Ўзбекистон | 10:20 / 06.11.2022
22562
6 дақиқада ўқилади

Менингит нега кузда авж олади? Мутахассис жавоб берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Кунлар совиб, ҳаво ҳарорати сезиларли даражада ўзгариши аҳоли орасида турли юқумли касалликлар авж олишига замин яратади. Улардан бири менингитдир. Хўш, у қандай касаллик? Менингитнинг келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат? ССВ матбуот хизматининг ушбу саволларига Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова жавоб берди.

— Менингит — ўта юқумли касаллик бўлиб, бош ва орқа миянинг яллиғланиши ҳамда умумий интоксикация белгилари билан кечади, — дейди мутахассис. — Бунда юқори тана ҳарорати, мия шишиши, бош чаноғи ичида босим кўтарилиши кузатилиб, орқа мия суюқлигининг ликвори ўзгаради. Аксарият ҳолларда касалликка вирус, баъзида бактерия, замбуруғлар ёки оддий микроорганизмлар ҳам сабабчи бўлади. 

Ҳатто, бактерия ва вирус биргаликда ҳам касалликни келтириб чиқариши мумкин. Менингит жуда тез авж олади. Агар бемор тана ҳарорати тўсатдан кўтарилган вақт унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу ҳолат ўлим билан тугайди.

Ушбу касаллик асосан ҳаво ҳарорати ўзгариши, овқат рационидаги чеклашлар ва витамин етишмаслиги сабабли келиб чиқади. Қолаверса, иммунитет пастлиги, пневмония, фарингит, отит, грипп, туберкулёз, сифилис, ОИТС, жигар циррози, кучли стресс, невроз, бош мия чайқалиши, совуқ қотиш, антибиотикларни палапартиш қабул қилиш ҳамда кучли диета кабилар ҳам менингитни чақириши мумкин.

Хасталик қўзғатувчиси одамдан одамга юққани боис ушбу инфекцияга фақат одамлар чалинади. Унинг манбайи инфекцияни ташувчилар ҳисобланади. Бу хасталик йил давомида кузатилиши мумкин, аммо уни кўпроқ мавсумий (куз-қиш ва баҳор) дард, десак тўғри бўлади.

Бу вирус ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, одам организмидан ташқарида 30 дақиқадан сўнг нобуд бўлади. Микроб бурун, ҳалқум, орқа мия суюқлиги, қон ва терида кўпаяди. Шу боис унга чалинган бемор инфекция манбайи ҳисобланади. Менингит исталган ёшда учраши мумкин.

Бироқ сўнгги йиллардаги таҳлилларга кўра, касаллик 70-80 фоиз ҳолатда 14 ёшгача бўлган болаларда кузатилмоқда. У, айниқса, бир ёшли ўғил-қизларда оғир кечади. Чунки уларда иммунитет тизими яхши шаклланмаган бўлади.

Касалликка чалинган беморнинг тана ҳарорати 40 даражагача кўтарилади. Бемор бош оғриши, бош айланиши, томоқ ачишиши, ютинишдаги оғриқ, бурун битиши, кўнгил айниши, қусиш, эшитиш қобилияти бузилиши кабилардан шикоят қилади. Қолаверса, ҳолсизлик, ҳалқум орқа девори шиши, қалтираш ва судирги кузатилади.

Оғир ҳолларда ҳушни йўқотиш, болаларда талвасалар, кам ҳолларда эса галлюцинация юзага келиши мумкин. Барча клиник белгилар 1-2 кун ичида кучайиб боради. Биринчи кун охири, иккинчи кун бошларида терида тошмалар тоша бошлайди. Улар бир вақтнинг ўзида терининг барча юзаларида, айниқса, оёқларда пайдо бўлади. Баъзида бармоқларнинг учи, товон, қулоқ супраларида ҳам ривожланиши мумкин.

Бундай пайтда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Сабаби ушбу ҳолатда хасталикка чалинган инсон уй шароитида эмас, балки юқумли касалликлар шифохонасида тиббиёт ходимлари назорати остида даволаниши лозим. Қолаверса, бемор хонадони дезинфекция қилиниши ва унинг яқинлари мутахассис кузатувида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Менингитга чалинган беморда эшитиш қобилияти йўқоладими?

— Менингит турли йўллар билан юқади, — дейди шифокор Муҳайё Асилова. — Улар орасида энг кўп тарқалгани қуйидагилар:  

  • йўталиш пайти ва акса урганда ҳаво-томчи ва сўлак орқали;
  • бемор билан битта идиш, сочиқ, тиш чўткаси кабилардан фойдаланиш;
  • озиқ-овқатни ювилмаган қўллар билан истеъмол қилиш; 
  • қон ва лимфа тугунлари орқали;
  • бачадон ичида ривожланиш вақтида йўлдош орқали, шунингдек туғуруқ йўлларидан ўтишда ёки инфекциянинг ҳомилага амниотик суюқлик орқали юқиши ва ҳоказо.

Касалликнинг яширин даври 2-4 суткагача бўлиб, агар вирус миқдори кўп ёки бемор иммунитети паст бўлса, бу муддат яна ҳам қисқариши мумкин. Хасталикни даволаш учун 4-6 ҳафта, баъзида 2-3 ой керак бўлади. Уни даволашда жарроҳлик усули қўлланмайди. Шифокор тавсия қилган дори-дармон воситаларини истеъмол қилиш даволанишда энг самарали усул ҳисобланади.

Аксарият ҳолларда ҳеч қандай асорат қолмайди. Бироқ даволаш кеч бошланган ҳолатлар ёки менингитнинг оғир турларида турли асоратлар қолиши мумкин. 

Бундай беморларда сурункали бош оғриғи, инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг ошиши, хотира бузилиши кузатилади. Жуда кам ҳолларда эшитиш пасайиши, тутқаноқ хуружлари ва ақлий ривожланишдан ортда қолиш кўзга ташланади. Шунингдек, юриш вақти координациянинг бузилиши, кам ҳолларда буйрак етишмовчилиги ҳам унинг асорати бўлиши мумкин.  
 
Ушбу хасталикка чалинмаслик учун, энг аввало, совуқ қотмаслик лозим. Қолаверса, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиб юриш, бемор билан контактда бўлмаслик, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш мақсадга мувофиқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид