Иқтисодиёт | 19:10
1795
3 дақиқада ўқилади

Метандан гўштгача. Нархи кескин ошган маҳсулот ва хизматлар

Марказий банк маълумотларига кўра, йиллик нисбатда суякли мол гўшти 22,4 фоиз, суяксиз мол гўшти 24 фоиз, қўй гўшти 27,4 фоизга қимматлашди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида никоҳ узуги (+32,1 фоиз) ва метан (+30,3 фоиз) нархларида кескин ошиш кузатилган. Хизматлар секторида эса шахсий транспорт воситаларини суғурталаш (+281,8 фоиз) ҳамда тармоқ газ (+39,2 фоиз) нархларида катта ўсиш қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк 2026 йилнинг феврал ойи ҳолатига инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган, 2023 йилда 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йилда эса 7,3 фоизга тушганди. 2026 йилнинг феврал ойи ҳолатига ҳам бу кўрсаткич 7,3 фоизни ташкил этган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Йиллик ҳисобда қовоқ (-57,1 фоиз), бақлажон (-31 фоиз), тарвуз (-26,3 фоиз), саримсоқ (-22,9 фоиз) ва шафтоли (-22,8 фоиз) нархлари сезиларли даражада пасайди.

Ҳисобот даврида қуйидаги маҳсулотлар нархлари кескин қимматлаган:

  • Лимон (+90 фоиз);
  • Қўй гўшти (+27,4 фоиз);
  • Суяксиз мол гўшти (+24 фоиз);
  • Суякли мол гўшти (+22,4 фоиз);
  • Қийма (+17,5 фоиз).

Истеъмол нархлари индекси саватидаги умумий 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 150 тасининг (90 фоиз) йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Аввалроқ президент бошчилигидаги йиғилишда январ ойида инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса 13 фоизи гўшт ҳисобидан бўлганига урғу берилиб, гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш кераклиги таъкидлаб ўтилганди.

Ноозиқ-овқат товарлар

Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан йирик ошхона приборлари (-1,7 фоиз), кичик маиший приборлар (-1,5 фоиз) арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 32,1 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан (+30,3 фоиз), газета (+17,5 фоиз), журнал (+15,3 фоиз), пропан (+9,7 фоиз) нархларида кескин ошиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 252 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 233 таси (92 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан кам бўлган.

Хизматлар

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 5,6 фоизга, ички авиарейслар 3,5 фоизга, нодавлат ОТМда ўқиш 0,5 фоизга арзонлаган.

Нархи энг кўп қимматлаган хизмат шахсий транспорт воситаларини суғурталаш бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 281,8 фоизга ошган. Шунингдек, троллейбусда йўл ҳақи (+100 фоиз), тармоқ газ (+39,2 фоиз), ҳайдовчилик курслари (+38,5 фоиз) ва совуқ сув (+35,1 фоиз) нархларида ҳам кескин қимматлашиш кузатилган.

Истеъмол нархлари индексидаги 98 турдаги хизматларнинг 69 таси (70 фоиз) бўйича йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Охирги йилларда инфляция динамикасининг ўзгариши

2016 йилда йиллик инфляция 9,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич кескин ошиб, 18,8 фоизга етган ва охирги 10 йилликдаги энг юқори даражаси сифатида қайд этилган. Кейинги йилларда нисбий пасайиш кузатилган: 2018 йилда 14,3 фоиз, 2019 йилда 15,2 фоиз. 2020 йилдан бошлаб инфляция босқичма-босқич секинлашиб, 2021 йилда 10 фоиз даражасида шаклланган. 2022 йилда ташқи иқтисодий омиллар таъсирида инфляция яна бироз ошиб, 12,3 фоизга етган бўлса-да, 2023 йилда 8,8 фоизгача пасайган. 2024 йилда 9,8 фоизлик инфляция қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 7,3 фоизгача пасайди.

Манба: Прогрессив ислоҳатлар маркази

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид