Иқтисодиёт | 18:28 / 28.05.2026
3657
3 дақиқада ўқилади

Тошкент-Самарқанд пулли йўлини Хитой компанияси қуради. Лойиҳа қиймати — 2 млрд 185 млн доллар

Тошкент-Самарқанд пулли йўлининг узунлиги 282 кмни ташкил этади.  Лойиҳа қиймати — 2 млрд 185 млн доллар. Ушбу маблағнинг 85 фоизи ёки 1 млрд 857 млрд доллари хорижий кредитлар ҳисобидан, қолган 15 фоизи ёки  328 млн доллари Ўзбекистон бюджетидан молиялаштирилиши режалаштирилган. Қурилишни Хитой компанияси амалга оширади. «Янги лойиҳа тирбандликларни камайтириб, одамларга Самарқандга ёки белгиланган манзилга 2−2,5 баравар тезроқ етиб боришга шароит яратади», — деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.

Фото: Ўзбекистон 24

Тошкент-Самарқанд пулли йўли лойиҳаси бўйича тендерда Хитой қурилиш компанияси ғолиб чиқди. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Тошкент-Самарқанд пулли йўлининг узунлиги 282 кмни ташкил этади.  Шундан 108 км Жиззах вилояти, 47 км Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтади.

«Янги лойиҳа тирбандликларни камайтириб, одамларга Самарқандга ёки белгиланган манзилга 2−2,5 баравар тезроқ етиб боришга шароит яратади», — деди Маҳкамов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, узоқ вақт давом этган тендердан кейин Хитой компанияси танлаб олинган. Ҳозирда шартнома тузиш ва қурилиш ишларини бошлаш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Алишер Мирсоатовнинг маълум қилишича, лойиҳа  қиймати тахминан 2 млрд 185 млн долларга баҳоланмоқда. Лойиҳани тўрт босқичда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, банкка зарур ҳолларда қурилишни молиялаштириш бўйича топшириқ берилган.

«Лойиҳани молиялаштиришга Хитойнинг бир нечта банки жалб этилади. Булар — Хитой давлат тараққиёт банки, Хитой Экспорт-импорт банки ва Хитой Коммуникациялар банки», — деди Мирсоатов.

Президент администрациясининг Транспорт ва логистикани ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари Отабек Унгбоевнинг аниқлик киритишича, Тошкент-Самарқанд пулли автомобил йўли лойиҳаси учун мўлжалланган  2 млрд 185 млн долларлик маблағнинг 85 фоизи – 1 млрд 857 млрд доллар хорижий кредитлар ҳисобидан, қолган 15 фоизи – 328 млн доллар Ўзбекистон бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.

Аввалроқ, Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли Сергели туманидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланади ва мавжуд трассага параллел тарзда ўтиши маълум қилинганди.

Автомагистралда 12 та кириб-чиқиш терминали бўлиши, ҳайдовчиларга йўлнинг турли нуқталарида магистралга кириш ва чиқиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Йўлнинг техник хусусиятлари қуйидагича: ҳаракат тасмалари 6 та, лойиҳавий тезлик 150 км/соат, кутилаётган автомобил жадаллиги суткасига 50 мингтагача, тасмалар кенглиги 3,75 метр, қурилиш муддати эса 5 йил. Пулли йўлдан фойдаланиш тарифи ҳозирча белгиланмаган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид