Ўзбекистон | 14:18 / 04.04.2025
8237
2 дақиқада ўқилади

“Leapmotor” синови хитойлик мутахассислар иштирокида қайта ўтказилади

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси ҳозирда “Leapmotor” корхонасига қўйилган чеклов юзасидан музокаралар давом этаётганини билдирди. Яқин кунларда Хитой компанияси мутахассислари Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда “Leapmotor” брендига тегишли енгил автомобиллар импортига қўйилган чеклов қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Kun.uz’га Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизмати маълум қилди.

Инспекцияга кўра, “Leapmotor” корхонасига қўйилган чеклов юзасидан музокаралар давом этмоқда. Яқин кунларда ушбу компания мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган. Улар иштирокида маҳсулот синови қайта ўтказилади.

Ўзбекистонда Хитойнинг “Leapmotor” бренди остидаги енгил автомобилларни сертификатлаш учун аризалар қабули тўхтатилгани хабар қилинганди. Бунга шу брендга тегишли С16 автомобилида аниқланган камчилик сабаб сифатида келтирилган.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг мазкур транспорт воситасида ҳосил бўладиган электромагнит шовқин даражаси рухсат этилган чегарадан 16 баробар юқори эканини маълум қилган.

Жамоатчилик вакиллари бу ҳаракатни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бозорни тозалашга уриниш деб баҳоламоқда.

Мавзуга оид