Жаҳон | 19:54 / 09.10.2025
3891
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади – ОАВ

Музокаралар Шарм аш-Шайх курорт шаҳрида Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида бўлиб ўтди. Келишув зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан қисман олиб чиқишни назарда тутади.

Фото: AFP/Getty Images

Исроил ва ҲАМАС ҳаракати тинчлик режасининг биринчи босқичи доирасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни алмашиш бўйича келишувга эришди, деб хабар берди Reuters манбалари.

Музокаралар Шарм аш-Шайх курорт шаҳрида Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида бўлиб ўтди. Келишув зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан қисман олиб чиқишни назарда тутади.

Reuters хабарига кўра, биринчи босқич келишув кучга кирган вақтдан бошлаб 72 соатга мўлжалланган. Бу вақт ичида ҲАМАС барча тирик гаровга олинганларни топшириш, Исроил эса фаластинлик маҳбусларнинг бир қисмини озод қилиш ва қўшинларни олиб чиқишни бошлаш мажбуриятини олади.

Келишувларнинг амалга оширилиши халқаро воситачилар назорати остида бўлади. Миср ва Қатар шартлар бажарилиши мониторингини таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.

Reuters мухбирларининг хабар беришича, Ғазо ва Ғарбий Соҳил аҳолиси сулҳ ҳақидаги хабарни олқишлар ва тинчлик учун оммавий дуолар билан кутиб олган.

Нетаняҳу офисининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш Исроил ҳукумати келишувни ратификация қилгандан 24 соат ўтгач кучга киради, унинг вакиллари 9 октябр куни кечроқ йиғилади. Шундан сўнг, 72 соат ичида гаровга олинганлар озод қилиниши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид