Жаҳон | 18:24 / 04.05.2023
13185
4 дақиқада ўқилади

Россиянинг ўнлаб шаҳарларида 9 май кунги парадлар бекор қилинди

Фото: ТАСС

Россиянинг камида 18 шаҳри «Ғалаба куни» муносабати билан парад ўтказишдан бош тортди. Аннексия қилинган Қримда ҳам анъанавий ҳарбий маршлар уюштирилмайди, деб ёзади «Верстка».

Россиянинг ўнлаб шаҳарларида 9 май Ғалаба куни шарафига ўтказиладиган парадлар бекор қилинди, деб хабар бермоқда «Верстка» нашри. Telegram’да 4 май, пайшанба куни хабар берилишича, журналистлар расмийлар байрам парадлари бекор бўлганини эълон қилган 21 та шаҳарни санаб чиқди. 2022 йилда уларнинг барчаси шундай тадбирларни ўтказган. Ушбу кўрсаткичда нашр Россиянинг 18 та шаҳри ва Украина Қрим яриморолининг Россия томонидан аннексия қилинган учта шаҳри - Севастопол, Симферопол ва Керчни ҳисобга олди. 

«Хавфсизлик нуқтайи назаридан парадлар Калуга, Рязан, Орел, Саратов, Калининград вилоятининг Гусев шаҳри, Липецк ва Елец, шунингдек фронтдан анча узоқда жойлашган Тюменда тўхтатилди», — дейилади нашр хабарида. Псков ва Великие Лукида «ахлоқий жиҳатларга» ишора қилинди, унга кўра бу йил парадларни ўтказиш мумкин эмас деб топилган. «Верстка»нинг эслатишича, Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников минтақага реабилитация қилиш учун келган ва пиротехника товушларини «мутлақо бошқача» қабул қиладиган кўп сонли ҳарбий хизматчилар ҳақида гапирган. Бундан ташқари, у Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари учун «энг зарур нарсалар» сотиб олиш учун пулни йўналтиришга чақирди. 

Айни пайтда, Украина билан чегарада жойлашган Курскда «ҳозирги вазият»ни ҳисобга олган ҳолда парадни ўтказмасликка қарор қилинди. Қўшни Белгородда ҳам худди шундай қарор шаҳар марказида «душманни катта миқдорда техника ва ҳарбий хизматчилар тўплаган ҳолда қўзғатмаслик учун» қабул қилинган. «Краснодар ўлкаси расмийлари Краснодар ва Сочидаги парадлар бекор қилингани ҳақида расман маълум қилмади (улар анъанавий тарзда аввалги йилларда бўлиб ўтган), бу йил ҳарбий техникани фақат Новороссийскда кўриш мумкинлигини билдирди. Брянскда расмийлар парад ўтказишни хоҳлаяпти, лекин улар «бу ишни қила олмайдилар.» Губернатор Александр Богомаз нима учун «қила олмасликларини» тушунтирмади, дейилади хабарда. 

Ҳатто Сибирда ҳам 9 май куни парад ўтказишдан бош тортилди. Тюмендан ташқари, бу ҳақда Нижневартовск, Сургут ва Ханти-Мансийскда эълон қилинди. «Шаҳарлар мэриялари хавфсизлик нуқтайи назаридан байрам тадбирлари бекор қилинган мамлакатнинг бошқа минтақалари билан ҳамжиҳатликни билдирмоқчи», - дея таъкидлайди «Верстка». 

Шу билан бирга, бошқа шаҳарлар расмийлари анъанавий парадларга ҳозирлик кўрмоқда. Хусусан, маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Екатеринбургда репетициялар олиб борилмоқда. Новосибирск бўлажак парадда учувчисиз учоқлар тақиқланишини эълон қилди, Красноярск эса тақиқланган нарсаларнинг рўйхатини эълон қилди. Россиянинг Украина чегарасига яқин йирик шаҳарларидан бири – Ростов-Донда ҳам 9 май кунги оммавий тадбирларга тайёргарлик давом этмоқда. Аввалроқ Россияда Ғалаба кунида «Ўлмас полк»нинг марши бекор қилинган эди. 

Мавзуга оид