Ўзбекистон | 09:45 / 21.04.2026
2393
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади

Самарқанд вилоятида машинасозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган президент қарори қабул қилиниб, Каттақўрғон туманида 100 гектар майдонда махсус саноат зонаси барпо этилиши белгиланди.

“Самарқанд вилоятида машинасозлик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–145-сон, 2026 йил 20 апрел)га мувофиқ, ҳудудда машинасозлик кластерини шакллантириш ва тармоқни изчил ривожлантириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.

Қарорга кўра, 2030 йилга қадар вилоят саноатида машинасозлик тармоғининг улушини 15 фоизга, саноатда қўшилган қиймат улушини эса 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, ташкил этиладиган машинасозлик саноат зонасида йилига 10 минг дона тижорат транспорт воситалари — юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, пикаплар ва махсус транспорт воситалари, шу жумладан электр транспортини ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилган.

Мазкур саноат зонаси Каттақўрғон тумани ҳудудининг 100 гектар ер майдонида жойлаштирилади.

Белгиланишича, зона иштирокчилари сифатида фақат N, M2, M3, O ва L тоифадаги транспорт воситалари ҳамда улар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этувчи корхоналар рўйхатдан ўтказилади.

Машинасозлик саноат зонаси фаолияти “Самарқанд вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси томонидан бошқарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид