Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Адвокат фаолиятининг дахлсизлиги ва ҳимояси Конституция даражасида таъминланади” – эксперт
Янгиланаётган Конституцияда адвокатура институтига конституциявий мақом берилмоқда. Яъни биринчи бор мамлакат Конституциясига адвокатурага бағишланган алоҳида боб киритилмоқда, адвокатлар фаолияти мустақиллигининг конституциявий кафолатлари кучайтирилмоқда.
Фото: Kun.uz
Асосий қонун лойиҳаси матнида адвокатуранинг институционал аҳамияти ва ташкилий мустақиллиги қатъийлигидан ташқари фуқароларга малакали юридик ёрдам манбаи бўлган адвокатнинг ўзига қандай кафолатлар яратилаётгани муҳим.
Жумладан, Конституциянинг 116-1-моддаси билан қатор янги қоидалар назарда тутилмоқдаки, уларнинг ҳар бири адвокатнинг ҳуқуқий ва процессуал мақоми жиддий мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
“Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”. Мазкур қоиданинг аҳамияти нимада?
Шубҳасиз, бундай норма адвокатлар фаолияти умумий ҳолатига жиддий ижобий таъсир кўрсатади. Албатта, айтиш керакки, адвокатнинг гувоҳлик иммунитети ва унинг фаолиятига аралашиш тақиқи адвокатлик фаолиятига оид қонунлар ва процессуал қонунчиликда ҳам белгиланган. Лекин мазкур қоидаларнинг конституциявий даражада ўрнатилиши уларнинг реал ишлаш имконини оширади, чунки бу ерда гап конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши ҳақида бормоқда ва бу қатъий қоидалар жиноят иши юритувига масъул бўлган шахслар терговчи, прокурор ва суд зиммасига юклатилиб, улар адвокатнинг мазкур кафолатларини таъминлаб беришга мажбур эканликларини англатади! Нима учун айнан ана шу субъектларга ушбу мажбуриятнинг юклатилиши муҳим?
Чунки суд-тергов амалиёти шуни кўрсатадики, адвокатларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳимоя позициясини олиб боришида турли бевосита ва билвосита босим ҳолатлари айнан жиноят иши юритуви жараёнида кўпроқ кузатилади.
Конституциявий кафолат шароитида эса адвокат бундай хавфлардан ҳимояланади, ўз ваколатлари доирасида дадил ҳаракатланади, ҳар қандай тазйиқ ва босимлардан холи бўлади.
Мустақил бўлган, ўз ҳимоя йўналишини мустаҳкам ва барқарор олиб борадиган адвокат томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам даражаси ҳам, албатта, юқори бўлиши тайин.
“Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.”
Бу кафолат борасида гапирадиган бўлсак, айтиш муҳимки, бу кафолатга бўлган эҳтиёж жиноят процессида адвокат иштироки энг бошланғич нуқтасининг ўзида – шахс жиноят содир этишда гумонланиб ушланган заҳотиёқ юзага келади. Яъни шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланиши билан дарҳол унга адвокат таъминланиши шарт ҳисобланади. Шунингдек, шахс биринчи сўроқ ўтказилишидан аввал ҳимоячи билан холи учрашиши қонунан кафолатланган.
Лекин шу билан биргаликда таъкидлаш керакки, тергов амалиёти жиноят-процессуал қонунида белгиланган мазкур ҳуқуқларни таъминлашда қатор муаммолар борлигидан далолат бермоқда. Кўплаб адвокатларнинг асосий эътирозларидан бири бу – тергов органлари томонидан адвокат ва унинг ҳимояси остидаги шахсни айблов юзасидан бирламчи позицияни шакллантириб олишга тўсқинлик қилувчи турли вазиятларнинг яратилишидир. Масалан, тергов ҳибсхонаси ички тартиб қоидалари важи билан учрашувнинг холи бўлишига имкон бермаслик, турли баҳоналар билан учрашувлар вақтини ортга суриш ёки белгиланган учрашув жойини тез фурсатда ўзгартириш, адвокатлар хонаси етишмаслиги ва бошқа адвокатлар ҳам ўз ҳимояси остидагилар билан учрашиши кераклиги важини айтиб, учрашув вақтини чегаралашга уринишлар ва бошқалар.
Бундай тўсиқлар оқибатида адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан бирламчи ва энг муҳим бўлган мулоқотни қила олмай, мустаҳкам ҳимоя позициясини қўлдан бой беради, ҳибсда сақланаётган шахс эса жиноий таъқибнинг оғир руҳий босими остида иқрорлик кўрсатмаларини бериш эҳтимоли янада ортади.
Айнан ана шундай вазиятларга чек қўйиш мақсадида ҳам “адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади” деган қатъий конституциявий қоида ўрнатилиши ниҳоятда муҳимдир.
“Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади. Адвокатнинг касбий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилинади”. Мазкур кафолатнинг моҳияти нимадан иборат?
Бундай қоида орқали давлат адвокатлар хавфсизлигига таҳдид бўлган ҳолатларда уларнинг ҳимоясини таъминлашни ўз зиммасига олади, уларнинг ўз касбий вазифаларини бажаришлари учун зарур бўлган барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишларига шарт-шароит яратади.
Шу билан бирга, адвокат касбий ваколатлари доирасида далиллар тўплаши ва уларни тақдим этиши жараёнининг давлат томонидан ҳимоялангани адвокатнинг эркин ва мустақил фаолият юритишини таъминлайди. Бу борада адвокатнинг шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофазаланиши алоҳида эътироф этилгани нафақат ҳимояси остидаги шахсни, балки адвокатнинг ўзини ҳам турли босим ва таҳдидлардан, ноқонуний ҳаракатлар таъсиридан ҳимоя қилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустақил адвокатура самарали одил судловни таъминлашнинг ажралмас шартидир. Зеро суд процессида тарафларнинг чинакам тортишувига адвокат ва прокурор ўртасида процессуал имкониятлар тенглиги, соғлом баҳс ва кучли позициялар музокараси таъминланиши муҳитидагина эришилади.
Раҳмонова Сурайё Махмудовна,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори
Мавзуга оид
13:19 / 20.04.2026
Зўравон педагогларга чеклов: улар 1 йил таълим тизимига ишга киролмайдиган бўлади
20:04 / 16.04.2026
Зўравон тарбиячилар. Боғчалар қачон хавфсиз бўлади?
07:51 / 02.04.2026
Тошкент вилоятида адвокат 10 минг доллар билан ушланди
11:04 / 07.01.2026