Жамият | 15:46 / 02.08.2023
56732
2 дақиқада ўқилади

Тўрт йигит Каттақўрғон сув омборида чўкиб кетди

Улар қайиқда суратга тушмоқчи бўлганида қайиқ ағдарилиб кетган.

Фото: Kattakurgan.narod.ru

30 июл куни Каттақўрғон сув омборида 4 нафар йигит чўкиб кетгани аниқланди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Кўкдала туманларида яшовчи 7 йигит Самарқанд вилоятига — Нуробод тумани Пўлат маҳалласида яшовчи таниши М.М.нинг туғилган кунини нишонлаш мақсадида борган. Шу куни соат тахминан 17:30 атрофида маҳалладан ўтувчи Каттақўрғон сув омборига чўмилиш мақсадида боришган.

У ерда бўлган қайиқ билан сув омборининг қирғоғидан тахминан 40 метр узоқликка сузиб боришган. Суратга тушмоқчи бўлишганида тартибсиз ҳаракатлар қилишгани сабабли мувозанатни йўқотиб, қайиқ ағдарилиб кетган. Натижада уларнинг 4 нафари — 21, 25, 22 ва 21 ёшли йигитлар чўкиб кетган, 3 нафари қирғоққа сузиб чиқа олган.

Олиб борилган қутқарув ишлари давомида бир киши — 21 ёшли О.Э.нинг мурдаси топилган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Вафот этганлардан икки нафари Каттақўрғон туманидаги тиббиёт техникумида ўқиган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Мавзуга оид