Жаҳон | 08:56 / 17.06.2024
6332
4 дақиқада ўқилади

НАТО ядро қуролини шай ҳолатга келтиришни муҳокама қилмоқда

НАТО Россия, Хитой ва КХДРни тийиб туриш учун блокнинг ядровий қуролларини жанговар шай ҳолатга келтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда алянс бош котиби Йенс Столтенберг The Telegraph газетасига берган интервюсида гапирди.

Фото: Yves Herman/ Reuetrs

Шимолий Атлантика алянси Россия ва Хитой таҳдиди кучайиб бораётган бир шароитда блокнинг ядровий қуролларини жанговар шай ҳолатга келтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 16 июн, якшанба куни чоп этилган The Telegraph газетасига берган интервюсида гапирди

«Мен қанча ядро каллаклари шай туриши ва қайси бири омборда бўлиши кераклиги ҳақида оператив тафсилотга тўхталмайман, аммо бу масалалар бўйича маслаҳатлашишимиз керак. Айнан шундай қиляпмиз», - деди Столтенберг. 

Унинг сўзларига кўра, НАТО ядро стратегиясининг асоси шаффофлик бўлиши керак, у рақибларга «тўғридан тўғри хабар юборишга ёрдам беради». «Мақсадимиз, албатта, ядровий қуролсиз дунё, аммо у мавжуд экан, биз ядровий иттифоқ бўлиб қоламиз, чунки Россия, Хитой ва Шимолий Кореяда ядровий қуролга бўла туриб, НАТОда бўлмаслиги янада хавфлироқ вазият келтириб чиқаради», - дея таъкидлади Столтенберг. 

Москва ядровий доктринани ўзгартириш билан таҳдид қилмоқда 

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг 11 июн куни айтганидек, Ғарб давлатларининг ҳаракатлари «ядровий тийиб туриш бўйича ҳужжатларни ҳозирги эҳтиёжларга мослаштириш масаласини кўтармоқда». Май ойининг ўрталарида у Россия Федерацияси «қизил чизиқлар» масаласини «чеккага қўйиши» ва ядровий таҳдидлар масаласида Ғарбга бир хил жавоб беришини айтди. 

7 июн, жума куни Владимир Путин «ПМЭФ» доирасида Россиянинг ядровий доктринаси ўзгартирилишини истисно этмади ва уни «жонли восита» деб атади. Ўз нутқининг бошида у Россия Федерацияси «ядровий қуролни қўзғатмоқчи» эмаслигини айтди, аммо кейинчалик Европа бу масалада «нисбатан ҳимоясиз» эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Путин «ядровий зарба беришгача иш етиб бормайди» деган ҳақиқатдан келиб чиқишини қўшимча қилди.

Россия ва Беларус ядровий машқлар ўтказмоқда 

21 май куни Россия стратегик бўлмаган ядровий кучларнинг машғулотларини бошлади ва улар эҳтиёжини «ғарб расмийлари Россия Федерациясига қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидлари» билан изоҳлади. Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машғулотларнинг биринчи босқичида «Искандер» комплекслари ва «Кинжал» гипертовушли ракеталари қўлланган. 

11 июн куни бошланган иккинчи босқичда Беларус ҳарбийлари «Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси қуролли кучлари бўлинмаларини стратегик бўлмаган ядровий қуролдан жанговар фойдаланиш бўйича биргаликда тайёрлаш масалаларини ишлаб чиқиш учун» машғулотларга қўшилди».

Май ойи бошида Беларус Республикаси раҳбари Александр Лукашенко Беларусда тактик ядровий қуролларни «тўсатдан текшириш»ни буюрди. Бундан бироз олдин у Россия Ғарбнинг ҳаракатларига жавобан бутун арсеналини ишлатса, «апокалипсис» юз беришини айтганди. 

2023 йил июн ойида Владимир Путин Александр Лукашенко билан учрашувда ўша йилнинг июл ойида Россия ўз ядро қуролини Беларус ҳудудида жойлаштиришни режалаштираётганини айтди. Кейинроқ Беларус раҳбари Россия ядро қуроллари мамлакатга етиб келганини билдирди. 2024 йил март ойида Foreign Policy журнали манбаларга таяниб, Ғарб разведкаси буни тасдиқлаганини ёзган эди. 

Мавзуга оид