Ўзбекистон | 22:09 / 22.10.2020
15331
2 дақиқада ўқилади

Яккасарой ҳокими бозорда нархлар қандай арзонлаштирилаётгани бўйича маълумот берди

Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан туширилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди. У Kun.uz мухбирига берган интервьюсида «Аския» бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари мисолида мазкур ҳолатга изоҳ берган.

«Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишидан кўп норозиликлар кузатилди. Ҳозирги кунда биз Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда Яккасарой туманида биринчи навбатда керакли бўлган 11 турдаги маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда сотишга мўлжалланган ярмаркалар ташкил этдик.

«Нарх қандай қилиб арзонлаштирилди», деган табиий савол туғилади. Бунда улгуржи савдо билан шуғулланадиган корхоналарга бозорларда, маҳаллаларда текин жой ташкил қилиб бердик. Улар ўз маҳсулотларини тўғридан тўғри савдо жойига олиб келиб сотишмоқда. Масалан, Қибрайдаги тадбиркорлар «Аския» бозори ёнида ўз маҳсулотларини арзонлаштирилган нархда сотишмоқда. Бу ерда тухум 900 сўм. Ичкарида эса 1100-1200 сўмдан сотиляпти. Чунки у ерда бирламчи, иккиламчи ва учламчи қўллар ишлайди. Ярмаркада кунгабоқар ёғи 12000 сўм.

Халққа қулайлик яратиш мақсадида ҳар куни Яккасарой туманидаги 21та маҳалладан 4тасига график асосида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бориб сотилмоқда. Бу ярмаркаларнинг муддати чегараланмаган, давом этади.

Ижтимоий тармоқларда гўёки ҳукумат нархларни белгилаётгани, савдогарларга «шу нархдан арзон сотмайсан» дейилаётгани ҳақидаги гап- сўзлар тарқалди. Булар ёлғон. Мана, тухум 900 сўм, гўшт 55000 сўм. Бу нархларни тадбиркорларнинг ўзлари белгилашган.

Бизнинг уларга ёрдамимиз шуки, маҳсулотларини тўғридан тўғри олиб келиб бозорда сотишига шароит яратиб бердик. 

Мисол қилиб айтсам, мана гўшт. Тошкент шаҳар ҳокимлиги шартнома асосида Қорақалпоғистондан чорва молларини пойтахтга олиб келиб, шу ердаги кушхоналарда сўйиб сотилишини таъминланмоқда. Шунинг ҳисобига гўшт нархи арзонлаштирилди.

Бугунги кунда қорақалпоғистонлик тадбиркорлар белгилаган нарх 55 минг сўм. Лекин бозорнинг ичида гўшт 60 минг сўмдан 70 минг сўмгача сотиляпти.  

Бизнинг арзонлаштирилган ярмаркада гўшт 55 минг сўмдан сотилиши бошланди. Ўйлайманки, бозор ичидагилар ҳам очиқ, шаффоф рақобат кучайганидан кейин нархларни туширишади», деди туман ҳокими.

Мавзуга оид