Жамият | 00:45 / 29.03.2019
14449
8 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси: «Оталарнинг сўзи қадрсизлангани учун оилаларда можаро кўпаймоқда»

28 март куни Олий суд ташаббуси билан илк марта журналистлар билан видеоконференция кўринишидаги мулоқот ўтказилди. «Судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли» мавзусида ўтказилган видеоконференцияда Олий суд раиси ва барча вилоят судьялари иштирок этишди.

Видеоконференцияни кузатган Kun.uz мухбирига кўра, барча суд ҳайъатлари вакиллари 4 соатга яқин давом этган онлайн мулоқот давомида ўтган йилларда олиб борилган ишлар ҳақида маълумот беришди. Айниқса, Олий суд раиси Козим Комилов кўплаб мавзулардаги фикрлари кўпчилик учун қизиқ бўлди. Мулоқот давомида ўтган йил республика ҳудудида жиноятчиликнинг кескин камайгани айтилди. Масалан, жиноят ишлари бўйича судларга 2018 йилда олдинги йилдагига қараганда 33,9 фоиз камроқ арзнома тушган. Олий судга тушган аризалар миқдори 13 фоизга камайган.

2017 йилда жиноят ишлари бўйича судларда 43 минг фуқарога ҳукм чиқарилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 28 мингтагача камайгани таъкидланган ҳолда жиноятчиликнинг сони камайгани унга қарши курашни енгиллаштиришга асос бўлмаслиги айтилди. Олий суд раиси Козим Комилов сайёр судларга эътибор кучайганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, судларда камида 30 фоиз ишлар айнан сайёр судларда кўрилиши керак. Бу кўрсаткич судларда 40–60 фоизгача етаётгани айтилди.

Фуқаролик судларида эса аксар ишлар оилавий можаролар экани афсус билан таъкидланди: «Фуқаролик судида 3–4 йил ишлаган судья яхши кадр бўлиб етишади. Бу ерда жуда оғир масалалар кўрилади. Оилавий низоларни ўрганиш одам учун қийин. Тасаввур қилинг, энг яқин инсонлар бир-биридан норози ва сиз уларнинг муаммосини ҳал қилишингиз керак», — деди Комилов.

Олий суд раиси шунингдек ажралиш тўғрисидаги ишларни имкон қадар судгача олиб чиқмасликка ҳаракат қилиш кераклигини айтди: «Бизда расмий бўлмаса ҳам яраштириш институти шаклланган, десам бўлади. Оилаларнинг ажрашишини судда кўриш оғир масала. Ахир кўз олдингизда оилалар ажралиб кетиши, болаларнинг аросатда қолиши жуда ёмон-ку?! Биз ажралиш тўғрисидаги ишларни имкони қадар судгача ҳал қилишимиз керак. Шу ўринда маҳаллалардан бироз хафаман. Улар оилаларни яраштириш борасида иш олиб бориши керак. Масалан, биз бу ҳақда фильм ишладик ва уни кўриб кўз ўнгимизда ярашиб кетганлар бўлишди.

Оила масаласига енгил қараш керак эмас. Биз 2018 йилда 26 минг оилани яраштиришга эришдик. Бу натижани кўпайтиришимиз керак. Яқинда водийда бўлдик ва кўрдикки, у ерда шунчаки шаърий никоҳда бўлганлар кўп. Хотин қайнонага ёқмайди-да кейин... Нима, у буюмми тез-тез алмаштирадиган? Менга қолса, эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси бўлиши шарт.

Фуқаролик судларида алимент ва мерос масалалари бўйича ҳам аризалар жуда кўп. Кечирасиз, лекин оилалардаги можаронинг судгача чиқиши жуда хунук нарса. Оилада оталар сўзининг қадри камайгани турли муаммоларга келтирмоқда. Бир оила вакиллари мерос талашишини қандай изоҳлаш мумкин? Оила бошлари вақтида барча нарсани тақсимлаб беришлари керак кейинчалик муаммо туғилмаслиги учун».

Мулоқотда бошқа судларга нисбатан маъмурий судларда мурожаатлар кўпайгани айтилди. Бунга сабаб сифатида маъмурий ҳуқуқбузарликнинг авж олгани билан биргаликда ҳуқуқий саводхонликнинг ҳаминқадар экани ва тадбиркорлар сони кескин кўпайгани келтирилди: «Маъмурий судлар 2018 йил давомида 685 та (!) ҳоким қарори бекор қилган. Бу — катта рақам. Демак, биз нафақат фуқароларнинг, балки раҳбарлик лавозимида ишлаётганларнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлигини оширишимиз, уларни ўқтишимиз керак экан».

Иқтисодий судларга ҳам 2018 йилда олдинги йилдагига қараганда кўпроқ мурожаат тушгани айтилди (16 фоиз). Арзномаларнинг аксари қарзларни ундириш бўйича бўлган ва судлар мурожаатчилар фойдасига 12,6 триллион сўм маблағни ундириб берган. Иқтисодий судларда банкротлик бўйича 8192 та ишлар ҳам кўриб чиқилган: «Иқтисодий судлар иқтисодиётнинг барометри ҳисобланади. Бу судларда тадбиркорлар доим ҳам ютиб чиқавермайди, чунки улар ўйлаб-ўйламай шартномалар имзолаб ташлашган.

Тадбиркорлик учун ҳам илм керак. Бу бир таваккал аслида. Ё устидан, ё остидан дейди-ку. Шартномаларни тушунмай имзолашади-да, кейин биз бориб фермерларнинг ишларини кўриб ўтирамиз... Шу ўринда банкротлик борасида ишлар кўпайганига нормал қараш керак демоқчиман. Масалан, Германияда йилига 1,3 миллион корхона банкрот бўлади», — дейди иқтисодий судлар фаолияти ҳақида гапирар экан Олий суд раиси.

Мулоқот давомида судларнинг электрон воситалардан фойдаланаётганига урғу берилиб, ОАВдан бу борада халққа тўлиқроқ маълумот бериш сўралди: «Судларда имкон борича қоғозбозлик тугатилаётгани муҳим жараён. Масалан олдин судга ариза топширишни ўзи қийин эди. Олий судгача ҳужжат етиб келиши учун эса эҳ-ҳе... Ҳозир эса ҳаммаси соддалаштирилиб, электрон тизим жорий этилди. Барча судлар уланган махсус онлайн маълумот баъзаси ташкил қилинган. У ерда барча судлар ўзларида кўрилган ва кўрилажак ишлар тўғрисида маълумот беришлари мумкин. Албатта, баъзанинг хавфсизлиги таъминланган.

Олдин Олий судга ҳисобот топширишнинг ўзи кўп вақтни оларди. Энди эса судлар баъзага маълумотларни жойлашади ва биз уларни хоҳлагани вақтда кўриб чиқишимиз мумкин бўлади. Шунингдек, фуқаролар учун ҳам электрон қулайликлар яратилган. Веб-сайтимизда энг асосий мурожаатлар тури танлаб олиниб, улар учун аризалар намунаси уч тилда (ўзбек, рус ва қорақалпоқ — таҳ.) кўрсатилган. Ҳамманинг ҳам адвокат ёллашга имкони йўқ-ку, тўғрими? Масалан, сиз алимент борасида судга ариза бермоқчисиз, шаҳар марказигача келишингиз қийин. Уйингиздан туриб ариза намунасини олиб, тўлдирасиз ва электрон тарзда судга юборасиз.

Электрон тизим харажатларни ҳам камайтиради. Бундан айниқса маъмурий судлар ютди. Масалан улар ижрони бирор ташкилотга юбориш учун хат тайёрлашар, уни юборишга харажат кетарди. Ҳозир эса ҳаммаси электрон тарзда МИБга юборилади. Шу ўринда биз Мажбурий ижро бюроси билан яхши ишлаётганимизни таъкидламоқчиман», — деди Комилов.

Судларда ошкораликни таъминлаш мақсадида суд ишлари онлайн трансляция қилиниши муҳимлигига ҳам урғу берилди. Олий суд раиси бу борада Хитойдаги бир воқеани эслашга ҳам ургурди: «Хитойга борганимизда бизни катта ваҳима билан онлайн кўрсатилган судга олиб боришди. Кейин бориб кўрсак, икки қўшни ўртасидаги можаро экан. Тепа қаватдаги қўшнининг уйидан пастдаги қўшнисининг уйига сув томаркан, шу ишни онлайн кўрсатишди.

Ўшанда ҳали сизларга онлайн суд қанақа бўлишини кўрсатамиз, деб қўйгандик. Ҳозир бу нарса бизга ҳам етиб келди. 2018 йил 25 сентябрда илк марта суд жараёни веб-сайтимизда онлайн трансляция қилинди. 130 та судларимизга махсус мосламалар ўрнатиб, онлайн судларни ташкил қилмоқчимиз. Суд жараёнида аудио ва видеоёзув учун ҳам имкониятларни кўриб чиқяпмиз. Бундай жараён учун қурилмалар бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, 15 минг доллар туради», — деди Олий суд раиси Козим Комилов.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Тайёрлаган:  Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид