Ўзбекистон | 12:57 / 09.02.2023
21675
2 дақиқада ўқилади

Фото: Шавкат Мирзиёев Туркия элчихонасига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев турк қардошларга яна бир бор ҳамдардлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 феврал куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига борди.

«Маълумки, 6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқий элларида юз берган кучли зилзилалар вайронкорлиги билан бутун дунёни ларзага солди. Ўзбек халқи ҳам офат оқибатларини қалбига яқин олиб, чуқур қайғу ва ҳамдардлик ҳиссини туйди.

Давлатимиз раҳбари ўша куниёқ қардош Туркия халқига ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ҳамдардлик билдирган эди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун мамлакатимиздан бир неча гуруҳ қутқарувчилар Туркияга юборилди. Шунингдек, гуманитар ёрдам юклари мунтазам жўнатиб турилибди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент бугун Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, қардошларга яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Парвардигордан марҳумларни ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик беришини сўради. Жароҳат олган инсонлар тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.

«Ўзбек ва турк халқлари яхши-ю ёмон кунларда ҳамиша бирга бўлган, бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бу дўстлик, қардошлик ва ўзаро елкадошлик ҳозиргидай оғир кунларда янада билинади», дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирди. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда зилзила оқибатида 12873 киши ҳалок бўлиб, 62 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани тасдиқланган. Қурбон ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.  

Мавзуга оид