / Фонтана полиция департаменти

АҚШнинг Калифорния штати Фонтана шаҳри маъмурияти сўроқ вақтида полиция томонидан руҳий босимга учраган фуқаро Томас Пересга 900 минг доллар товон пули тўлайдиган бўлди, деб Los Angeles Times хабар бермоқда.

Таъкидланишича, 2018 йил августида Томас отасининг йўқолиб қолганлиги ҳақида полицияга хабар берган. Полиция эса дастлаб Томаснинг ўзини сўроқ қилган. Сўроқ 17 соат давом этган. Йигитни ўз отасини ўлдирганликда айблашган. Уни айбига иқрор бўлиши учун эса руҳий босим ўтказилган. 

“Сўроқнинг 16-соатида Перес отаси билан жанжаллашиб қолганлиги учун унга пичоқ билан жароҳат етказганини айтади”, — дея ёзади нашр.

Қийноқлар сабаб у айбни бўйнига олган. Бироқ Томаснинг отаси тирик бўлиб чиқади. У ўшанда дўстининг уйида бўлган, кейинроқ эса Шимолий Калифорниядаги қизини кўришга бориш учун халқаро Лос-Анжелес аерпортида рейсини кутаётган бўлган. 

Қайд этилишича, полиция бу маълумотни яширган ва Переснинг ўзини руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирган.

Шундан сўнг Томас Перес Фонтана шаҳри устидан судга даъво киритган. Якунда суд Переснинг даъвосини қаноатлантирган. Унга қарийб 900 минг доллар товон пули тўланиши белгиланди.

Мавзуга оид