Ўзбекистон | 22:59 / 17.07.2023
19980
5 дақиқада ўқилади

Жиноятчилик даражаси ўсмоқда. Озодликдан маҳрум қилинганлар сони 4 йилда 3 баробарга ошди

Олий суд биринчи инстанция судлари томонидан жиноят ишларининг кўриб чиқилишига доир статистикани очиқлади. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда йилдан йилга судланганлар ва ўта оғир жиноят содир этганлар шахслар сони кескин ошиб бормоқда.

Фото: Getty Images

Олий суд очиқлаган статитик маълумотлар – 2019-2022 йиллар ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги кўрилган жиноят ишлари ва судланувчилар сони, жиноий ва маъмурий жазо турларига доир статистик маълумотларни қамраб олади. Kun.uz бу маълумотлар асосида энг муҳим кўрсаткичлар диаграммасини тақдим қилмоқда.

Республика бўйлаб биринчи инстанция судларида кўриб чиқилаётган ишлар ва судланувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда (1-жадвал). Масалан, 2019 йилда 28 минг 846 та суд мажлисларида 36 мингдан ортиқ судланувчи қатнашган. 2022 йилга келиб рақамлар мос равишда 2 баробардан ошган: 58 мингдан ортиқ суд мажслида 75 минг судланувчи.

1-жадвал. Диаграмма Олий суд маълумотлари асосида тайёрланди.

Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича суд мажлисларининг ортиши мазкур муддатда судланган шахслар сонининг ортишига ҳам олиб келмоқда (2-жадвал). 2019 йилда 27603 киши судланган бўлса, 2022 йилга келиб бир йилда 56 мингдан ортиқ шахслар судлангани маълум бўлди.

2-жадвал

2019-2022 йиллар давомида тарафларнинг ярашгани муносабати билан, Жиноят кодекси 66-1-моддасига кўра, иш юритувидан тугатилган жиноят ишлари сони ҳам, унда қатнашувчилар сони ҳам қарийб 2 баробарга ўсган.

3-жадвал

Олий судга кўра, 2019 йилдан буён ҳар йили 20 мингдан ортиқ шахс муддатидан олдин жазодан шартли озод қилинади, 10 минг атрофидаги судланувчиларнинг жазоси эса енгилроғига алмаштирилади.

4-жадвал

Олий маҳкама тақдим қилган рақамларга кўра, Ўзбекистонда оғир ва ўта оғир турдаги айрим жиноятларни содир қилаётган шахслар ҳам кўпайиб бормоқда (5-жадвал). Масалан, ушбу даврда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар бир йилда 376 тадан 422 тага, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятлар эса йилига 154 тадан 170га ошган.

5-жадвал

Статистикага кўра, жиноят ишлари доирасида судланган шахсларнинг 80-90 фоизини эркаклар ташкил қилаётган бўлса, жиноятчилик оламида аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳам улуши ўсиб бораётганини кўриш мумкин (6-жадвал). Хусусан, 2019-2022 йилларда судланган аёллар сони 2 баробар, вояга етмаганлар сони эса 3,5 баробарга ўсган.

6-жадвал

Биринчи инстанция судлари томонидан айбдор деб топилган шахсларга энг кўп қўлланилган жазо чоралари қаторида – озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш ва жарима жазосини кўриш мумкин (7-жадвал). Сўнгги тўрт йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони қарийб 3 баробар ошган: йилига 6955 кишидан 17610 кишига.

7-жадвал

2019 йил бошидан 2023 йил март ойига қадар жами 11 кишига Ўзбекистон Жиноят кодексидаги энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

8-жадвал

2008 йилдан Ўзбекистонда жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилингач, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган. Бугунги кунда Жиноят кодексида фақат 2 та модда: жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилдан кейин бир мунча пасайган. Лекин, 2021 йилдан яна «ўсиш» кузатилган.

9-жадвал

Қайд этиб ўтиш керакки, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар аслида бунда бир неча баробар ортиқроқ. Чунки, йўл ҳаракати қоидаларини ва айрим жамоат тартибига доир маъмурий ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан баённома тузиш йўли билан расмийлаштирилади. Аввалги таҳлилий материалимизда, 2023 йилнинг дастлабки 3 ойи ичида 1 миллион 422 мингдан ортиқ ўзбекистонлик маъмурий жавобгарликка тортилганига доир рақамларни келтирган эдик.

Олий суд маълумотларига кўра, сўнгги йиллар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ жазоси қўлланилаётган шахслар сони ҳам ортиб бормоқда. Масалан, 2019 йилда қарийб 28 минг киши қамалган бўлса, 2022 йилда бу рақамлар 80 мингга яқинлашган.

10-жадвал

Ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жаримага тортилганлар сони ҳам ошиб бормоқда: мазкур даврда ҳар йили 262 мингдан 316 минг нафаргача шахсга жарима жазоси қўлланилган.

Мавзуга оид