Ўзбекистон | 14:51 / 07.12.2019
6033
2 дақиқада ўқилади

«Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ҳунармандлар пенсия олиши мумкин бўлади

2019 йил 6 декабрь куни «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4539-сонли қарорида белгиланган вазифалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

«Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ҳунармандчилик соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг маълум қилишича, «Ҳунарманд» уюшмасидан рўйхатдан ўтган ҳунармандлар сони 2019 йил 1 декабр ҳолатига кўра 28 300 нафарни, шогирдлар сони 53 500 нафарни ташкил этади. Банклар томонидан 12 402 та лойиҳа молиялаштирилган ҳамда 405,1 млрд сўмлик маблағ сарфланган, 46 400 та янги иш ўрни яратилган. 2018-2019 йилларда республика бўйича 18 млн АҚШ доллари миқдорида ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

Улуғбек Абдуллаев

Бундан ташқари, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлгани, аъзолик бадали тўлагани эвазига ҳунармандлар учун пенсия дафтарчаси юритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов маълум қилди.

Адҳам Икромов

Шунингдек, Адҳам Икромов ҳунармандлар миллий каталоги тузилиши ҳақида ўз фикрини билдирди. Унга кўра, бу каталог Ўзбекистон ҳунармандларининг юзи ҳисобланади ва бунга ўз мактабини яратган, дунёга танилган усталар киритилади. Шунинг учун ҳам ундаги ҳунармандлар сони 200-300 нафардан ошмаслиги таъкидланди.

Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталогига киритиладиган номзодларини танлашда махсус Кенгаш тузилади. Унинг таркибига «Ҳунарманд» уюшмаси раиси раҳбарлигида Маданият вазирлиги, Бадиий академия ходимлари киритилади. 

Улуғбек Абдуллаев Миллий каталог 2020 йил 1 январдан бошлаб очиқ ва умумфойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилишини қўшимча қилди. 

Уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ҳудудлар бўйлаб 38 та туман/шаҳарлар ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилгани ва уларга Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари бириктирилганини айтиб ўтди.

Мавзуга оид