Шавкат Мирзиёев туркий дунё етакчиларига: «Тили, дини ва юраклари бир қардош халқларимиз овози янада баландроқ янграмоқда»
Ўзбекистон президенти Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида Туркия Республикасининг 100 йиллиги, Қозоғистоннинг Республика куни миллий байрами ва Озарбойжон Қорабоғ устидан суверенитетини тиклагани ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.
Президент ўз сўзини қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги даъвати билан бошлади: «Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!»
«Ушбу ибратли сўзлар бугунги шиддатли замонда – Туркий давлатлар ташкилоти ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган бир даврда албатта чуқур маънога эга. Тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган қардош халқларимиз овози эндиликда дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, дўст Қозоғистон элини яқинда кенг нишонланган мамлакат миллий байрами – Республика куни муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Шунингдек, Туркия президенти, қардошим Ражаб Тоййиб Эрдўған жаноби олийларини ва бутун турк халқини Республика эълон қилинган куннинг қутлуғ 100 йиллик тантаналари билан самимий табриклайман», – деди Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Қорабоғ устидан суверенитетини тиклаганига тўхталиб ўтди.
«Барчангиз яхши биласиз, туркий дунёда дўст Озарбойжон халқи ўзининг муносиб ўрни ва катта обрў-эътиборига эга. Сўнгги йилларда Озарбойжон халқи қадрли биродарим Илҳом Ҳайдарович етакчилигида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
Тарихий адолат қарор топиб, мамлакатнинг ажралмас қисми бўлган Қорабоғ ҳудудини бунёдкорлик маконига айлантириш борасида улкан натижаларга эришилмоқда.
Мен август ойида Шуша ва Фузулий шаҳарларида бўлиб, кенг кўламли ўзгаришларга, замонавий инфратузилма барпо этилаётгани, вайрон бўлган маданий мерос объектлари қайта тикланаётганига шахсан гувоҳ бўлдим.
Озарбойжон халқини буюк ғалаба – мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тиклангани билан яна бир бор чин юракдан самимий табриклайман», – деди президент.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда. 160 миллион аҳолини қамраб олган ташкилот ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир.
«Бизнинг мамлакатимиз ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман.
Ўтган йили «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» шиори остида бўлган Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжатлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон раислиги даврида юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди, муҳим ташаббуслар илгари сурилди. «Туркий нигоҳ – 2040» концептуал дастури асосида амалий ҳамкорликнинг янги ва янада самарали механизмлари яратилди. Жумладан, Туркий давлатлар Касаба уюшмалари ташкилоти, Фазо тадқиқотлари академияси, Жўғрофий кенгаш, Қурғоқчиликни бартараф этиш институти, Нотариал идоралар уюшмаси каби янги тузилмалар иш бошлади. Қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг турли ихтисослашган институтлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилди.
Глобал иқтисодий инқироз кучайиб бораётганига қарамасдан, олиб бораётган тизимли ишларимиз натижасида ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда.
Ўзбекистоннинг раислиги даврида бизга фаол кўмак кўрсатган барча давлатларга ва Ташкилот Котибиятига яна бир бор миннатдорлик билдираман», – деди Ўзбекистон президенти.
Мавзуга оид
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024