Ўзбекистон | 14:13 / 19.04.2020
43667
3 дақиқада ўқилади

Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилиши қонунийми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилишини ноқонуний деб ҳисобламоқда. Адлия вазирлиги масъули ходими эса бундай фикрда эмас.

Фото: KUN.UZ

Депутат нимадан норози?

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали сўнгги вақтларда депутатларнинг ҳуқуқбузарликларга оид ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида бўрттириб кўрсатилаётгани ҳақидаги эътирози орасида карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилиши ноқонуний эканлиги ҳақида фикр юритган.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш асослари келтириб ўтилган бўлиб, унда ушбу кодекснинг 54-моддаси талаблари, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш келтирилмаган. Бундан келиб чиқадики, жойларда карантинга риоя этмаганлик сабабидан автомобилларни жарима майдонларига тиқиб қўйиш ноқонунийдир. У ерда турган ҳар бир кун учун тўлов ҳам бор. Негадир бунга кўз юмишга ҳаракат қилиняпти. Кодекс бу – қонун. Қарор, топшириқ, буйруқлар қонундан устунмас», дейди Р.Кушербаев.

Адлия вазирлиги масъул ходими нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Ғайбулло Примов эса бироз бошқача фикрда. Унинг сўзларига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ички ишлар органлари томонидан МЖтКнинг 10дан ортиқ моддасида назарда тутилган 50га яқин қоидабузарликлар бўйича транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, кодекснинг мазкур моддасида қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш мумкинлиги белгиланган.

Маълумки, президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 январдаги  Ф-5537-сонли Фармойишига мувофиқ коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди. Мазкур комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида йўл-патруль хизмати ходимлари карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади деб хулоса қилиш мумкин», деб ҳисобламоқда вазирлик вакили.

Хулоса ўрнида

Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги масъул ходими ўз изоҳида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлигини айтмоқда. Чунки амалиётда автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарган шахслар ҳам МЖтКнинг 54-моддаси билан жавобгарликка тортилмоқда.

Депутат эса айнан қандай усулда карантин қоидалари бузилганда автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилаётганидан норозилигига аниқлик киритмаган.

Мавзуга оид