Ўзбекистон | 13:14 / 01.08.2021
60367
8 дақиқада ўқилади

Пенсия тизими: Янги даврда нималар ўзгарди?

Нақд пул танқислиги шароитида пенсиялар нақд пулда берила бошланди. Ишлайдиган пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланмоқда. 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олиниши йўлга қўйилди. Охирги йилларда пенсия тизимида рўй берган шу ва бошқа асосий ўзгаришларни ушбу мақолада санаб ўтамиз.

Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 11 фоизи (3,9 млн киши) пенсия ва нафақа олади. Бундан 5 йил муқаддам эса пенсионерлар 3 млн киши бўлган.

Сўнгги вақтда пенсия ва нафақа олувчилар сони йилига 200-250 минг нафарга ўсиб бормоқда. Уларнинг сони ортиши билан пенсия тизимида ҳам бир қанча ўзгартиришлар қилишга эҳтиёж сезилди. Хўш, ўтган 5 йилдаги ижобий ўзгаришлар дея нималарни айта оламиз?

Пенсияни нақд пулда тўлаш бошланиши катта янгилик бўлганди

2017 йилгача пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири уларга пуллар нақд шаклда берилмаётганида эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди – пенсия ва нафақалар исталган шаклда, нақд ёки пластик карта орқали берила бошланди. Бу кўпчилик кутган янгилик эди.

“2015-2016 йилларда пенсионерларда ўз пенсия пулларини нақд шаклда олиш имконияти бўлмаган. Пуллар фақатгина пластик карточкага ўтказиларди. Чунки нақд пул масаласи долзарб муаммо эди”, – дейди Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқарма бошлиғи Гулнора Муродова ўтган даврни эслаб.

Гулнора Муродова

Пенсия тизимидаги яна бир ижобий ўзгариш 2019 йилда юз берди. Яъни пенсия ҳисоблашда иш ҳақига белгиланган юқори чегара БҲМнинг 8 бараваридан 10 бараварга оширилди. Бунинг натижасида 531 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори ўртача 65 минг сўмдан 265 минг сўмгача ошди.

Қолаверса, 2019 йил 1 январ ҳолатига пенсияларни тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан ўтказилган текширишлар натижасида ортиқча пенсия тўлангани аниқланган 3 минг 770 нафар фуқаронинг 6 млрд 287 млн сўмлик қарздорликлари қолдиқлари ҳисобдан чиқарилди.

Ишловчи пенсионерларнинг ҳам кўкрагига шамол тегди

Тизимдаги ижобий ўзгаришлардан бири – 2019 йил 1 январдан бошлаб барча соҳаларда ишлайдиган пенсионерларга пенсияларининг тўлиқ берилиши бўлди. Бунинг натижасида ўша йили 83 минг нафар пенсионернинг ойлик даромадлари ўртача 450 минг сўмга кўпайди.

Бунгача (1995 йилдан бери) ишловчи пенсионерларга пенсияларининг 50 фоизи тўланар, эътирозлар ортганидан ортиб бораётганди.

Пенсионер ва ҳозирда шифокор сифатида ишлаётган Насиба Мирраҳимова бу ҳолат узоқ йил бир соҳада ишлаб тажриба орттирган, пенсия ёшига етса-да меҳнат қилаётган пенсионерларга адолатсизлик бўлганини яширмайди.

Насиба Мирраҳимова

“Ишлайдиган пенсионерлар 2019 йилгача 50 фоиз пенсия олардик. Ўша йилдан буёғига ойлик ҳам, пенсия ҳам тўлиқ бериляпти. Нақд ва пластик карта орқали олиш бизнинг хоҳишга кўра берилади. Рости, менга 30 йил ишлаб 50 фоиз пенсия олиш алам қилар эди. Ҳозир тўлиқ оляпмиз”, дейди у.

Энди 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олинади

2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияга чиқмоқчи бўлган фуқаронинг 2005 йилгача ишлаган даври иш стажига ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмасдан инобатга олинади. Пенсияга чиқиш учун фақатгина паспорт ва сўнгги 5 йилда олган ойлик маошлари ҳақида маълумот сўраладиган тизим жорий этилди.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Абдулазиз Ҳайдаров бунинг асосий сабаби ҳақида маълумот берди.

Абдулазиз Ҳайдаров

“2005 йилгача бўлган иш стажларнинг электрон базаси бўлмагани учун фуқаролардан иш ҳақи, стажи тўғрисидаги маълумотлар, архив ҳужжатлари талаб этилар, уларнинг иш стажлари тўлиқ инобатга олинмай келинар эди. Натижада оворагарчилик ва эътирозлар кўпайиб борди.

Шу пайтгача фуқаролардан пенсияга чиқиш учун 40 дан ортиқ ҳужжат талаб қилинган. 15 га яқин вазирлик ва идоралардан ҳужжат йиғиш керак эди. Шунинг асосий қисми 2005 йилгача бўлган меҳнат стажи билан боғлиқ бўларди”, – дейди жамғарма раҳбари.

Пенсионер Малика Мингбоева бундан 7 йил олдин пенсияга чиққан даврини бугунги ҳолат билан таққослаб кўрди.

Малика Мингбоева

“Бу йил турмуш ўртоғим пенсияга чиқишлари учун 8 июль куни ҳужжат топширгандилар. Эртасига телефонда пенсияга чиққанлари тўғрисида хабар келди. Пенсия жамғармасига борсак пенсия дафтарчаси беришди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Ишонгим келмади. Чунки мен 7 йил олдин пенсияга чиққан эдим. Ўшанда солиқ ва бошқа ташкилотлардан кўп ҳужжатлар сўрашган, жудаям овора бўлганман. Бу йил эса меҳнат дафтарчаси билан паспорт олиб келдик, охирги 5 йилдаги ойлик маошлар ҳақида маълумот олиб келдик, бўлди. Шу билан бир кунда пенсияга чиқаришибди. Олдинги оворагарчилик ҳозир йўқ”, – деди пенсионер.

Ишламайдиган фуқаролар ҳам пенсияга чиқишлари мумкинми?

Ҳозирда ишлайдиган турмуш ўртоқ ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ойлик даромадларидан Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Мазкур тўловлар ҳисобига стаж йиғиб борилади ва келгусида пенсия таъминоти билан қамраб олиш имконияти яратилади.

Жамғарма бошқарма бошлиғи Нуриддин Шадихўжаевга кўра, бу келажакда кўплаб фуқаролар пенсияга чиқишини таъминлашда яхши қадам.

“Баъзи эркаклар турмуш ўртоғининг ишлашини хоҳламайди. Натижада улар пенсия ёшига етганда иш стажига эга бўлмайди ва пенсия ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлишади. Шу муаммо инобатга олиниб, президент қарори билан турмуш ўртоқлари ўз аёли учун ойлик даромадларидан Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди.

Аёллар рўзғор ишлари билан банд бўлаверишади, турмуш ўртоқлари улар учун солиқ тўлашади ва келгусида уй бекаси ҳам пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади”, – деди мутахассис.

Маълум қилинишича, эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда солиқ тўлаш ҳисобига ўзларига стаж йиғиб боришлари ва келгусида пенсияга чиқишлари мумкин.

“Кўплаб юртдошларимиз чет элда меҳнат фаолияти юритишади. Улар ҳам маълум вақт ишлаб Ўзбекистонга қайтишади. Ҳозирда шундай ватандошларимизга ҳам пенсияга чиқиш имконияти яратилди. Яъни хорижда олган даромадлари ҳисобидан ижтимоий солиқ тўласалар, уларга стаж ҳисобланади. Пенсия ёшига етганда эса пенсия тайинлаш ҳуқуқи берилади”, – дея таъкидлади Нуриддин Шадихўжаев.

“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри нега зарур эди?

2021 йил бошидан “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри бутун республикада йўлга қўйилди. Бу тизим орқали кам таъминланган оилаларга 3 турдаги нафақалар электрон тартибда, инсон омилисиз, автоматик тарзда тайинланади.

Авваллари нафақа олмоқчи бўлган аризачидан даромадлари, мол-мулки, оила аъзолари ишлайдиган жойдан маълумотлар талаб қилинган. Бундан ташқари, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнига узоқ вақт сарфланган.

“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри тизимида эса фуқаро ҳеч қандай маълумот йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади.

Ариза маҳаллага берилади. Реестр орқали электрон тарзда нафақалар кимга тайинлангани ёки рад этилгани, рад этилиши сабабларини ҳам кўриш мумкин.

Исломбек Умаралиев

Мавзуга оид