Жамият | 15:50 / 04.07.2019
13551
10 дақиқада ўқилади

«Қушқочди» нега обод қишлоққа айланмади? Навоийдаги маҳалла аҳли ишлар якунига етмагани ва маблағлар ўз ўрнида ишлатилмаганини айтмоқда

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони билан мамлакатимиздаги ҳар бир туманда (шаҳар) иккитадан, 2019 йилдан эса учтадан қишлоқда (маҳалла) дастур доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилиши белгиланган.

Мазкур фармон асосида чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси турмуш тарзи, ижтимоий шарт-шароитларни яхшилаш, мавжуд инфратузилма, коммуникация тармоқларини замон талабларига мослаштириш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, пировардида, одамлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган катта ишлар бошланган эди.

Хўш, белгиланган тадбирлар қандай амалга ошириляпти? Ишлар сифатли бажариляптими ёки муаммолар борми?

Тан олиб айтиш керакки, «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилаётган ишларни барча ҳудудларда бирдек олиб бориляпти, деб бўлмайди. Белгиланган чора-тадбирлар якунига етмай қолаётгани, бир қатор муаммолар мавжудлиги, бу эса аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўлиши ҳолатлари учрамоқда.

Kun.uz таҳририятига шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги «Қушқочди» маҳалласи аҳолисидан келди.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, маҳалла аҳолисининг эътирозларини тингладик.

«Обод қишлоқ» дастури асосида маҳалламизда ободонлаштириш ишлари олиб борилишини эшитганимизда жуда хурсанд бўлгандик. Бир қатор ишлар қилинди. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади. Маҳаллада дастур асосида қилинган ишларнинг кўп қисми якунига етмасдан қолиб кетди. Айниқса, ичимлик сув масаласида. Қазилган ҳандақлар шундайлигича турибди. Сувдан дарак ҳам йўқ. Кўчалар тўлиқ таъмирланмади. Қисқаси, ҳаммаси чала. Тўғриси, маҳалла аҳолиси учун ваъда қилинган қулайликлар яратилмади», – дейди биз билан суҳбатда маҳалла аҳолиси.

Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнида иштирок этган Навбаҳор тумани  ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Аслиддин Раҳимов (эндиликда собиқ, мақолани тайёрлаш жараёнида маълум бўлишича, у лавозимидан озод этилган) изоҳ берди.

«Ушбу маҳалла 2018 йил «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Тўғри, айрим ишлар якунига етмай қолди. Бу маблағ масаласи билан боғлиқ. Дастурдаги лойиҳалар учун ажратилган маблағлар етарли бўлмагани учун ичимлик суви ва йўллар таъмирланиши охиригача қилинмади. Аммо келгусида бу ишлар якунига етказилади», – дейди Раҳимов.

Маҳалла фаоллари эса ажратилган «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллага ажратилган маблағлар тўлиқ сарфланмагани, талон-торож қилингани учун ишлар якунига етказилмаганини иддао қилишмоқда.

Бу тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш олиб боришни талаб этадиган масала, албатта.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, маҳалладаги «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилган ободонлаштириш ишларидан айрим фуқаролар ва тадбиркорлар ҳам жабр кўрган.

Жумладан, маҳаллада яшовчи Олтиной Қодированинг уйи маҳалладаги кўчалардан бирининг бошида жойлашгани учун кўча қиёфасини яхшилаш мақсадида замонавий қилиб қуриб бериш важи билан махсус техника ёрдамида бузиб ташланган.

Хонадон эгалари 2018 йил декабрь ойигача палаткада яшашга мажбур бўлган. Бу орада палаткада  хонадон соҳиби Олим Қодировнинг жағ қисмидан илон чақиб ҳам олган. Бу ҳолат бўйича тиббий хулосалар билан ҳам танишдик. Ҳақиқатан ҳам хонадон соҳиби илон чақиши оқибатида ўткир заҳарланишни бошидан ўтказган.

Уй бузилишидан аввал ҳокимият уй эгаларига тақдим этган янги, замонавий уй лойиҳалари билан танишдик. Орадан бир йил ўтса ҳам хонадон эгалари зўрға битириб олган, ҳали томи шифер қилинмаган бошпанасини кўриб, лойиҳа номига кўрсатилиб, хонадон эгаларининг қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилганини англаш қийин эмас.

Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, бу каби алданган фуқаролар маҳаллада талайгина.

Бу ҳолат юзасидан ҳам А.Раҳимовнинг фикрларини тингладик.

«Хонадон эгалари билан янги уй қурилишининг ярмини ўзлари амалга оширишига келишганмиз. Биз имконият даражасида ёрдам бердик. Ҳали яна ёрдам бериш чораларини кўрамиз», – дейди Раҳимов.

Аммо бундай келишув оғзаки бўлган ва бирор расмий ҳужжат ҳам йўқ. Хонадон эгалари эса туман ҳокимияти вакиллари ваъдаларига ишониб, уйи бузилишига рози бўлишганини таъкидлашмоқда.

Маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилган ободонлаштириш ишлари давомида ҳокимият вакиллари ва тадбиркор Фарҳод Абдуллаев ўртасида ҳам низо келиб чиққан ҳамда ҳозирга қадар бу низо давом этмоқда.

Тадбиркор Ф.Абдуллаев шу маҳаллада 1993 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. Ўзи III гуруҳ ногирони. Маҳаллада жойлашган савдо дўконида фаолият юритган ва аҳолига маиший хизмат кўрсатадиган бир нечта объекти бўлган.

2018 йилда маҳаллада дастур асосида ишлар бошланганида туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари томонидан Ф.Абдуллаевга тегишли дўкон «Обод қишлоқ» штаби учун вақтинча олинган. Тадбиркор дўкон фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Қолаверса, дўкон ётоқхона қилингани учун расталари синдириб олинган. Тадбиркорга моддий зарар етказилган.

Шу туфайли Ф.Абдуллаев ҳокимият вакилларидан ўз мулкига етказилган зарарни қоплашни ва дўкондан чиқиб кетишларини сўрайди.

Шу вақтдан тадбиркор ва ҳокимият вакиллари ўртасида низо бошланади. Ҳокимлик мутасаддиси А.Раҳимов кўрсатмаси асосида ноқонуний қурилган важи билан Ф.Абдуллаевга тегишли бўлган савдо дўкони олдидаги сартарошхона, гулзор ва фонтан бузиб ташланади. Бузилган объектлардан чиққан қурилиш материаллари бошқа мақсадларда ишлатиб юборилади. Тадбиркор мулки очиқчасига талон-торож қилинади.

Тадбиркор Ф.Абдуллаевнинг даъвоси асосида Навбаҳор туман маъмурий судининг 2019 йил 29 январдаги қарори билан туман ҳокимлиги мутасаддиси А.Раҳимов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилади ва энг кам иш ҳақининг икки баравар миқдорида жарима жазоси тайинланади.

Тадбиркор Ф.Абдуллаев унга етказилган зарар қопланмаётгани, ўзига нисбатан ноҳақлик қилингани ва мол-мулкини талон-торож қилганлар жиноий жавобгарликка тортилмаётганидан норози.

«Мен тегишли жазомни олдим. Қолгани туҳмат. Бу савдо дўкони аввал ҳам фаолият юритмас эди», – дейди Раҳимов биз билан суҳбатда.

Аммо холислик нуқтаи назаридан маҳалла аҳолисининг фикрини тинглаганимизда, улар дастур асосида ишлар бошланмагунга қадар савдо дўкони фаолият юритгани, барча зарур маиший маҳсулотларни шу дўкондан харид қилганликларини, ҳозирда шу қулайлик ҳам йўқ қилинганини билдирди.

Айни вақтда тадбиркор Ф.Абдуллаевга тегишли савдо дўкони фаолият юритмаяпти. Ҳокимият вакиллари томонидан катта қулф осиб қўйилган. Қисқаси, бори ҳам йўқ қилинган.

Умуман, маҳаллада «Обод қишлоқ» дастури асосида амалга оширилган ишлар ва ажратилган маблағ бўйича туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосаридан маълумот сўраганимизда, у бир-икки кун ичида маълумот тақдим этишини билдирган эди. Афсуски, бир неча кун ўтса-да маълумот тақдим этилмади.

Ушбу масала юзасидан Навбаҳор тумани ҳокими Лочин Облоқулов билан боғланиб, изоҳ сўрадик.

«А.Раҳимов умумий фаолияти қониқарсиз бўлганлиги учун ҳоким ўринбосари лавозимидан озод этилди. «Қушқочди» маҳалласидаги «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишларга келадиган бўлсак, ажратилган маблағлар мақсадли сарфланган. Якунига етмай қолган ишлар эса албатта тегишли чора-тадбирлар асосида битказилади. Амалга оширилган ишлар бўйича барча маълумотларни тақдим этамиз», – дейди туман ҳокими.

Шундан сўнг, Навбаҳор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Азиз Хўжаев «Қушқочди» маҳалласидаги «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган маълумот тақдим этди.

Маълумотга кўра, «Қушқочди» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури доирасида 32 минг тонна қурилиш чиқиндилари чиқарилган, 400 донадан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилган ва жами 2,4 млрд сўм маблағ сарфланган.

Маҳалладаги 4-умумий ўрта таълим мактабида 240 ўринли янги ўқув блоки, маҳалла гузари биноси, спорт майдончаси, нодавлат мактабгача таълим муассасаси, мини-маркет янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган. Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пункти биноси, мавжуд умумтаълим биноси мукаммал таъмирланган. Электр таъминоти учун «Ўзбекэнерго» АЖ маблағи ҳисобидан 1 дона ТП (10-6кВ) янгидан ўрнатилган ҳамда 7 км 10/0,4 кВли ҳаво тармоғи қуриш ишлари учун жами 100 млн сўм маблағ режалаштирилган бўлиб, 100 млн сўм маблағ молиялаштирилган. 1 км 10/04 кВли ҳаво тармоғи қуриб битказилган ва 1 дона ТП (10-6кВ) трансформатор, 4 кмли 10/0.4 кВли ҳаво тармоғи қуриш ишлари тўлиқ якунланган.

Автомобиль йўллари ва ички кўчаларни реконструкция қилиш ҳамда жорий таъмирлаш ишлари учун 1454,6 млн  сўм молиялаштирилиб, Навбаҳор тумани «Йўллардан фойдаланиш» УК томонидан қурилиш ишлари белгиланган смета маблағлари доирасида якунига етказилган.

11,8 км ичимлик суви тармоғини ўтказиш учун 2058,4 млн сўм маблағ режалаштирилиб, бугунги кунда белгиланган смета маблағлари доирасида ишлар бажарилган.

Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, маҳалла аҳолиси ҳамон ичимлик сув муаммосидан қийналмоқда. Қолаверса, йўллар охиригача таъмирланмаган. Тадбиркор ва уйи бузилган фуқаролар муаммолари орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтса-да, ҳал этилмасдан қолмоқда.

Kun.uz Навоий вилояти ва Навбаҳор тумани ҳокимликлари ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари «Қушқочди» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишлар ортидан юзага келган муаммолар, низоларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўришига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид