Чўққидаги музликларнинг эриши тоғ этагида яшовчи инсонларга катта хавф солади
Глобал исиш жараёни туфайли олимларнинг нигоҳи биринчи галда Антарктида ва Атлантикадаги музликларга қаратилган. Чунки улар океан сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлиб, сайёра миқёсидаги фалокатларни келтириб чиқариши мумкин. Аммо музликлар фақат қутбларда эмас, сайёримизнинг бошқа қисмларида ҳам эриб битмоқда.
Бу жараён энг фаол тарзда тоғларнинг чўққисида рўй бермоқда. Чунки тоғда ҳаво ҳарорати Ер курраси бўйича ўртача кўрсаткичдан 50 фоизга тезроқ кўтарилади. Тоғларда иқлим шу қадар ўзгариб кетганки, Ҳимолий тоғига чиқаётган алпинистлар аллақачон қалин экспедиция костюмлари ўрнига енгил куртка билан кифояланишмоқда, дейилади hi-news.ru мақоласида.
Бундай вазият Ер куррасидаги қуруқликнинг чорак қисмини ташкил этувчи бошқа тоғларда ҳам кузатилмоқда. Албатта, бу музликларнинг эриши глобал фалокатларни келтириб чиқармайди, лекин уларнинг таъсири туфайли аллақачон йилига юзлаб одамлар нобуд бўлмоқда.
Агар сайёрамизда ўртача ҳарорат кўтарилиб борадиган бўлса, яқин йиллар ичида қурбонлар минглаб саналадиган бўлади.
Тоғ тизмаларида кўплаб музликлар эриб ўпирилмоқда
Шу йилнинг июл ойида Италия шимоли-шарқида жойлашган Мармолад тоғида ҳаво ҳарорати 27 даражагача кўтарилган. Кутилмаганда тоғ массивидаги улкан музликдан иккита футбол майдонига тенг қисми ўпирилиб тушган. Муз парчалари тоғ этагига қараб силжиб, 11 кишини босиб қолган. Ўша ойда Қирғизистондаги Патагонияда йирик музлик қулаган. Сўнгги йилларда бунақа вазиятлар тез-тез кузатилмоқда. Вазият шу зайлда кетаверса Африкада 20 йилдан сўнг бирорта музлик қолмайди.
Нега музликлар бўлиниб ўпирилмоқда, шунчаки эриб ёки Эверест тоғида бўлганидек, буғланиб келмаяпти? Гап шундаки, абадий музлик эриб борар экан, бир пайтлар совуқ ҳарорат ёрдамида қотиб қолган тош ва тупроқ шаклидаги грунт яхлитлигини йўқотади. Натижада у силжувчан массага айланади ва музликлар силжиши ҳамда тупроқ кўчишига сабаб бўлади.
Музликларнинг эриши фалокатга етаклаши мумкин
Ўтган ёзда Алп тоғлари музликлари катта йўқотишга дучор бўлди — уларнинг баландлиги бир неча метрга камайиб кетди. Бу ҳол олимларнинг энг ёмон кутилмаларидан ҳам ошиб тушди. Бироқ шу пайтгача музликлар устидан кузатувларнинг барчаси юзаки. Уларнинг ичида нималар содир бўлаётганидан олимлар бехабар. Ички жараёнлар тоғ этагидаги қишлоқларда яшаётганларга қор ёки тупроқ кўчишидан кам хавф туғдирмайди. Гап музликлар ичида тўпланадиган эриган сув ҳақида кетмоқда.
«Биз кўра олмайдиган жараёнлар ҳам бор, улар музликларнинг ичида рўй беради»,— дейди Даниэле Жордан, Италия миллий тадқиқот кенгашининг геологи.
Яширин эриган сув нечоғлик хавфли бўлиши Сен-Жерве аҳолисига жуда яхши таниш. 1892 йилда Тет-Рус музлиги ичидаги сув шу қадар босим ҳосил қилганки, музлик шардек ёрилиб кетган. Натижада муз ва қор парчалари билан бойиган 40 метрли тўлқин шаҳарча устига ёпирилган. 200 киши вафот этган, кўплаб бинолар вайрон бўлган.
Ўшандан буён ҳукумат ҳар йили музликларни бурғилаб, тешик ҳосил қилиб кетган. Бироқ ундан қайтиб сув чиқмаган. 2009 йилга келиб, бурғилаш бўйича дастурни ёпмоқчи бўлишган, аммо дастлаб тадқиқот ўтказишга қарор қилишган. Музликни ўргана туриб, йиллар давомида туйнуклар у қадар чуқур бурғиланмагани, бу вақт ичида музлик 80 минг куб метр сувни ўзида тўплаб турганини аниқлаб, даҳшатга тушишган. Бу миқдордаги сув 32 та олимпия бассейнини тўлдиришга етади.
Музлик яна ёрилиш асносига келиб қолган экан. Сен-Жерве аҳолисининг омади бор экан, тадқиқот ўз вақтида ўтказилган ва бир балони бошламасдан аввал сув чиқариб юборилган.
Фалокатлардан қочиш мумкинми?
Пайдо бўлган вазиятдан тоғолди қишлоқларида яшовчилар таҳдид остида қолишган. Экспертларнинг фикрича, Монблан тоғидаги беқарор Монте-де-ла-Сакс тоғ ёнбағри шу қадар кўп тош ва тупроқни кўчириши мумкинки, ҳосил бўлган тебранишни жаҳондаги жамики сейсмографлар қайд эта олади. Тоғ этагида жойлашган Планпинсие каби қишлоқлар супуриб ташланади.
Буларни ҳисобга олиб, олимлар таҳдид солаётган музликларнинг ҳаракатини ўлчаб, тун-у кун кузатишмоқда. Маълумотлар дронлар ва сунъий йўлдошлар орқали таҳлил қилинади, бундан ташқари хавфли музликлар устидан экспертлар мунтазам вертолётда парвоз қилиб текширишади. Агар мониторинг давомида тезлик катталашаётгани аниқланса, хавф даражаси ошади. Бир неча йил аввал, хавф қизил даражага етганида, Планпинсие аҳолиси икки суткага эвакуация қилинди. Бахтга кўра, ўпирилиш рўй бермади.
Эриётган музликлар кимларга хавф солмоқда?
Экспертларнинг фикрича, хавфни ҳар доим ҳам олдиндан айтиб бўлмайди, музликлар ичидаги эриган сув бунга яққол мисол. Баъзан кўчишлар кутилмаганда рўй беради. Бундай кўчкиларнинг биттаси ўнлаб, ҳаттоки юзлаб қурбонларга сабаб бўлиши мумкин.
Табиийки, музликларнинг емирилиши нафақат тоғ этагида яшовчи аҳолига, туристлар ва алпинистларга ҳам хавф солади. Тоғ курортлари тобора хавфли бўлиб бормоқда. Яқин-яқингача хавфсиз бўлган маршрутлар энг тажрибали алпинистларни ҳаётидан жудо қилмоқда.
«Тоғлар тобора хавфли бўлиб бораётгани аниқ», — дейди Монблан тоғлари этагида ўсиб улғайган гид Пиетро Пикко.
Экспертларнинг қайд этишларича, аждодлардан авлодларга алпинистларни ҳимоя қилиб келган ёзилмаган қонунлар энди амал қилмай қўйган. Масалан, Австриядаги у қадар катта бўлмаган Залцбург провинциясида шу йил 24 та ўлим ҳолати қайд этилди ва бу минтақадаги мутлақ рекорд.
Бундан ташқари, музликлар сув манбаи бўлиб хизмат қиладиган ҳудудлар ҳам борлигини унутмаслик керак — улар дарёлар ва жилғаларни тўйинтиради. Шу сабабли тоғлардаги музликларнинг эриши гуманитар фалокатга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
13:51 / 27.03.2022
Музликлар шиддат билан эрияпти: Дунёни кутаётган хавфлар
03:29 / 18.02.2021
Тожикистонда Помирдаги икки чўққи қайта номланди
22:01 / 05.06.2020
Табиат вақти: эриётган музликлар, кесилаётган ўрмонлар
23:40 / 06.09.2019