Германия чегараларида назорат тикланиши белгияликларни ташвишга солмоқда
Германия яқин олти ой давомида қуруқликдаги тўққизта чегарасининг ҳар бирини назорат қилиш тўғрисида қарор қабул қилди, бу чегара атрофида яшайдиган аҳолида норозилик уйғотди.
16 сентябрдан кўчга кирадиган қоида келгуси йилнинг 15 мартигача Белгия, Люксембург, Нидерландия ва Дания билан чегараларда амал қилади.
Бундан ташқари май ойидан бери Австрия билан, июн ойидан бери Швецария, Полша ва Чехия билан, июл ойидан бошлаб Франция билан чегаралар назорат қилинмоқда. Таъкидлаш керакки, Германия бундай қадамни қўйган ягона давлат эмас: шу йилнинг Шенген ҳудудидаги 10 та мамлакат терроризм билан курашиш ва ноқонуний иммиграцияни назорат қилиш каби сабабларга кўра, ўз чегараларининг айримларида назоратни тиклади.
Аммо бундай назорат айниқса, чегара яқинида истиқомат қилувчилар ва мамлакатлар орасида тез-тез сафар қилувчиларга ноқулайлик туғдириши мумкин. Масалан, Белгиянинг шарқий қисмида, чегарадан бир неча километр нарида жойлашган немис тилида сўзлашувчи Эйпен шаҳри аҳолиси бундан хавотирда.
Кўпчилик арзонроқ товарлар ва кенгроқ танлов излаб Германияга харид учун боради, энди бу қийинлашиши мумкин.
“Агар дўконларда юриш муаммога айланадигам бўлса, мен бу чорага розимасман. Эркин ҳаракатланиш муҳим деб ўйлайман, чунки биз чегара ҳудудида жойлашганмиз ва ҳар бир давлат чет элдан бирор нарсани импорт-экспорт қилишга мажбур”, — деди Белгияда 20 йил яшаган ва белгиялик аёлга уйланган Германия фуқароси Андреас Euronews нашрига.
Чегарани кесиб ўтаётган юк машиналари ҳайдовчилари эса назорат учун қўшимча 15 дақиқа йўқотишдан хавотир олмаяпти. Уларнинг баъзилари бир неча ойдан бери амалда бўлган бошқа чегаралардаги текширувларга ўрганиб қолишганини айтди. Англиялик ҳайдовчи Пол немис полицияси бошқалардан анча тезроқ ишлашини таъкидлади.
У текширувлар ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирса-да, Германия ҳукуматининг иммиграцияни назорат қилиш чораларини жорий этишини тўғри деб ҳисоблайди.
“Олти ой олдин тўхтаб турган юк машинамга бир нечта муҳожирлар кириб, яшириниб олибди. Улар менга сездирмай чегарагача келган, сўнг тўхтаганимда, пичоқ билан брезентни кесиб, сакраб қочишди”, — деди у.
Бироқ назоратнинг қайтарилиши, айниқса, Шенген ҳудуди ташкил этилишидан олдин яшаган ва Европа чегараларида узоқ давом этадиган текширувларни эслайдиган кишиларнинг ғашини келтирмоқда.
“Талабалик пайтимда Берлинга боргандим ва шаҳарнинг икки қисмга бўлинганини кўргандим. Ҳозир бу янгиликни эшитганимда, ўша даврларга қайтмайлик-да деб ўйладим, чунки у пайтлар ростдан ҳам ёмон эди. 1980 йилларда автобусдан тушишимизга тўғри келарди, улар барча паспортларимизни, автобусни ва юкларимизни текширишарди”, — деди белгиялик катта ёшли аҳоли вакилларидан бири.
Мавзуга оид
16:20 / 04.10.2024
AUIC Ўзбекистонда Германия лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр
11:20 / 04.10.2024
Шолц: Германияни қайта бирлаштириш - ҳали тугалланган жараён эмас
10:00 / 04.10.2024
Жо Байден ГФРда Германиянинг олий ордени билан мукофотланади
11:10 / 03.10.2024