Жамият | 16:41 / 03.07.2018
26075
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада уйлар нархи исталган вақтда ошириладими? 

2016 йилнинг 21 октябрь санасида Ўзбекистон Республикаси президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2639 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад, тўлов қобилияти пастроқ бўлган қишлоқ аҳолисига моддий томондан ёрдамлашиб, арзон уй-жой билан таъминлаш ва уларга давлат томонидан ижтимоий таъминотни бериш ҳисобланар эди. 

Бу қарор “Ҳаракатлар стратегияси”нинг тўртинчи йўналиши ижтимоий соҳани яхшилашга хизмат қилиши керак бўлган. Бироқ қарор ижроси ҳудудларда тўлиқ амалга оширилмоқдами? Афсуски юз фоиз “ҳа” дея олмаймиз.

Kun.uz таҳририятига Фарғона вилояти Фарғона тумани Миндонобод-4 аҳоли пунктида жойлашган намунали уй сотиб олишни кўзлаган 100дан ортиқ фуқаролардан аризалар келиб тушди. Аризани ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрдик. У ерда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашдик.

2017 йилнинг сўнгги ойларида (ноябрь, декабрь) ПҚ-2639 сонли қарор асосида мазкур фуқаролар арзон уй-жой олиш мақсадида “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси Фарғона вилоят филиали билан шартнома тузишади. Фарғона вилояти Фарғона тумани Миндонобод-4 аҳоли пункти манзилида жойлашган ер массивида қуриладиган 4 хонадан иборат намунали арзон уйлар учун 220 миллион сўм қийматини тўлашади. Кўрсатилганидек шартноманинг муҳим шартларини фуқаролар бажаришади. Шартнома имзолангач, 5 (беш) иш куни ичида бошланғич баҳо (25 %) - 55 миллион сўмни тўлайди. Фуқаролар ўз мажбуриятларини бажаришади. 

“Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси вақт ўтгач, уйни битказиб топшириш ўрнига қурилиш материалларининг нархи ошганлигини асос қилиб, қўшимча тўлов талаб қилди. Фарғона вилоят ҳудудий экспертиза хулосасини кўрсатиб (лекин уларга бир нусха ҳам бермайди), жорий йилнинг апрель ойида уй-жой нархини 267 миллион қилиб белгилайди. Май ойига келиб яна 10 миллион сўмга ошириб, нархни 277 миллион сўмга кўтариб ташлайди. 

Фуқаролар компанияга нарх масаласи бўйича бир неча бор мурожаат қилишади. Мурожаатчининг айтишига кўра, компания ходимлари: “…уйлар нархи бошқа ҳудудларда бундан ҳам қиммат, сизларга анча арзон қилиб беряпмиз. Шукр қилинглар!”, - деб айтишган. 

Юқоридаги мурожаатга изоҳ олиш мақсадида “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси Фарғона вилоят филиалига бордик. Ташкилот директори ўзи кутиб олди. Лекин у компанияга келганига унча кўп вақт бўлмаганини, нарх масаласи билан шуғулланувчи ходим эса ҳозир келиб қолишини айтди. Биз анча вақт кутдик, аммо эксперт келмади. 

У билан кейинчалик телефон орқали мулоқот қилдик. Ходимнинг айтишича, қурилиш маҳсулотлари нархи (цемент, ғишт, темир ва б.) ўтган йилга нисбатан анча ошган. Ундан нарх ўсиши тинмай давом этадими, шартномаларда бу ҳақида тўхталганмисиз, деган саволларимизга жавоб ололмадик. У бу борадаги масалалар билан маркетинг бўлими шуғулланиши айтди. Маркетинг ходимига қўнғироқ қилганимизда, биз билмаймиз ўша ходим билади, деб ўзларидан соқит қилишди. Хуллас, на раҳбар, на бошқалардан тўлиқ жавоб ололмадик. “Копток” қилиш ҳолати деярли барча ташкилотларга сингиб кетган.

Кейинроқ Тошкент шаҳрида жойлашган  “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси бош офиси ходими билан ҳам мазкур масала бўйича суҳбат ўтказдик. Ходим уйнинг нархи масаласи вилоятлардаги қурилиш фирмаларига етказиб берилаётган қурилиш материаллари нархининг ошиши эвазига ошган деб айтишди.

Ўтган 5 ой ичида уй-жой нархи қарийб 57 миллион сўмга оширилган (деярли 7000 АҚШ долларидан кўпроқ сумма). Бу жуда катта маблағ. Ташкилот билганича нархни оширса, уйларнинг арзонлиги деган сифати қоладими? Шартномаларда нархлар масаласига тўхталмаган бўлса, компания нега ўтган даврда тинмай оширишда давом этган? Ҳозирги ислоҳотлар марказида инсон омили туради. Ахир халқ розилиги ҳаммасидан устун эмасми? Нархни бу даражада ошириб ташлаш кимга керак бўлиб қолди экан? 

Қўшимчасига шуни айтиш жоизки, бу муаммо деярли ҳар бир вилоятда учраб турибди. Нархлар ошса ошадики тушмайди.

Саволлар эса жуда кўп. Ҳозиргача тўлиқ жавоб ололмадик. Қарорга қарасангиз бошқа ҳолат. Халқ учун имконият яратилиши керак. Агар нарх бундай кескин равишда ошаверса, фуқаролар тўлов қобилиятини йўқотиб қўяди. Уларнинг аксарияти қийинчиликка дуч келган ёш оилалар. Уларга қиммат уйнинг кераги йўқ. Компанияга эса инсоф тилаган ҳолда, бу борадаги вазият юзасидан изоҳ кутиб қоламиз.

Тайёрлаган:  Зафар Солижонов

Мавзуга оид