Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Синдоров Каруанани ҳам мағлуб этиб, Номзодлар турнирида яққол пешқадамга айланди
Асосий рақобатчиси устидан қозонилган ғалабадан кейин ўзбекистонлик шахматчи 4 имкониятдан 3,5 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни мустаҳкамлади. Бундан ташқари, ушбу ғалаба эвазига у FIDE рейтингида 6-ўринга кўтарилди.
Фото: Michal Walusza / FIDE
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 1 апрел куни Номзодлар турнирининг 4-турида америкалик Фабиано Каруана устидан ғалаба қозонди.
Оқ доналарда ўйнаган Синдоров ушбу рақибга қарши жуда яхши тайёрланганини намойиш этди – у Караунанинг дебютдаги юришларини олдиндан топди (унинг ўзи баҳсдан кейин рақибнинг 16-юришгача бўлган ҳаракатларини олдиндан билганини айтди) ва бунинг эвазига вақт борасида катта устунликка эга бўлди. Америкалик шахматчи эса юришларни ўйлаш учун жуда кўп вақт сарфлаб юборди ва якунда кучли цейтнот ҳолатига тушиб қолиб, соатида атиги 48 сония қолганида таслим бўлди – бу вақтда Синдоровнинг захирасида 42 дақиқадан кўпроқ вақт бор эди.

Ўзаро учрашув арафасида икки шахматчи бир хил – 3 имкониятдан 2,5 очко жамғарган ҳолда қўшпешқадамлик қилиб турганди. Асосий рақобатчиси устидан қозонилган ғалабадан кейин ўзбекистонлик шахматчи 4 имкониятдан 3,5 очко жамғарган ҳолда мусобақанинг якка пешқадамига айланди.

У турнир стартида россиялик Андрей Есипенкони мағлуб этган, 2-турда германиялик Маттиас Блубаум билан дуранг қайд этган, 3-турда эса турнир фаворитларидан бири, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанадҳадан ҳам устун келганди.
Бундан ташқари, навбатдаги ғалаба эвазига Синдоров онлайн FIDE рейтинг жадвалида 5 поғона юқорилиб, 2759,2 очко билан 6-ўринга кўтарилди.

Кипрнинг Пафос шаҳрида 29 март куни бошланган 2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелгача давом этади. Унда жаҳоннинг саккиз нафар номдор шахматчилари иштирок этмоқда. Жавоҳир Синдоров ушбу турнирга йўлланма олган илк ўзбекистонлик ҳисобланади.
Турнирда шахматчилар икки даврада жами 14 партия ўйнашади, яъни олдинда яна 10 тур бор. Ғолиб пул мукофотларидан ташқари (ғолиблик учун 48 минг евро берилади, шунингдек, ҳар бир иштирокчи жамғарган ҳар ярим очкоси учун 3500 евродан олади) амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши шахмат тожи баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.
Турнирда 2 апрел дам олиш куни. Бешинчи тур 3 апрел куни бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдоров қора доналарда америкалик гроссмейстер Ҳикару Накамурага қарши баҳс олиб боради.
Мавзуга оид
21:47 / 04.04.2026
Синдоров бу сафар хитойлик рақибини таслим этди
21:07 / 03.04.2026
Синдоров Накамурани ҳам мағлуб этди
21:22 / 16.02.2026
Нодирбек Абдусатторов фристайл-шахмат бўйича жаҳон чемпионатида учинчи бўлди
11:19 / 09.12.2025