2025 йил феврал ойи бошидан Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига борадиган зиёратчилардан менингитга қарши эмланганлик ҳақидаги ҳужжат талаб этилади. Ушбу давлат Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуни талаб қилувчи ҳужжат қабул қилди.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилинган янги тартибга кўра, мамлакатга Умра ва Ҳаж зиёрати ёки зиёрат даврида мавсумий ишлаш учун келадиганлардан менингитга қарши эмланиш талаб этилади. Бу касаллик бош мия қобиғи ва орқа миянинг яллиғланиши билан кечади. Унда айтилишича, барча мамлакатлардан келадиган 1 ёш ва ундан катта фуқаролар ушбу касалликдан эмланганлик ҳақида сертификат тақдим этиши керак. Сайтда қироллик томонидан тасдиқланган вакциналар номи ҳам келтирилган:
MenACWY полисахарид вакцинаси — ўтган уч йил ичида ва мамлакатга келишдан камида 10 кун олдин қабул қилинган бўлиши керак;
MenACWY conjugated2 вакцинаси — ўтган беш йил ичида ва мамлакатга келишдан камида 10 кун олдин қабул қилинган бўлиши керак.
Бундан ташқари, Қироликка кириш учун полиомиелит инфекцияси ва сариқ безгакка қарши эмланганлик ҳам талаб этилади.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ҳамда Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда иштирок этувчи турфирмалар, шунингдек, авиакомпанияларга ушбу ҳолат бўйича хат билан чиқди. Унда айни пайтда республиканинг айрим ҳудудларида менингококк инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани қайд этилган.


“Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни даврда ўткир респираторли инфекциялар, шу жумладан, менингококк инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши кузатилаётгани маълум қилинган. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 мингдан 500 минггача менингит ҳолатлари қайд этилади. Шу жумладан, 30 мингдан 50 минггача ўлим ҳолатлари кузатилади.
Айни пайтда республиканинг қатор маъмурий ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Наманган вилоятларида менингококк инфекцияси бўйича эпидемик вазият мураккаблашгани кузатилмоқда. Касалликлар орасида ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. Эпидемиологик суриштирувларда аксарият ҳолатларда касаллик мамлакатдан ташқарида бўлиб қайтган фуқароларнинг мулоқотидан кейин юзага келгани, айниқса, Умра сафари билан боғлиқлиги аниқланган”, дейилади қўмита хатида.











