Жаҳон | 19:50 / 24.08.2025
17835
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Зеленскийнинг мақоми, ҳудудлар масаласи ва Россиянинг мақсади. Лавров NBC телеканалига интервю берди

“Биз Володимир Зеленскийни легитим шахс сифатида тан олмаймиз”, деди Россия ташқи ишлар вазири.

Фото: AP

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров NBC телеканалига интервю берди. У суҳбат давомида Володимир Зеленскийнинг мақоми, ҳудудлар масаласи, хавфсизлик кафолатлари ва Россиянинг мақсадлари ҳақида фикр билдирди. Қуйида интервю чоғида айтилган асосий фикрлардан иқтибослар келтирилмоқда.

“Айни пайтда Зеленский Украина можаросини ҳал қилиш бўйича юридик ҳужжатларни имзолайдиган легитим шахс эмас. Биз уни де-факто режим раҳбари деб тан оламиз. У билан шу мақомида учрашишга тайёрмиз. Иш юридик ҳужжатларни имзолашга етиб борганида имзо қўядиган шахс легитим бўлиши кераклигини ҳамма тушуниши керак. Украина конституциясига кўра, ҳозирда Володимир Зеленский легитим эмас".

"Бизнинг мақсадларимиз бор ва уларга эришамиз. Булар Россия хавфсизлигига Украина ҳудудидан келиб чиқадиган ҳар қандай хавфни йўқ қилиш,ўзини рус маданияти ва тарихига тегишли деб биладиган этник руслар ва рус тилида сўзлашувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш".

“Украина нейтрал, блоклардан ташқари мақомини сақлаб қолиши ва ядросиз давлат бўлиб қолиши шарт”.

“Россиянинг ҳудудларга қизиқиши йўқ, Москвани Донбасс ва Новороссияда яшаётган одамларнинг тақдири қизиқтиради”.

“Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича Россия манфаатлари ҳисобга олинадиган якдил келишув бўлиши керак. Москва бунда 2022 йилдаги Истанбул музокараларида эришилган келишувларга асосланиш керак деб ҳисоблайди. Россия коллектив хавфсизлик масаласи унинг иштирокисиз ҳал этилишига рози бўлмайди”.

“Москва ҳеч қачон 2014 йилда содир бўлган давлат тўнтаришидан кейин Украина хавфсизлигини таъминлашни зиммасига олмаган”.

“Будапешт меморандуми бўйича юридик кафолатлар Украинага ҳеч қачон ядро қуроли билан ҳужум қилмасликдан иборат”.

2022 йил январда Зеленский Украинанинг ядро қуролидан воз кечишини хато деб атаган ва улар яна ядро қуролига эга бўлиш ҳақида ўйлаб кўришлари мумкинлигини айтган.

“Европа мамлакатларининг Аляскадаги учрашувга нисбатан муносабати, кейин эса уларнинг Вашингтонга сафари ва кейинги ҳаракатлари улар тинчликка интилмаётганидан дарак беради”.

Мавзуга оид