Ўзбекистон | 17:30 / 16.12.2022
16245
8 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 8 та автобус саройи ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардия қарамоғига берилган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра Тошкент шаҳридаги 7-, 8-,18-автосаройлар ИИВга, 1-, 2-, 5-автосаройлар МГга, 4, 12-автосаройлар эса ФВВга бириктирилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

“Келгусида пойтахт жамоат транспорти учун янги автобуслар сотиб олиниши режалаштирилган”.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш орқали транспорт хизматини қулайлаштириш, йўналишлардаги автобуслар ҳаракатланишини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли 7, 8, 18-сонли автосаройларда мавжуд йўналишлар фаолиятини ўрганишга 212 нафар ички ишлар ходими жалб этилган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати Kun.uz сўровига жавобан маълум қилди.

Ўрганиш давомида 65 та йўналишга 411 та автобус жалб этилгани, бироқ аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун қўшимча 57 та автобус зарурлиги аниқланди. Зарурий таъмирлаш ишларидан сўнг 16 декабрь куни қўшимча 20 та автобус жалб қилинган.

Бундан ташқари, 71 та автобус олиб келиниб, йўналишга чиқариш учун жиҳозланган (GPS, тўлов терминали, йўналиш рақами ва кўрсаткичлари ва ҳ.к. ўрнатилган), давлат рақам белгилари тарқатилган ҳамда ҳайдовчиларни ўқитиш ишлари амалга оширилган. 71 та автобусдан 35 таси йўналишга чиқарилган.

Қўшимча олиб келинган автобусларнинг 30 таси ИИВ томонидан ажратилган бўлиб, улар интервал вақти узоқ ва йўналиш масофаси катта бўлган йўналишларга бириктирилган. Натижада сутка давомида йўловчилар сони 1,9 фоизга, тушумлар миқдори 2,5 фоизга ошган, йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқарган. Кейинги босқичда 36 та автобус тайёрланиб, йўналишга чиқарилиши режалаштирилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Қайд этилишича, пойтахт автобус саройларида мавжуд 570 та автобусдан 176 таси техник жиҳатдан носоз ҳолда сақланаётгани, 75 таси фойдаланишга умуман яроқсиз ҳолатда экани аниқланган ва шундан 16 таси ИИВ, МГ, ФВВнинг ташаббуси билан жорий таъмирланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ИИВ қарамоғига берилган автосаройларга 302 та шина, 86 та аккумулятор батареяси ва 343 та бошқа турдаги эҳтиёт қисм зарурлиги аниқланган.

Ҳайдовчилари штат бирлиги 895 та бўлса-да, 14,4 фоизи ёки 129 таси жамланмаган, бундай ҳолат йўловчиларни ташиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. ИИВ ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ходимлар бўлими билан биргаликда бўш ҳайдовчи лавозимларини жамлаш мақсадида 2 425 нафар “D, E” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар рўйхати шакллантирилган. Тошкент шаҳридан 413 нафар, Тошкент вилоятидан 2 012 нафар ҳайдовчиликка номзод рўйхатга олиниб, улар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 34 нафари ишга қабул қилинди, 66 нафари бўйича ҳозирда ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, 15 декабр куни сутка давомида 3 та автобус саройида жами 3 та муаммо аниқланиб, жойида бартараф этилган. Жумладан, 7-автобус саройида автобусларни ёқилғи билан таъминлаши зарур бўлган газ қуйиш шохобчаси 17 км узоқда экани аниқланиб, газ қуйиш шохобчаси автосаройга 200 м яқин жойга кўчирилган. 8-автобус саройида 9 та, 18-автобус саройида 4 та, узоқ муддатдан бери носоз ҳолатда турган жами 13 та автобуснинг барчаси таъмирланган.

Давлат раҳбари топшириғига асосан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро тезкор штаб тузилган бўлиб, унга ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ҳамда Транспорт вазирлиги масъул ходимлари жалб этилган. Таъкидланишича, келгусида пойтахт жамоат транспорти учун янги автобуслар сотиб олиниши режалаштирилган.

“Автобусларни кутиш 10 минутдан ошмаслигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда”

Миллий гвардия ахборот хизматининг маълум қилишича, президент топшириғига асосан Миллий гвардияга бириктирилган пойтахтдаги 1-, 2- ва 5-сонли автобус саройларида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Фото: Миллий гвардия ахборот хизмати

Жумладан, 1-, 2- ва 5-сонли автобус саройлари хизмат кўрсатадиган Миробод, Яшнобод, Юнусобод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Бектемир, Мирзо Улуғбек, Чилонзор туманлари ва Чирчиқ шаҳридаги жами 49 та йўналиш фаолияти таҳлил қилиниб, жамоат транспортининг талаб юқори бўлган, автобуслар етишмаётган йўналишларига Миллий гвардия томонидан 25 та автобус ажратилиб, уларнинг ҳаракати йўлга қўйилган.

Шунингдек, 1-автобус саройига тегишли 16 та, 2-автобус саройига тегишли 17 та ҳамда 5-автобус саройига тегишли 16 та йўналишда автобусларнинг ҳаракатланиш оралиғи ҳамда интервалга риоя қилиниши Миллий гвардия назоратига олинган.

Фото: Миллий гвардия ахборот хизмати

Миллий гвардия қарамоғига берилган автосаройларга ажратилган қўшимча автобуслар ҳисобига илгари 25, 30 ва 40 дақиқагача интервал билан ҳаракатланган автобусларнинг оралиқ вақти 12 дақиқага тушган. Миллий гвардия томонидан йўналишларда автобусларни кутиш 10 дақиқадан ошмаслигини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

“Эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун яна 300 тага яқин автобус зарур”

Президент топшириғига кўра пойтахтдаги 4, 12-сонли автобус саройлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бириктирилган. Жамоат транспорти ҳаракатланишини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли автосарой ва автобус йўналишларига ФВВдан 13 нафар ходим жалб этилган.

Фото: ФВВ ахборот хизмати

Бириктирилган масъул ходимларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • автобусларнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиш, бунда эрталабки ва кечки техник кўрикларни ташкил қилиб бориш;
  • автобус ҳайдовчиларининг кунлик руҳий ва тиббий ҳолати кўрикдан ўтказилишини назорат қилиш;
  • автобус ҳайдовчилари билан йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда кийим-бош кийиш тартибига амал қилиши, автобусларни техник созлиги, тозалиги ва санитария гигиеник ҳолати бўйича йўриқномалар ўтказиш, шунингдек, йўриқномада кондукторлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож (имконияти чекланган фуқаролар, кексалар ва ҳ.к.) йўловчиларга мурувват кўрсатиш бўйича кўрсатма бериш;
  •  автосаройларда ходимларнинг иш тартибини қатъий назорат қилиш мақсадида эрталабки йўриқномалар ўтказиш;
  • қишки мавсумда автобусларнинг белгиланган йўналишларда узлуксиз қатновини таъминлаш мақсадида автобусларнинг ёқилғи мойлаш маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминланишини ташкиллаштириш;
  • автобусларнинг қатнов жадвалига (автобус саройидан чиқиш ва кириш вақтларига ҳамда оралиқ масофаси “интервал”га ва ҳ.к.) қатъий риоя қилишини назорат қилиш (JPS жиҳозларидан фойдаланган ҳолда);
  • автобус саройлари қошидаги “Ҳаракат хавфсизлиги” бўлимлари билан ҳамкорликда фаолиятини ташкил қилиш ва назорат олиб бориш.

Таъкидланишича, мавжуд 150 та йўналишнинг 37 таси муаммоли экани аниқланган. 150 та йўналиш бўйича 930 та автобус ҳаракатланмоқда, бироқ эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун қўшимча 300 тага яқин автобус зарурлиги аниқланган. Шу сабабли “Самавто” заводида ишлаб чиқилган янги 100 та “ISUZU” русумли ва “UZ TRUCK AND BUS MOTORS” корхонасидан 20 та “МAN” русумли катта ҳажмли автобуслар олиб келинган.

Фото: ФВВ ахборот хизмати

ФВВ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, пойтахтдаги автосаройларда ҳайдовчилар штат бирлиги 2130 та бўлса-да, шундан 15,8 фоизи ёки 336 нафари жамланмаган, бу эса йўловчиларни ташиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. 1 790 нафар ҳайдовчининг 5,2 фоизи ёки 111 таси 1 йилгача стажга эга бўлиб, 14 фоизи ёки 300 таси эса 55 ёшдан ошган.  

Мавзуга оид