Жамият | 15:59 / 07.09.2022
41810
7 дақиқада ўқилади

Айрим талабаларга ижара харажатлари учун пул тўланади. Уни қандай олиш мумкин?

2021 йилдан бошлаб ижарада яшайдиган айрим талабаларга ижара тўловининг бир қисмини давлат қоплаб беряпти. Компенсация кимларга тўлаб берилади, бунинг учун нима қилиш керак, шартнома қандай тузилади – Kun.uz энг муҳим саволлар юзасидан шарҳ тайёрлади.

Коллаж: Kun.uz

Давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Ҳукумат бунинг тартибини белгиловчи низомни бундан бир йил олдин тасдиқлаган.

Кимларга ижара тўловлари қоплаб берилади?

Бу тартиб давлат ОТМларида фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, қонуний ижарада яшаётган талабаларга тааллуқли.

Ҳар йили давлат олийгоҳларининг кундузги таълим шаклида ўқиб, ижарада турадиган талабаларнинг 60 фоизига ижара пулининг бир қисми тўлаб берилади. Хўш, бу 60 фоизга кимлар киради?

Ижара тўлови учун компенсация қуйидаги тоифа талабаларга берилади:

  • икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ОТМда ўқиётган оилалар фарзандлари;
  • ота-онаси ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (ишсиз, даромад манбаисиз, шу жумладан, ишлаш истагида бўлган ёки ишлаш қобилиятини қисман йўқотган ота-оналарнинг фарзандлари);
  • кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари;
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари;
  • “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг фарзандлари;
  • оила аъзолари “Меҳнат-миграция” дастурида рўйхатдан ўтиб, хорижда вақтинча ишлаётган оилаларнинг фарзандлари;
  • боқувчисини йўқотган кўп болали оилаларнинг фарзандлари (ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада 16 ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари;
  • тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;
  • васийлик ёки ҳомийлик белгиланган ва оилага тарбияга (патронат) олинган болалар.

Юқоридагилардан ташқари, ОТМда ўрнак кўрсатган ва фаол бўлган талабаларга ҳам ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади. Бу тоифага қуйидагилар киради:

  • халқаро, республика, ҳудуд ва таълим муассасаси миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари, кўрик танловлар ғолиблари;
  • фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол қатнашган, жамоатчилик асосида тарғибот гуруҳларида волонтёрлик қилган талабалар.

Ижара компенсациясини олиш учун талаба ўзи доимий рўйхатдан ўтган яшаш жойи (туман, шаҳар кесимида) доирасидан ташқарида ижарада яшаётган бўлиши керак. Буни иккита мисол билан тушунтирамиз:

  • Самарқанд шаҳрида доимий пропискада турадиган СамДУ талабасига ижара пули берилмайди;
  • Самарқанд шаҳрига Самарқанд вилоятининг бошқа туманларидан келиб ўқиётган талабалар ижара пулини олишга даъвогар бўлиши мумкин.

Ижара тўловларининг қанча қисми қоплаб берилади?

Юқоридаги тоифаларга мансуб талабаларга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Қоплаб бериладиган ижара тўловининг максимал миқдори қуйидагича:

  • Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари – 300 минг сўм,
  • қолган ҳудудларда БҲМнинг 0,5 баравари – 150 минг сўм.

Масалан, агар Тошкент шаҳрида ўқийдиган талабанинг бир ойлик ижараси ўртача 500 минг сўм бўладиган бўлса, шунинг 50 фоизи – яъни 250 минг сўми тўлаб берилади. Ижара нархи бундан қиммат бўлган тақдирда ҳам, қоплаб бериладиган сумма 300 минг сўмдан ошмайди.

Базавий ҳисоблаш миқдори (300 минг сўм) ошган тақдирда, бу чегара ҳам шунга мос равишда кўтарилади.

Ижара тўлови учун компенсацияни қандай олиш мумкин?

Талаба давлатдан ижара пулини олиш учун факултет деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарига ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига мурожаат қилади.

Улардан уч хил тоифадаги ҳужжатлар сўралади:

  • ариза;
  • ижара шартномаси;
  • юқорида келтирилган тоифаларга мансублигини кўрсатувчи ҳужжатлар.

Ижара шартномаси қандай тузилади?

Ҳозир ижара шартномалари онлайн тузиляпти. Бунинг учун ijara.soliq.uz сайти ишга туширилган. Ижара шартномасини тузиш учун рўйхатдан ўтишда ижарага берувчи кўчмас мулк ҳақидаги маълумотларни сайтга киритиши лозим.

Ижарага олувчи тўғрисидаги маълумот қисмига талабанинг паспортидаги жисмоний шахс идентификация рақами ва талабанинг маълумотлари киритилади. Кейин ижарага берилаётган кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар тўлдирилади. Ижарага бериш муддатлари ва бир ойлик ижара нархи киритилади.

Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт. Бунда платформадаги “қўшиш” тугмачаси орқали уларнинг маълумотларини киритиш зарур.

Барча маълумотлар тўлдирилгач, тасдиқлаш тугмачаси босилади. Ижарага олувчи шахсий кабинети орқали юборилган маълумотлар билан танишиб чиқиб, уни тасдиқлайди ёки рад этади.

Бундан ташқари, “Soliq” мобил иловаси орқали ҳам ижара шартномасини тузиш мумкин. Илованинг “Ижарага бериш” қисмига кириб, ундан кейин “Талабалар учун ижара шартнома” бўлими танланади.

Иловага ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан талабанинг шахсий идентификация рақами киритилганда унинг маълумотлари автоматик шаклланади. Талабалар Face ID ёки телефон рақамига SMS бўлиб келадиган 5 хонали рақамни киритиш орқали ижара шартномасини тасдиқлайди.

Аризалар қанча муддатда кўриб чиқилади?

Декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлими 1 ҳафта давомида аризаларни ўрганиб чиқади.

Шундан кейин маълумотлар умумлаштирилиб, кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун навбатдаги ҳафтанинг биринчи кунида талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этилади.

Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.

Шунга кўра, ОТМ ректори (филиал директори)нинг буйруғи расмийлаштирилиб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхати тўловларни амалга ошириш учун бухгалтерияга тақдим этилади.

Бухгалтерия эса пулларни талабаларнинг пластик картасига пул ўтказиш йўли билан, ҳар ойнинг 15-санасига қадар тўлаб беради.

Пуллар ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлгача тўланади. Бу муддат ОТМдаги ўқитиш дастури бўйича ўқув йилининг давомийлигига қараб ўзгариши мумкин.

Ариза топшириш муддатлари қачонгача?

Ижара тўлови компенсацияси учун бутун ўқув йили давомида ариза бериш мумкин.

Аризалар ҳар ойнинг 7-санасигача қабул қилинади. Бу муддатга улгурмаганлар кейинги ойни кутишига тўғри келади.

Талаба ҳам, ижарачи ҳам даромад солиғи тўламайди

Талаба(лар)ни ижарага қўйган фуқароларнинг бу ижара орқали олган даромадлари солиққа тортилмайди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид