Жамият | 08:28 / 12.02.2026
4541
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада 34 кишидан иборат “колл-марказ” ниқобидаги уюшган жиноий гуруҳ фош этилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида халқаро миқёсда йирик миқдорда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош қилинди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган, жами 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, “колл-марказ”лар ниқоби остида фаолият юритган.

Гуруҳ аъзолари ахборот технологиялари ёрдамида Россия Федерациясида дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритган.

Шундан сўнг, бўлғуси “ўлжа”лар билан қай тарзда муомала қилиш бўйича ўргатилган операторлар SIP телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништирган. Улар гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганини таъкидлаб, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтган.

Бунинг учун эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача миқдорда солиқ тўлаши кераклигига ишонтирилган.

Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубл миқдорида пул маблағларини ўтказиб берган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, “Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори талабларига зид равишда жами 470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини амалга оширгани қайд этилди.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди ҳукмига кўра, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 168-, 243-, 278-7- ва 278-8-моддалари билан айбли деб топилди. Уларнинг 21 нафари 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Қолган 13 нафар шахсга нисбатан эса 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, жарималар қўлланди.

Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид