Жамият | 18:39 / 27.05.2023
50145
10 дақиқада ўқилади

Электросамокатлар: тирбандликдан қутқарувчими ё пиёдаларга янги хавф?

Катта шаҳарларга электросамокатлар қанчалик керак? Нега айрим давлатда бу транспорт воситаси ижарасига чекловлар қўйиляпти? Тошкентда электросамокатларнинг оммалашиб бораётган ҳозирги пайт – шу каби саволларни муҳокама қилишнинг айни мавриди.

Cўнгги икки йилда Италияда 17 киши, 2021 йилда Буюк Британияда 10 киши вафот этган, 331 нафар одам оғир жароҳат олган. 2022 йилда эса Францияда 27 киши, хусусан, Парижда 3 киши ҳаётдан кўз юмган, 459 киши жароҳатланган. Худди шу йилнинг ўзида Германияда жами 442 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.

Бу статистик рақамлар – электросамокатлар иштирокидаги ЙТҲлар ҳақида.

Сўнгги вақтларда Тошкентда ҳам электросамокатларни ижарага олиш, яъни кикшеринг хизматидан фойдаланиш оммалашяпти. Пойтахтда бу хизмат 2022 йилнинг апрел ойидан йўлга қўйилган, қисқа вақт ичида унинг фойдаланувчилари сони анча кўпайди. Буни кўчаларда шу транспорт воситасини ҳайдаб кетаётган одамлар ёки ташлаб кетилган электросамокатлар сони ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.

Хўш, бошкентимиз аҳолиси учун электросамокат айнан қандай вазифани бажармоқда: манзилга етиб олиш учун қулай қурилмами ёки шунчаки кўнгилочар дам олиш воситаси? Унинг афзалликлари ва камчиликлари нимада? Одамларнинг мобиллашувида электросамокатларнинг ўрни қандай?

Электросамокатлар ҳақида қисқача

Электросамокатлар ташқи кўриниши ва конфигурациясидан анъанавий самокатга ўхшайди, ягона фарқли жиҳати – унинг электр мотор орқали ҳаракатланиши.

Маълумотларга кўра, электрда ишлайдиган енгил транспортлар, хусусан, электросамокатларни яратиш 1910 йилдан бошланган. 1915 йилда 1,5 от кучига эга биринчи электр самокатдан фойдаланишган. Аммо бу шаклдаги қурилмаларнинг оммалашиши яқиндан, бир неча йил олдин бошланди холос.

Хўш, унинг афзалликлари ва камчиликлари нимада?

Биринчидан, электросамокатлар электрда ҳаракатлангани учун ҳам экологик фойдали қурилмадир. Бу каби транспорт воситалари атмосферага заҳарли газ чиқармайди, табиатни, тоза ҳавони асрашда самарали ҳисобланади.

Иккинчидан, ихчамгина қурилмалар қисқа вақт ичида бирор манзилга тирбандлик ҳосил қилмасдан етиб бориш имконини беради.

Тошкентнинг айни вақтдаги ҳолатини ҳисобга олсак, электросамокатлар инсон кайфиятига ижобий таъсир кўрсатишини ҳам қўшимча қилиш мумкин. Яъни автомобиллар сони кўп ва доимий тирбандлик юзага келадиган йўллардан тезроқ ўтиб, манзилга етиб олиш турли асаббузарликлар, стрессларнинг олдини олади.

Учинчидан эса самокатлар такси хизматларига қараганда анча арзонлиги ҳам алоҳида қайд этилмоқда. Лекин бу жиҳатга сал кейинроқ ва батафсилроқ тўхталамиз.

Ана энди самокатларнинг ноқулайликлари, камчиликларига тўхталсак. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, ҳозирда бу транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракатланиши пиёдалар, велосипедчилар ва автомашиналар учун қатор муаммоларни юзага келтиряпти.

Уларнинг айтишича, самокатларнинг автомобиль йўлидаги бетартиб ҳаракати ҳайдовчиларда стрессни келтириб чиқаради. Пиёдалар йўлагида кимўзарга ўйнаш қариялар, болалар ва ногиронлар учун хавф туғдиради, электр самокатларнинг йўлларда бетартиб қолдириб кетилиши пиёда ва автомобиллар ҳаракатига салбий таъсир кўрсатади, вояга етмаганлар ва маст ҳолдаги кишиларнинг бу қурилмаларни ижарага олиши эса ЙТҲ юзага келишига сабаб бўлади.

Одамлар бу воситадан нима мақсадда, қандай фойдаланмоқда?

Электросамокатлар ҳақида одамларнинг фикрини билиш учун кичик сўровнома ўтказдик. Унда ҳам пиёдалар, ҳам ҳайдовчилар қатнашди. Сўровнома давомида бир нарса аниқ бўлдики, аҳоли электросамокатлардан манзилдан манзилга етиб олиш учун эмас, балки кўпроқ кўнгилочар мақсадларда фойдаланади.

“Курсдошларимиз билан дарсдан чиқиб электросамокат учиш учун келдик. Ярим, 1 соат кўнгил очиб, айланиб кетмоқчимиз. Электросамокатдан манзилга етиб олиш учун фойдаланмайман, чунки ўзимнинг шахсий автомобилим бор”, – дейди бир фуқаро.

Савол-жавобда қатнашган яна бир инсон эса электросамокатларнинг автомобил йўлларида юриши ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдираётганини, бунинг оқибатида ЙТҲлар ҳам содир бўлаётганини айтди.

“Кўз ўнгимда катта йўл чорраҳасидан келаётган электросамокатни “Дамас” русумли автомобил уриб юборди. Иложи борича электросамокат ҳайдаётганлар машиналар йўлига чиқиб кетмаслиги керак.

Бундан ташқари, электросамокатлар тротуардан юрганида пиёдаларни уриб юбориши ҳам мумкин. 20 км/соат тезликда инсонга бемалол жароҳат етказиш мумкин, ўзим шифокор бўлганим учун буни яхши биламан”, – дейди у.

Автомобил бошқарувчиси ҳам юқоридаги гапларни тасдиқлаб, электросамокатлр учун алоҳида йўлаклар қилинишини таклиф қилди.

“Гоҳида электросамокатлар автомобил йўлларига чиқиб туришади ёки пиёдалар ўтиш йўлагидан учиб ўтишади. Шунда кўринмай қолишади. Мен доим учиб эмас, юриб ўтишларини айтаман, бўлмаса уриб юбориш хавфи бўлади.

Аслини олганда одамлар ўзига хавф соляпти, ўзини жароҳатлаяпти. Баъзилар уча олади, баъзилари уча олмайди. Бир-иккита вазиятларда ёш болаларнинг йиқилиб тушганини, оқибатда бурни жароҳатланганини, даҳани ёрилганини ҳам кўрдим. Электромсамокатлар учадиган алоҳида йўлаклари бўлиши керак, шундай йўлакча бўлса, ундан фойдаланишса яхши бўларди”, – дейди ҳайдовчи.

Шунингдек, яна бир қанча электросамокат фойдаланувчилари пойтахтнинг аксарият кўчаларида бу қурилма учун мослашмаганини, ҳаракатланиш жуда ноқулай эканини таъкидлашди. Шу сабаб енгил транспорт турини фақатгина қисқа масофаларда ишлатиш мумкинлиги айтилди.

Тошкент инфратузилмаси самокатлар учун мослашмаган

Юқори тезликда пиёдаларни уриб юбориш хавфи бўлгани учун электросамокатлар одамлар юрадиган йўлаклардан эмас, велосипедлар учун ажратилган йўлакдан ҳаракатлангани маъқул. Велойўлаклар эса камлиги, борлиги ҳам қай аҳволда экани кўпчиликка маълум.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Kun.uz'га берган маълумотларига кўра, пойтахтда 366 та марказий кўча бўлиб, унинг жами узунлиги 722,4 кмни ташкил этади. Ҳозирда мавжуд велойўлакларнинг узунлиги 460 км, яна 253 та кўчада шундай велойўлаклар ётқизилмагани айтилмоқда.

Демак, шунча кўчаларимизда мобиллашув учун шароит йўқ. Ҳокимиятга кўра, 2023 йил давомида яна 225 км узунликда велосипед учун йўлаклар қурилиши режа қилинган.

Албатта, юқоридаги рақамлар бутун пойтахт кўчалари велойўлаклар билан таъминланмаганини англатади. Бундан ташқари, мавжуд яп-янги велойўлакларни лойиҳалаштириш ва қуришдаги хатоликлар сабаб ундан одамлар фойдаланмаётгани ҳам бор гап.

Ҳолатни тасвирларда жонлироқ кўрсатиш учун ўзимиз ҳам электросамокатни ижарага олиб бир нечта кўчаларни айланиб кўрдик. Йўллардаги ўнқир-чўнқирликлар, велойўлаклар йўқлиги, борлари эса уваланиб кетгани, пиёдалар йўлаги эса кўп жойларда тугаб қолгани учун ҳаракатланиш жуда мушкул бўлди. Баъзи ҳолатларда хавфли бўлса ҳам автомобил йўлларида ҳаракатланишга тўғри келди.

Бу борада хориж тажрибаси қандай?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг ўрганишларига кўра, қатор хориж давлатларида электросамокатларнинг ҳаракатланишига тақиқлар қўйилган ёки қўйилмоқда. Бунга айнан самокатлар билан боғлиқ ЙТҲлар ва бунинг оқибатида қурбонлар сони кўпайгани сабаб бўляпти. Яъни инфратузилмасида минимал талабларга жавоб берадиган шароит бор мамлакатларда ҳам янги тажрибани қўллашга эрта экани, бунинг учун аввало тартиб ишлаб чиқиш кераклиги айтилмоқда.

Масалан, шу йилнинг апрель ойида Парижда ўтказилган референдумда иштирок этганларнинг 90 фоизи бу транспорт воситалари ижарасини тақиқлаш тарафдори эканини билдирган.

2022 йилда Ҳелсинкида дам олиш кунлари ярим тундан кейин электр самокатларни ижарага олиш тақиқланган. Шунингдек, Финландияда маст ҳолда электросамокат бошқарганларни жаримага тортиш, нотўғри “парковка” учун жаримага тортиш таклифлари ҳам билдирилди.

Японияда электроcамокатда давлат рақами ва ён ойналари бўлиши керак, шунингдек, уларнинг пиёдалар йўлагида ҳаракатланиши ҳам тақиқланган.

Буюк Британияда эса электросамокатдан фойдаланувчида “Q” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши даркор.

Дания, Испания ва Норвегияда махсус дубулға кийиш 2022 йилдан бошлаб минимал техник стандарт сифатида жорий қилинган.

Россияда 2023 йилдан электросамокатлардан фойдаланувчиларнинг юк ва бошқа йўловчиларни ташиши тақиқланган.

Ўзбекистон шароитида нима қилиш керак?

Асосий масала – шаҳарларда велойўлаклар қурилишини кўпайтириш, уларнинг сифати устидан назоратни таъминлаш. Бу – пиёдалар, ҳайдовчилар, велосипедчилар ва электросамокатчиларнинг хавфсизлиги учун энг бирламчи талаб.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтга кўра, қонунчиликни такомиллаштириш ва технологик чораларни жорий қилиш ҳам керак бўлади. Хусусан:

  • йўл ҳаракати қоидаларига “электросамокат” тушунчасини киритиш ва улардан фойдаланишнинг тартибини белгилаш;
  • пиёдалар серқатнов ҳудудларда тезликни автоматик пасайтириш технологиясини қўллаш;
  • қурилмадан бир вақтнинг ўзида икки кишининг фойдаланиши, шунингдек, маст ҳолатда бошқаришнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиш;
  • қурилмалардан фойдаланишда ёш чегарасини жорий этиш, бунда Face-ID технологиясини ҳам қўллаш мумкин;
  • электросамокатларни тунда ижарага олишни чеклаш;
  • электросамокатлар турадиган махсус жойларни ташкил этиш зарур.

Бу чора-тадбирлар электросамокатлардан фойдаланишда хавфсизликни ошириш, нохуш ҳодисалар содир бўлиши ҳамда аҳоли ўртасида бу экологик ва қулай транспорт турига нисбатан салбий фикр уйғонишининг олдини олишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ҳозирги кунда одамларнинг велосипед, электросамокат каби енгил қурилмалардан фойдаланиши, мобиллашуви жуда катта аҳамиятга эга, бу тобора эҳтиёжга айланиб бормоқда. Лекин бундан олдин уларнинг шаҳарда хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилиши бирламчи зарурат бўлиб қолаверади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчилар: Нуриддин Нурсаидов, Жавоҳир Ғайратов,
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид