Ўзбекистон | 07:52 / 10.06.2024
17246
4 дақиқада ўқилади

Шенген визасини бериш нега рад этилади? Евроиттифоқ вакили билан суҳбат

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ўринбосари Миндаугас Качераускис Kun.uz'га берган интервюсида Шенген визаси учун аризачига рад жавоби берилишининг энг кўп учрайдиган сабабларини санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, визани олиш учун Шенген зонага кирувчи давлатларни “осонроқ” ёки “қийинроқ” деб ажратиб бўлмайди, чунки барча консулликлар ягона қоидалар асосида фаолият юритади.

Европа комиссияси Шенген визаси бўйича статистик маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2023 йилда Ўзбекистон фуқаролари Шенген визасини сўраб 46 503 та ариза берган бўлса, шундан 38 333 та ҳолатда аризачи визани қўлга киритган, 16,5 фоиз ҳолатда эса рад жавобини олган.

Kun.uz бу мавзудаги саволлар билан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари ўринбосари, Маҳаллий Шенген ҳамкорлиги раиси Миндаугас Качераускис билан суҳбат ташкил этди.

ЕИ расмийсининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Шенген визаси учун топширилаётган аризалар сони ошиб бормоқда. Бу кўрсаткич аллақачон пандемиядан аввалги даражага етган. Олинган рад жавобларининг асосий сабаби эса – аризачиларнинг ҳужжатларни тўлиқ топширмагани, ёлғон маълумотларни тақдим этгани ёки нотўғри давлат элчихонасига мурожаат қилганига бориб тақалади.

Рад этишлар сони Ўзбекистонга қараганда Қозоғистонда камроқ, лекин Ўзбекистоннинг “натижалари” Марказий Осиёнинг қолган учта республикасига қараганда яхшироқ.

Миндаугас Качераускис виза сўровига жавоб берилишида қайси омиллар чуқурроқ таҳлил қилиниши ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг таъкидлашича, ҳар бир ариза берувчига индивидуал ёндашилади. Лекин виза беришдаги тамойиллар умумий ва бу Шенген виза кодексида белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, иттифоқ ва Шенген зонага кирувчи давлатлар элчихоналарига топшириладиган ҳужжатлар ҳам деярли бир хил. Олинган радларнинг сабабини виза берувчи давлатлар кесимида таҳлил қилиш – маъносиз, чунки рад этилганликнинг сабаби ҳужжатларнинг етишмовчилигида, камлигида ёки тақиқлар борлигида.

“Масалан, аризачи учун Шенген ахборот тизимига киритиш бўйича тақиқ йўқми, фуқаро аъзо давлатларнинг жамоат тартибига, ички хавфсизлигига, соғлиғига ёки халқаро доирадаги алоқаларига таҳдид солмайдими? Бу факторлар алоҳида ўрганилади. Яна битта энг асосий омил эса етарли яшаш шароити ва имконига эга бўлиш. Бу жуда муҳим”, – дейди Качераускис.

Суҳбатдошимиз рад жавобларининг бошқа сабабларига ҳам тўхталар экан, аризачи Шенген зонасига боргач, қаерда яшамоқчи экани ҳақидаги маълумотларни тақдим этмагани ёки бўлмаса, виза сўраб нотўғри давлат элчихонасига мурожаат қилиш ҳолатларини ҳам тилга олди.

“Масалан, сиз бир давлатга боряпсиз, лекин Шенген зона дея бошқа давлат элчихонаси, виза берувчи ташкилотига мурожаат қилдингиз. Албатта, бу нотўғри. Қайси давлатга борсангиз, шу давлатнинг ўзига мурожаат қилиш керак бўлади. Яна бир ҳолат эса нотўғри ёки ёлғон маълумотлар. Қисқа муддатли виза талабгорларининг ортга қайтиши сўроқ остида бўлса ҳам, рад жавобини олади. Яна сабаблари бор, лекин асосан шуларни кўрсатса бўлади”, – дейди Миндаугас Качераускис.

Маълумот учун, ўтган йили Шенген визаси учун бутун дунёдан жами 10,3 миллиондан ортиқ аризалар келиб тушган. Бу – 2022 йилда келиб тушган 7,5 миллионта сўровдан 37 фоизга кўп.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид