Ўзбекистон | 17:27
1990
2 дақиқада ўқилади

Сергели автомобил бозорида ноқонуний олибсотарларга қарши рейд: 30 кишига чора кўрилди

Сергели автомобил бозорида тезкор тадбирлар ўтказилиб, воситачилик ва олибсотарлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келган 100 киши аниқланди ва улардан 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ёки жарима жазоси тайинланди. Халқ тилида “сайгаклар” деб аталувчи шахслар харидор ва сотувчи ўртасида бевосита мулоқотнинг камайишига ва сунъий нарх ошишига сабабчи бўлмоқда, дейилади пойтахт ИИББ хабарида.

Тошкент шаҳат Ички ишлар бош бошқармаси репортажидан лавҳа

Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Сергели автомобил бозори ҳудудида тезкор тадбирлар ўтказилди.

Тадбирлар давомида бозорда фаолият юритиб келган, халқ орасида “сайгаклар” деб аталувчи олибсотарларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган.

ИИББ хабарига кўра, бу тоифадаги шахслар фаолияти бозорда харидор ва сотувчи ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотнинг камайишига, автомобил ва эҳтиёт қисмлар нархларининг сунъий оширилишига ва айрим ҳолатларда харидор ёки сотувчилар учун ноқулай вазиятлар юзага келишига сабаб бўлган.

“Олиб чиқиб устига қўйиб сотади, қимматроқ айтади, алдаб юборишиям мумкин. Клиент қиммат олиб қўйганини эшитгандан кейин хафа бўлади. Ичкарига кирсам бўларкан дейди. Мижоз стоянкада қолиб кетади, бу ергача (бозоргача) етиб келса одам кўпроқ, савдо яхши бўлади. Биринчи қўлдан олади”, – дейди сотувчилардан бири.

Ўтказилган тадбирлар давомида бозор ҳудудида ноқонуний воситачилик ва ўртакашлик фаолияти билан шуғулланган 100 нафар шахс аниқланган. Уларнинг 50 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган, 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ва жарима жазоси тайинланган.

“Сергели машина бозорида ишлаганман, ноқонуний ишларни қилганмиз. Бу ишларнинг ноқонунийлигини тушуниб етдик ва келгусида ишлаётган болаларга маслаҳатимиз: бу ишни қилманглар, яхшиликка олиб келмайди”, деб таъкидлаган бозорда шундай фаолият олиб борганлардан бири.

ИИББ маълумотига кўра, 2025 йил ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур бозор ҳудудида ноқонуний ҳаракатлар билан боғлиқ қарийб 10 та жиноят иши аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўраётганини маълум қилди. Тошкент шаҳар ИИББ бу йўналишдаги назорат ва профилактик тадбирлар давом эттирилишини билдирган.

Ички ишлар органлари фуқароларга маҳсулот ва хизматларни фақат расмий ҳамда ишончли савдо нуқталари орқали харид қилишни тавсия қилди.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид