Қиш фаслида шамоллаш, қулоқ ва бурун ён бўшлиқлари билан боғлиқ касалликлар кўпайиши кузатилади. Мутахассислар бу ҳолатни фақат совуқ об-ҳаво билан эмас, кундалик ҳаётда одатга айланган айрим нотўғри хатти-ҳаракатлар билан ҳам изоҳлайди. Шулардан бири бошни ювиб, соч ва бош териси тўлиқ қуримасидан ташқарига чиқишдир.

Тиббий кузатувларга кўра, соч ва бош терисининг қуриш вақти сочнинг узунлиги, қалинлиги ҳамда хона шароитига боғлиқ. Одатий ҳарорат ва ўртача намликда қисқа сочлар тахминан 20-30 дақиқада, ўртача узунликдагилар 30-45 дақиқада, узун ва қалин сочлар эса 45-60 дақиқа, айрим ҳолларда 1-1,5 соатгача бўлган вақтда қурийди. Бош териси кўпинча сочдан олдин қуригандек туюлади, аммо илдизлар орасида намлик узоқроқ сақланиб қолади. Айнан шу яширин намлик совуқ ҳавода асосий хавф омилларидан бирига айланади.

Қандай асоратлар кузатилиши мумкин?

Совуқ ва намлик биргаликда организм учун икки карра стресс ҳисобланади. Нам соч совуқ ҳавода иссиқликни тез йўқотади, натижада бош терисидаги қон томирлари кескин торайиб, қон айланиши вақтинча бузилиши мумкин. Бу ҳолат бош оғриғи, энса ва бўйин соҳасида оғриқ, умумий ҳолсизлик каби аломатлар билан намоён бўлади. Шамолли об-ҳавода бу таъсир янада кучаяди.

Кўпчилик шамоллашни фақат томоқ ёки бурун билан боғлайди. Аслида эса нам бош билан совуқ ҳавога чиқиш қулоқ яллиғланиши (отит), синусит, бурун битиши ва юз соҳасида оғриқ пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Қишки совуқ соч ва бош териси ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Нам соч совуқда мўртлашиб, тез синувчан бўлади, учлари ажралади. Бош териси қуриб, қичишиш ва кеепек кучайиши мумкин. Бу жараёнлар узоқ давом этса, соч тўкилиши ҳам ортиши эҳтимолдан холи эмас. Дерматологлар бундай ҳолатларни мавсумий соч муаммоларининг асосий омилларидан бири сифатида қайд этади.

Соч қуритгич ёрдам берадими?

Соч қуритгич (фен) ишлатилганда соч тўлиқ қуригандек туюлади. Аммо бу ҳар доим ҳам бош терисида намлик қолмаганини англатмайди. Сочнинг тўлиқ қуриши қуритгич қандай ва қанча вақт ишлатилгани, шунингдек, соч толаларининг тури ҳамда қалинлигига боғлиқ.

Агар соч қуритгич тўғри қўлланса, яъни қуритиш илдиз қисмидан бошланиб, соч қатламларга ажратилган ҳолда илиқ ҳаво режимида 5-20 дақиқа давом эттирилса, соч билан бирга бош териси ҳам тўлиқ қурийди. Бундай ҳолда намлик деярли сақланиб қолмайди ва қишда кўчага чиқиш нисбатан хавфсиз бўлади.